Бир куни онамни қаттиқ хафа қилиб қўйдим. Онам мени кўп урушиб ўтирмасдан “Ҳали отанг келсин, эшитадиганингни эшитасан” дедилар.
Болалигида онасидан дакки эшитганлар яхши билишадики, бундай гапни эшитгандан кейин кечгача кўнглингиз безовта бўлиб юради. Ҳатто хавотирнинг кучлилигидан дадангиз узоқ сафарга кетган бўлишини ёки айбингиз онангизнинг эсидан чиқиб кетганидан кейин келишини хоҳлаб қоласиз.
Лекин дадам ҳар кунгидан ҳам барвақтроқ ишдан қайтдилар. Худди мени жазолаш учун атайин эрта келгандек эдилар. Кечки овқатдан сўнг онам дадамга “жиноят”им ҳақида баёнот бердилар. Охирида “Яхшилаб таъзирини бермасангиз бўлмайди, шекилли” деб қўшиб қўйдилар. Энди менга “жазо ҳукми” ўқилиши керак эди. Дадам жиддий оҳангда мени чақирдилар. Қўрқа-писа олдиларига бордим. Нима жазо бераркинлар деб турсам, қўлимдан тортиб бағриларига босдилар ва юзимдан ўпиб қўйдилар. Онам ҳам, мен ҳам ҳайратдамиз. Кейин “Шу жазо сенга етадими ё яна жазолайми” деб иккинчи юзимдан ҳам ўпиб қўйдилар. Юзимдан ўпиш асносида “Онангни хафа қилмагин, қизим” деб қулоғимга пичирладилар. Онам менга берилган “жазо”нинг ўта енгилигидан норози эканларини айтдилар. Отам “Қизинг, ҳали кичкина, ақли кириб қолади” деб онамни юпатган бўлдилар.
Аммо менинг аллақачон ақлим кириб бўлган эди. Яхшигина таъзиримни есам керак деб кутиб турган пайтимда дадамнинг бундай муносабатда бўлишлари менга ўзгача таъсир қилди. Дадамнинг менга билдирган ишончларидан ўзимни катта қиз бўлиб қолганимни, энди бундан буён қулоқсизлик қилиш менга ярашмаслигини тушунгандим.
Ўша пайтлар 9-10 ёшлардаги қизалоқ эдим. Бугун ёшим 40 дан ўтган бўлишига қарамай отамнинг ўша куни берган тарбиялари кечадгидек эсимда. Аниқ эслайман ўша кундан кейин мен онамнинг бирор гапларини икки қилмадим. Итоатли қиз бўлишга ҳаракат қилидм. Онамни хафа қилишим эҳтимоли бор ўринларда қулоғимга дадамнинг “Онангни хафа қилмагин, қизим” деб пичирлаганлари эшитилгандек бўларди. Пичирлаб оҳиста айтилган гап ўзининг залвори ва жаранги билан қулоғимга чалингандек бўларди. Мана шу биргина жумла менинг отамни янада қаттиқроқ яхши кўришимга ва қулоқсиз, эркатой қиздан онамга итоат қиладиган қизга айланишимга сабаб бўлган эди.
Сирдошим отам
Отам кўпинча кечалари ухламай чиқардилар. Кундуз куни озгина мудраш билан кифояланадиган кам уйқу одам эдилар. тунларини намоз ва зикрлар қилиб бедор ўтказишга одатлангандилар. Менга ҳам отамдан бу хислат ўтган эди. Мен ҳам кечаси алламаҳалгача ухламас эдим. шу сабабдан ҳам кўпинча онам ухлаб қолсалар, дадамни ўзим кутиб олардим. Олдиларига ўзим таом тайёрлаб қўярдим. Овқатланиб бўлганларидан сўнг дадам мендан ўқишларим, ишларим ҳақида сўрардилар. Падарим билан узоқ-узоқ суҳбатлар қурарадик. У киши билан шунчалик яқин, очиқ ва самимий гаплашардикки, ҳатто онамга айтмаган баъзи гапларни дадамга айтардим.
Ота учун қиз фарзанднинг ўрни ўзгача бўлади деган гапда жон бор шекилли, дадам менга ака-укаларимдан кўпроқ ватқ ажратардилар. Дадам билан яқин дўстларга айланиб қолгандик. Бу дўстлик менга ҳаёт йўлларида қоқилмасдан юришимга, мушкул вазиятларда тўғри қарор қабул қилишимда асқотди.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
“Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси I Халқаро форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозодани қабул қилди.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари шайхулислом томонидан туҳфа этилган, Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарларининг умумий саъй-ҳаракатларига бағишланган “Қардошлик ва иттифоқчиликнинг олий нуқтаси” китоби учун миннатдорлик билдирди.
Мулоқот давомида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, ёшларнинг маънавий тарбиясини юксалтириш ва бошқа масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Президенти икки томонлама маданий-маърифий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим таклифларни илгари сурди.
Исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини ёшларга содда ва қизиқарли тарзда тушунтириш учун рақамли платформалар ва интерактив таълим воситаларидан фойдаланишда илмий салоҳиятни бирлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Учрашув якунида давлатимиз раҳбари Оллоҳшукур Пошшозодага мусулмон дунёси илм-фанига қўшаётган улкан ҳиссаси учун Ўзбекистоннинг “Эл-юрт ҳурмати” орденини топширди.