Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари уюшмаси (Union of News Agencies – UNA OIC) сайтида "Тошкент ва Қоҳира Шавкат Мирзиёевнинг Мисрга ташрифи чоғида ҳар томонлама ҳамкорликни муҳокама қилмоқда" мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда "Дунё"ахборот агентлиги.
Нашрнинг хабар беришича, Президент Шавкат Мирзиёев Президент Абдул Фаттоҳ Ас-Сисининг таклифига биноан 20 феврал куни расмий ташриф билан Мисрга келган.
"Ўзбекистон Президентининг Қоҳира халқаро аэропортида бўлиб ўтган учрашуви учун икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди, дейилади мақолада. Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси Ўзбекистон раҳбарини кутиб олди ва самимий қутлади. Давлат раҳбарларининг қисқа учрашуви бўлиб ўтди. Ўзбекистон Президенти 20 февраль куни ўзбек аждоди, буюк олим Aҳмад Фарғоний томонидан бунёд этилган Қоҳира ниломери – “Миқёс ан-Нил” кўргазмасида бўлиб, Миср цивилизацияси Миллий музейи експозицияси билан танишди."
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Мисрдаги етакчи компаниялар раҳбарлари билан учрашди. Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг улкан салоҳияти, Ўзбекистон билан Миср ўртасида ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, ўзаро инвестициялар ва товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун улкан имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
"Ўзбекистон раҳбари ҳамкорликнинг замонавий мустаҳкам кўприкларини барпо этишда икки мамлакат ишбилармон доиралари муҳим роль ўйнаётганини, жумладан, ўтмишда гуллаб-яшнаган Буюк Ипак йўлини тиклаш йўли мисолида таъкидлади, дейилади мақолада. Сўнгги йилларда ҳамкорликнинг ривожланиш динамикаси мамнуният билан қайд этилди. Хусусан, товар айирбошлаш кўрсаткичлари ўсиб бормоқда. Қўшма лойиҳалар ва корхоналар сони 6 баробар ошди."
Union of News Agencies (UNA OIC) - Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ахборот агентликлари Иттифоқининг штаб-квартираси Жидда шаҳрида жойлашган. ИҲТ мамлакатларининг 57 та етакчи ахборот агентликлари ИҲТ ахборот агентликлари Иттифоқига аъзо. UNA OIC ҳар куни ИҲТга аъзо мамлакатларнинг сиёсат, иқтисодиёт, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда араб, инглиз ва француз тилларида юзлаб мақолалари ва ҳисоботларини тақдим этади. UNA OIC хабарлари, шунингдек, ИҲТга аъзо 57 мамлакат ахборот агентликлари томонидан қайта нашр этилади ва чоп этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Британиянинг “Em Insight” журналида Ўзбекистонда бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Нашрда ёзилишича, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафоруми хорижлик ОАВда катта қизиқиш уйғотган.
Рақамли платформалар, сунъий интеллект ва ахборот хуружлари авж олган ҳозирги замонда оммавий ахборот воситаларининг мамлакатлар, маданиятлар ва цивилизациялар ҳақидаги тасаввурларни шакллантиришдаги ўрни тобора ортиб бормоқда.
Мақолада таъкидланишича, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Беруний, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Мирзо Улуғбек каби жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар юрти бўлмиш Ўзбекистон бу каби глобал муҳокамалар учун энг мақбул майдондир.
Қатарнинг “The Peninsula” газетаси масъул муҳаррири Муҳаммад Осмон форумнинг рақамли ахборот асридаги аҳамиятига тўхталиб, Имом Бухорийнинг ҳадисларни тўплаш ва уларнинг ҳаққонийлигини текширишдаги қатъий ёндашувини тилга олди.
У ушбу методологияни манбаларни чуқур ўрганиш ва верификация қилишнинг ўчмас намунаси деб атади ва бу тамойиллар фейк хабарлар ҳамда сунъий интеллект маҳсулотлари кўпайган ҳозирги даврда жуда аҳамиятли эканини билдирди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги муҳаррири Ўткир Алимов форумнинг Мустақилликнинг 35 йиллиги остонасида ўтказилаётганига эътибор қаратган. У 50 мамлакатдан 300 га яқин ОАВ вакилларининг Тошкентда жамлангани Ўзбекистоннинг цивилизациялар чорраҳаси сифатидаги ўрни ортиб бораётганидан далолат беришини таъкидлади.
Мақолада Тошкентдаги халқаро медиафорум журналистика масъулияти, тарихий тадқиқотлар чуқурлиги ва замонавий технологиялар имкониятларини бирлаштирган ҳолда Ислом цивилизациясини янги, замонавий қиёфада дунёга танитишга хизмат қилиши баён этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати