Диний соҳа ходимларининг интеллектуал ва жисмоний салоҳиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган тадбирлар қизғин баҳсларга бой бўлди.
Мусобақалар якунига кўра ғолиб ва совриндорлар аниқланди:
«Заковат» беллашувида:
1-ўрин — Урганч шаҳри жамоаси;
2-ўрин — Боғот, Тупроққалъа ва Гурлан туманлари жамоалари;
3-ўрин — Янгиариқ ва Шовот туманлари жамоалари.
Стол тенниси турнирида:
1-ўрин — Жумамуродов Жумамурод (Урганч шаҳри «Охун бобо» масжиди имом-ноиби);
2-ўрин — Отажонов Давронжон (Қўшкўпир тумани «Шайх Абдулла» масжиди имом-хатиби);
3-ўрин — Раҳматуллаев Зиёвуддин (Боғот тумани «Бежганик бобо» масжиди имом-ноиби).
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, эсдалик совғалари ҳамда қимматбаҳо туҳфалар билан муносиб рағбатлантирилди.
Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилаётган диний соҳа ходимларининг эзгу саъй-ҳаракатларига муваффақиятлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Британиянинг “Em Insight” журналида Ўзбекистонда бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Нашрда ёзилишича, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафоруми хорижлик ОАВда катта қизиқиш уйғотган.
Рақамли платформалар, сунъий интеллект ва ахборот хуружлари авж олган ҳозирги замонда оммавий ахборот воситаларининг мамлакатлар, маданиятлар ва цивилизациялар ҳақидаги тасаввурларни шакллантиришдаги ўрни тобора ортиб бормоқда.
Мақолада таъкидланишича, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Беруний, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Мирзо Улуғбек каби жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар юрти бўлмиш Ўзбекистон бу каби глобал муҳокамалар учун энг мақбул майдондир.
Қатарнинг “The Peninsula” газетаси масъул муҳаррири Муҳаммад Осмон форумнинг рақамли ахборот асридаги аҳамиятига тўхталиб, Имом Бухорийнинг ҳадисларни тўплаш ва уларнинг ҳаққонийлигини текширишдаги қатъий ёндашувини тилга олди.
У ушбу методологияни манбаларни чуқур ўрганиш ва верификация қилишнинг ўчмас намунаси деб атади ва бу тамойиллар фейк хабарлар ҳамда сунъий интеллект маҳсулотлари кўпайган ҳозирги даврда жуда аҳамиятли эканини билдирди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги муҳаррири Ўткир Алимов форумнинг Мустақилликнинг 35 йиллиги остонасида ўтказилаётганига эътибор қаратган. У 50 мамлакатдан 300 га яқин ОАВ вакилларининг Тошкентда жамлангани Ўзбекистоннинг цивилизациялар чорраҳаси сифатидаги ўрни ортиб бораётганидан далолат беришини таъкидлади.
Мақолада Тошкентдаги халқаро медиафорум журналистика масъулияти, тарихий тадқиқотлар чуқурлиги ва замонавий технологиялар имкониятларини бирлаштирган ҳолда Ислом цивилизациясини янги, замонавий қиёфада дунёга танитишга хизмат қилиши баён этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати