Янги ўқув йили ва мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Қашқадарё вилоятида яна бир хайрли ташаббус амалга оширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ва саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида Қарши шаҳридаги 100 нафар эҳтиёжманд оила фарзандига янги ўқув қуроллари тўпламлари беғараз топширилди.
Қўлида янги портфель ва китоб-дафтар тутган жажжи ўқувчиларнинг юзидаги самимий табассум ва қувонч бу эзгу ишнинг нақадар қадрли эканини кўрсатди. Зеро, илм истаган қалбга қанот бўлиш — энг улуғ савоблардандир.
Тадбир якунида хайрияда ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳақига дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида диний-маърифий соҳада самарали фаолият юритаётган, жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ва ёшларни ёт ғоялардан асраш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари тақдирланди.
Тадбирда Қумқўрғон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари З.Эшқобилов иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ байрам билан самимий муборакбод этди ҳамда уларнинг эл-юрт осойишталиги ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишдаги хизматларини юқори баҳолади.
Маросимда фидойи соҳа ходимларига туман ҳокимлигининг ташаккурномалари ва байрам эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати