Шу йилнинг 3 август куни Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастури ва Ислом тараққиёт банки ҳамкорлигида “Ўзбекистонда вақф тизимини ривожлантириш: имкониятлар ва қийинчиликлар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистонда вақф тизимини жорий этиш концепциясининг натижалари ва тавсиялари тақдим этилиб, атрофлича муҳокама қилинди.
Давра суҳбатида қатор давлат, нодавлат ва диний-маърифий ташкилотлар вакиллари, жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “ВАҚФ” хайрия жамоат фонди, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва молия, Адлия ҳамда Маданият вазирликлари, Марказий банк, Солиқ қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси масъуллари, шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Тошкент ислом институти устозлари ҳамда ислом молияси йўналишида фаолият юритаётган консалтинг компаниялари вакиллари иштирок этди.
Ислом ижтимоий молиясининг муҳим воситаси бўлган вақф тарихан ижтимоий фаровонлик ва жамият ривожини таъминлашнинг муҳим институционал механизми бўлиб хизмат қилган. Замонавий шароитда у барқарор ривожланишга улкан ҳисса қўшувчи тизим сифатида эътироф этилмоқда. Жаҳон банки, Халқаро ислом молия таълими маркази (INCEIF) ва Халқаро ислом молияси шариат тадқиқот академияси (ISRA)нинг ҳамкорликдаги ҳисоботига кўра, бугунги кунда глобал вақф активларининг қиймати 100 миллиарддан 1 триллион АҚШ долларигача баҳоланмоқда.
Тадбир давомида соҳа мутахассислари томонидан қатор долзарб мавзуларда маърузалар қилинди. Хусусан, ислом молияси бўйича халқаро эксперт, доктор Аълам Асадов “Вақфнинг асосий тамойиллари, барқарор ривожланиш ва халқаро илғор тажриба” мавзусида ҳамда БМТТД эксперти, доктор Ихтиёржон Тўрабоев “Ўзбекистондаги ҳозирги вақф тизимининг ҳолати: асосий камчиликлар ва таркибий муаммолар” мавзусида тақдимот қилишди. Тақдимотлар якунида “Ал-Муомалат” компанияси раҳбари Искандар Турсунов, “Мезон кенгаши” директори Музаффар Хусниддинов ҳамда “Islamic Business and Finance” (IsBF) таъсисчиси Жаҳонгир Имамназаровлар тизимни ривожлантириш бўйича ўзларининг амалий таклиф ва мулоҳазаларини ўртоқлашди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур тадбир манфаатдор томонлар учун Ўзбекистонда тизимли вақф механизмини жорий этишнинг тегишли ҳуқуқий, меъёрий ва институционал базасини ишлаб чиқиш бўйича муҳим муҳокама майдони бўлиб хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.
Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.
27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати