Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Октябр, 2026   |   25 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:06
Қуёш
06:25
Пешин
12:11
Аср
16:12
Шом
18:01
Хуфтон
19:15
Bismillah
06 Октябр, 2026, 25 Рабиъус сони, 1448

МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ ВА УНИ НИҚОБ ҚИЛГАН МАНФУР СИЁСАТ: ШАҲИДЛИК МАСАЛАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

04.09.2026   89528   8 min.
МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ ВА УНИ НИҚОБ ҚИЛГАН МАНФУР СИЁСАТ: ШАҲИДЛИК МАСАЛАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.

“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.

Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.

Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!

Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.

Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.

Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.

Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:

1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.

2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.

Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.

Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.

Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).

Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).

Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:

⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.

⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.

⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.

⏺ Ғарқ бўлганлар.

⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).

⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.

⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.

⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.

⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.

⏺ Жума кечаси вафот топганлар.

⏺ Сил касалидан ўлганлар.

⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.

⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.

⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.

⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.

⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.

⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.

⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.

⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.

⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.

⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.

⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.

⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.

⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.

⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.

⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.

⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.

⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.

⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.

⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.

Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.

Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси

“Ботил даъволарга асосли раддиялар” китоби асосида тайёрланди.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Замонавий ўқувчи-талабанинг 77 та замонавий одоби

05.10.2026   10758   17 min.
Замонавий ўқувчи-талабанинг 77 та замонавий одоби

Замонавий ўқувчи-талабанинг 77 та замонавий одобини

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

 

КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА

ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:

 

  1. «Аллоҳ Одам (алайҳис салом)га барча яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли номларни ўргатди» (Бақара сураси 2/31 оят);

 

  1. «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (Зумар сураси 39/9 оят).

 

 

ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ

МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:

 

  • «Ҳақ бўла туриб, жанжални тарк этган кишига — Жаннат  ёнидаги бир уйга кафилман!

Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига — Жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман!

Гўзал хулқли кишига — Жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман!» (Имом Абу Довуд ривоятлари);

 

  • «Мўминларнинг имони энг мукаммали — хулқи гўзал бўлганларидир» (Имом Термизий ривоятлари);

 

  • «ОТА-ОНАга дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади»;

 

  • «Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган» (Имом Табароний ривоятлари);

 

  • «Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат билинг:
  • кексалигингиздан олдин ёшлигингизни,
  • бетоблигингиздан олдин саломатлигингизни,
  • фақирлигингиздан олдин бойлигингизни,
  • бандлигингиздан олдин бўш вақтингизни,
  • ўлимингиздан олдин тириклигингизни!» (Имом Ҳоким ривоятлари);

 

  • «Тилидан ва қўлидан мусулмонларга зарари етмайдиган киши – ҳақиқий мусулмондир» (Имом Бухорий ривоятлари);

 

  • «Одамлардан бўлган яхшиликка миннатдорчилик изҳор қилаолмаган одам – Худога ҳам шукр қила олмайди»;

 

  • «Кимнинг қалбида заррача мисқолича кибр бўлса, у жаннатга кирмайди»;

 

  • «Қачон бирортангиз мол-дунё ва хилқатда ўзидан афзалроқ кишини кўрса, ўзидан пастроққа қарасин!» (Имом Бухорий ривоятлари);

 

  • «Уч тоифа кишининг қўлга киритган нарсасида барака бўлмайди ва қаерда бўлса ҳам хорланади:
  • Менинг номимни эшитганда салавоти шариф айтмаган;
  • Рамазон ойига ҳурмат кўрсатмаган;
  • ОТА-ОНАСИ тирик бўла туриб, УЛАРНИ хурсанд қилмаган».

 

 

УЛАМОИ КИРОМЛАР АЙТАДИЛАРки...:

 

  • Агар инсон билим йўлида кетаётган экан, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурлари томон бораётган экан, ушбу асосий қоидаларга риоя қилиши лозим.
  • Баъзида одоб, ҳурмат қоидаларига бўйсинмай, устозидан билим олаётганлар ҳам бор.
  • Тўғри, инсон ота-онасини, устозини олдида китоб ўқиши, бирор-бир ҳунар ўрганиши ёки фан билимларини олиши мумкин. Лекин ота-онасига, устозига ҳурмат бўлмаса, бу каби билимлар оддий маълумотга айланади. Бундай билимда барака бўлмайди!
  • Азозилни эслайлик. Ҳозир унинг исми Шайтон. Билимга эга, ҳаттоки бошқа фаришталарга ҳам сабоқ берган. Ҳўш, шундай билимлар тўғри йўлдан адашишидан Азозилни қутқариб қола олдими? Йўқ! Чунки Аллоҳни ҳурмат қилмади, эътироз билдирди. Беодоблик қилди! Яратганнинг буйруғига бўйсинмади. Бетгачопарлик қилиб, мағрурлигини намоён этгани учун лаънатланган ва ҳайдалган.
  • Ҳозирги кунда одамларни ножўя йўлларга етаклаётган, жамоатда қарама-қарши қарашлар пайдо қилаётган, ўзлари ҳам адашган "ақлли"лар қандай пайдо бўлганини англаб олишимиз мумкин. Булар ота-онасига, устозига ва бошқа олимларга нисбатан одобни қўлламаган, ҳурматни билмаган, ўз билимларини тўғри йўлга сола олмаганлардир.
  • 7 хил инсонлар ўртасида ҳеч қачон тенглик бўлмайди.

Бу тенгсизликни АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ (!) ўрнатган!

Ақлсиз одамгина буларни тенглаштиради:

  1. эркак – аёл;
  2. эр – хотин;
  3. ота-она – фарзанд;
  4. катта – кичик;
  5. илмли – илмсиз;
  6. устоз – шогирд;
  7. раҳбар – ходим.

АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ (!) ўрнатган тенгсизликни бузишга ҳаракат қилганни охир-оқибат АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ ҳолини вой қилади.

  • Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурматлари учун у зотнинг уйлари томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, у зотнинг уйлари билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Устоз Ҳаммоднинг вафотларидан сўнг қачон намоз ўқисам, ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, у зотга ҳам Аллоҳдан мағфират сўрайман. Нафақат у зот, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.
  • Дедилар: "Дунёда асли ким азиз?"

Айтдилар: "Устоздир! Устоз, бегумон!"

Тағин айтдиларки: "Азиз, шубҳасиз,

Устозлар қадрига етолган инсон!"

  • Жоҳиллар даврасида ҳам, олимлар даврасида ҳам уларни тинглашни ўрганинг! Жоҳилни тинглаганда – сабрингиз, олимни тинглаганда – илмингиз ортади.
  • Илм эгаллаш асносидаги энг кераксиз нарса – димоғдорлик, энг зарур нарса – вақтдир.
  • Инсониятнинг энг биринчи Устози – бу АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ бўлса (Қуръони карим Бақара сураси 2/31 оят),

мусулмонларнинг инсонлар ичида энг буюк устози – Жаноби ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМДИРЛАР!

Ҳар бир инсон зоти учун эса энг Биринчи устози – унингОТА-ОНАСИДИР! Зеро уни тарбиялашни ҳали бу дунёга келмасидан олдинроқ бошлайди. Туғилиши биланоқ, то ота-онанинг ўзи бу дунёдан ўтмагунча, ўз фарзандига меҳрибонлик қилиб ўтади...

  • Шараф сизга, олқиш сизга, азиз устозлар!

Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур,

Агар устоз рози – Тангри розидур! (Алишер Навоий).

  • Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган Қуръони каримдаги энг биринчи хабар: «Ўқинг!» даъвати билан бошланиши бежиз эмас!

 

 

 

                                               ДОНО ХАЛҚИМИЗ МАҚОЛЛАРИ:

 

  • «Ота-она рози – Худо рози!»;

 

  • «Уста борида қўлингни тий,

Устоз борида – тилингни»;

 

  • «Уста бўлсанг, устозингни унутма!»;

 

  • «Сабр таги – сариқ олтин»;

 

  • «Яхши билан юрсанг – етарсан муродга,

Ёмон билан юрсанг – қоларсан уятга»;

 

  • «Гул тикансиз бўлмас,

Дур – садафсиз»;

 

  • «Устозингга тик қарасанг – тўзасан,

Ҳурмат қилсанг – аста-аста ўзасан».

 

 

Қуръони карим ояти карималари ва муборак ҳадиси шарифларга асосан

уламоларимиз белгилаб берган

“УСТОЗГА нисбатан муомалаю маданият”даги

 

илм ўрганувчининг 77 та одоби:

 

  1. ҳар бир ишида ОТА-ОНАНИНГ дуоларини олишлик;
  2. ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР юзларига тик қарамаслик;
  3. ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНАНИ, УСТОЗЛАРНИ ранжитмаслик;
  4. ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНАНИ, УСТОЗЛАРНИ сўзларини икки қилмаслик;
  5. ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА гап қайтармаслик;
  6. ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР айтганларини ерда қолдирмаслик;
  7. ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА ҳурмат ва итоатда бўлиш шарт;
  8. ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА барча ишларда бўйсуниши лозим;
  9. ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА нисбатан тавозеъли бўлмоқ даркор;
  10. ОТА-ОНАНИ, УСТОЗЛАРНИ УЛАР йўқ пайтларда ҳам ҳурматлаши лозим;
  11. ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА биринчи бўлиб салом беришлик;
  12. ОТА-ОНА, УСТОЗ ўрниларидан турдими, сиз ҳам туринг!;
  13. ОТА-ОНА, УСТОЗ олдингизда экан, ҳеч ҳам баланд оҳангда гапирманг!;
  14. ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан гаплашганда ўрнидан туриб гаплашишлик, ҳатто телефон орқали бўлганда ҳам;
  15. ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР олдиларида мавзуга оид бўлмаган ортиқча гап-сўзлар гапирмаслик;
  16. ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА савол беришдан олдин рухсат сўрашлик;
  17. иложи бўлса таълим бераётган инсонга исм-шарифи билан эмас, балки "МУАЛЛИМ!" ёки "УСТОЗ!" деб мурожаат қилиш;
  18. УСТОЗ сўрамаган нарсалардан тилни тийишлик;
  19. ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗНИНГ гапларига ёки жавобларига эътироз билдирмаслик;
  20. ОТА-ОНА, УСТОЗ хатосини айтиб, билимдон эканлигини кўрсатмаслик;
  21. ОТА-ОНА, УСТОЗ олдиларида ён шериги билан суҳбатлашиш жуда хунук ишдир;
  22. ОТА-ОНАНИ, УСТОЗИНИ ҳурмат қилган инсон ҳар тарафга қараб ўтиришдан ўзини тияди ва диққатини ОТА-ОНАГА, УСТОЗГА қаратади;
  23. ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефонда сўзлашганда УЛАРНИНГ ҳурматларини билиб, беизн УЛАРНИНГ вақтларини ортиқча кўп олмаслик;
  24. ОТА-ОНА, УСТОЗ бизга телефон қилсалар, тезкор ёнимиздагиларни огоҳлантириб, узр сўраб, дарҳол ОТА-ОНАГА, УСТОЗГА жавоб берилади;
  25. ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан суҳбатлашганда «Ало?», «Hello?», «Ҳа?», «Алё?», «Да?» сўзларни ўрнига «Ассалому алайкум!», «Лаббай?», «ДАДАЖОН?!», «ОНАЖОН?!», «УСТОЗ?!», «УСТОЗЖОН?!», «Эшитаман?», «Хизматингиздаман!..», «Қулоғим сизда...», «Хизматингизга тайёрман!..», «Доим хизматингиздаман!..», «Хизматингизга доим тайёрман!..», «Амрингизга мунтазирман!..» каби ибораларни ишлатиш;
  26. ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали суҳбат тугаганда, телефонни дарҳол ўчирмасдан, балки УЛАР билан хайрлашиб, ОТА-ОНАГА, УСТОЗГА яхши тилаклар тилаб, ОТА-ОНА, УСТОЗ телефонларини ўчирганларидан сўнггина телефонни ўчириш мумкин; УЛАРДАН олдин телефонни ўчирмаслик;
  27. ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА телефонда гудок ташланмайди;
  28. агар УЛАР шундай қилган бўлишса, дарҳол УЛАРГА қайта телефон қилинади;
  29. ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали гаплашганда УЛАРНИНГ рухсатларисиз бошқаларга эшитиладиган даражада телефонни овозини баланд қилмаслик;
  30. ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефонда гаплашиб турган пайтда мабодо алоқа узилиб қолса, УЛАРГА биринчи бўлиб ўзимиз қайтадан телефон қилишимиз лозим;
  31. телефонда гаплашиб турган пайтда мабодо ОТА-ОНА, УСТОЗ телефон қилиб қолсалар, сўзлашиб турган одамни огоҳлантириб, дарҳол ОТА-ОНАГА, УСТОЗГА жавоб берилади;
  32. ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ шахсий маълумотлари ва ОТА-ОНАДАН, УСТОЗЛАРДАН телефон орқали келган барча маълумот-хабар (расм, видео, телефон рақам, овозли гап-сўзлари, смс ва ҳоказо)ларини ЎЗЛАРИНИНГ рухсатларисиз бошқаларга кўрсатилмайди, берилмайди ва юборилмайди;
  33. ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ ЎЗЛАРИГА ҳам УЛАРНИНГ рухсатларисиз турли хил маълумот-хабар (расм, видео, телефон рақам, овозли гап-сўзлар, смс ва ҳоказо)лар юборилмайди; ўзимиз юбормоқчи бўлган шахсий табрикномалар – мустасно;
  34. ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА айниқса тарбиявий аҳамиятга эга, илм-фанларга доир, таълимга тааллуқли бўлган ҳар қандай нарсалар юборилмайди ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ рухсатларисиз;
  35. ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали мулоқотни телефонда ёзиб олиш учун ЎЗЛАРИНИНГ розиликлари олинади; агар рухсат бермасалар, ёзиб олмаслик; чунки ЎЗЛАРИНИНГ рухсатларисиз ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ гапларини ёзиб олиб, бошқаларга тарқатиш — жуда катта хиёнат ва улкан гуноҳ ҳисобланади;
  36. ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан бирга сурат ё видеога тушмоқчи бўлганда, олдин ЎЗЛАРИДАН изн сўраб, рухсатлари олинади; агар рухсат бермасалар, сурат ё видеога тушмаслик;
  37. ОТА-ОНАНИ, УСТОЗЛАРНИ сурат ё видеога олмоқчи бўлганда ҳам, олдин ЎЗЛАРИДАН изн сўраб, рухсатлари олинади; агар рухсат бермасалар, сурат ё видеога олмаслик;
  38. телефон орқали кўришиб гаплашиш учун ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ розиликларини олишда УЛАРГА гаплашмоқчи бўлган одамнинг ҳузурида кимлар мавжуд эканлигини ҳам огоҳлантириб қўйиш;
  39. агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР томонларидан телефон орқали кўришиб гаплашишга истак билдирилмаса, бундан асло хафа бўлмаслик;
  40. агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали кўриб гаплашиш зарурияти бўлсагина, шунда ҳам фақат УЛАРНИНГ ижозатлари билангина кўришиб гаплашиш учун телефон қилиш мумкин;
  41. агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР томонларидан телефон орқали кўришиб гаплашишга хоҳиш билдирилмаса, ОТА-ОНАДАН, УСТОЗЛАРДАН узр сўралади;
  42. ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефонсиз сўзлашганда, телефонни овозини ўчириб қўйилади;
  43. ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан сўзлашиб турганда, бирор киши телефон қилиб қолса, аввало ОТА-ОНАДАН, УСТОЗЛАРДАН рухсат сўраш; агар УЛАР рухсат берсаларгина телефонга жавоб қайтарилади;
  44. ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА бегона рақамдан телефон қилганда, вақтни олмасдан дарров очиқ-ойдин ва аниқ ўзини таништириш лозим;
  45. бошқа одам ОТА-ОНАМИЗНИ, УСТОЗЛАРНИ рақамларини сўраса, ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ рухсатларисиз берилмайди;
  46. ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА телефон қилганда, иккинчи линиядан тушиб қолган одам битта чақириқдан кейин алоқани дарҳол узиш лозим. УЛАРГА ким қидираётганини англаш учун шу кифоя. Узлуксиз чақириқлар билан суҳбатларини бузмаслик;
  47. ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА қайта-қайта қўнғироқ қилавермаслик лозим. Чунки қўнғироқга жавоб бериш — у томоннинг ҳуқуқи, зинҳор мажбурияти эмас;
  48. ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР бирорта маълумот-хабар (сурат, ёзув, видео)ни кўрсатиш учун телефонларини берсалар, фақат ўша маълумот-хабар (сурат, ёзув, видео)ни кўриш билангина чекланиш лозим. Бошқа жойларига ўтиб кетишга ҳаққимиз йўқ!;
  49. агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР телефонларида нимадир кўраётган ёки излаётган бўлсалар, тикилиб турмаслик керак. ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ телефонларига рухсатсиз қараш мумкин эмас!;
  50. гаплашишга номуносиб пайтлар (масалан, азон айтилгандан кейин, кечанинг ярмида ёки кундузи дам олинадиган)да ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА қўнғироқ қилинмайди;
  51. ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР қўнғироқ қилган вақтда эса, қайси пайт ва қандай ҳолатда бўлишимиздан қатъий назар, УЛАРГА хушмуомалалик билан дарҳол ва тезкор жавоб бериш зарур;
  52. ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали суҳбатлашаётганда, демак, ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР маълум бир вақтларини махсус биз учун алоҳида ажратаётганликларини, биз УЛАРНИНГ вақтларини олаётганимизни, ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР ЎЗ ишларини қўйиб, хаёллари биз билан банд бўлиб турганларини ҳис этиб, беҳуда гаплар билан УЛАРНИНГ вақтларини беҳуда ўтказмаслик лозим;
  53. ОТА-ОНА, УСТОЗ билан агар бирор узун мавзу хусусида гаплашмоқчи бўлганда, аввал ЎЗЛАРИДАН рухсат сўралади. Агар рухсат берсалар, гаплашиш мумкин. Акс ҳолда, гапни қисқа қилиш зарур. Чунки УЛАР бемалол гаплашадиган ҳолатда бўлмасликлари ҳам мумкин;
  54. ҳар бир байрамларда, ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ хурсандчилик кунларида УЛАРНИНГ кўнгилларини кўтарадиган тилак, расм, видео, хабар, овозли гап-сўзлар, смс ва ҳоказоларни мунтазам юбориш лозим;
  55. ҳар куни эрталаб-кечқурун ўқишга кетишдан олдин ҳамда ўқишдан келгандан кейин, бирор сабаблар билан ОТА-ОНАДАН йироқда бўлиб турган инсон ҳам ОТА-ОНАСИГА телефон қилиб, “Хайрли кун!”, ”Хайрли тун!” тилаб, ҳақларига чиройли, яхши дуолар қилиб, УЛАРНИНГ ҳол-аҳволларини сўраб, “Менга нима хизматлар буюрасиз?” деб, айтган хизматларини адо этиб, УЛАРНИНГ бетакрор, бебаҳо ва беқиёс дуоларини олиш лозим;
  56. ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ олдиларида телефон ўйнамаслик. Чунки бундай қилиш – ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА нисбатан ҳурматсизлик, менсимаслик, беодоблик ҳисобланади. Агар жиддий зарурат туғилиб қолса, УЛАРГА узрини айтиб, рухсат сўралади. Агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР ижозат берсаларгина, телефон билан машғул бўлинади;
  57. УСТОЗЛАРГА юраётган ҳолатда савол бериш ҳурматсизлик ҳисобланади;  
  58. илм қалбга ўрнашади. Қалб тоза ва пок бўлса, унга илм мустаҳкам ўрнашади ва баракали бўлади;
  59. шу сабаб аввало – қалбини поклаш. У ҳар хил қалб касалликларидан соф ва пок бўлиши лозим. Қалбни кибр, риё, манманлик, менсимаслик, ғийбат, ёлғончилик, бировни кўраолмаслик ва бошқа зарарли иллатлардан халос этиш керак;
  60. тўғри ва чиройли ният қилиш. Киши олаётган илми орқали илмига холис амал қилишни, инсонларнинг қалбига маърифат зиёсини улашишни, халқнинг манфаати учун хизмат қилишни қасд қилиши лозим;
  61. ўзини бутунлай илмга бағишлаш. Толиби илм туну кун умрининг ҳар бир лаҳзасини илм олишга сарфлаши лозим. Зеро уламоларимиз: “Сен илмга борингни бермагунча, у сенга ҳеч нарса бермайди”, деганлар;
  62. бўш вақтларида Аллоҳнинг зикри билан, Пайғамбаримиз алайҳис саломга салавот айтиш билан, ўзининг қалбидаги орзу-тилакларини Худодан сўраб, дуо қилиш билан банд бўлиши даркор. Зеро илм – Аллоҳнинг нуридир! Аллоҳ таоло нурини Ўзи истаган бандасигагина беради;
  63. уйга берилган вазифани имкон қадар Қибла томон юзланиб бажаришлик;
  64. кўп ва тартибсиз овқат емаслик;
  65. бадантарбия билан шуғулланишлик;
  66. уйқуни меъёридан оширмаслик;
  67. доим баҳоли имкон батаҳорат бўлиб юришлик;
  68. киядиган либосларини покиза тутишлик;
  69. устоз танлашда шошмаслик. Бунда ҳам ОТА-ОНА билан маслаҳат қилиш. Улуғларимиз: “Илм – бу диндир, шунинг учун уни кимдан олаётганингизга эътибор беринглар!” – деганлар;
  70. илм ўрганишдаги шерикларини ҳам ҳурматларини жойига қўйиш. Улар илм йўлида орттирган дўстлари ҳисобланади;
  71. илм ўрганишда дўстларига ҳам кўмак бериш;
  72. ўз тажрибаси орқали ўрганганларини бошқа илм ўрганувчилар билан баҳам кўриши ва имкони борича ёрдам бериши ҳам гўзал одобдир;
  73. илм олишига сабаб бўлаётган китоб, дафтар, қалам ва бошқа ўқув қуролларини эҳтиёт қилиш, оёқ остига қўймаслик ва, албатта, ҳар жойда эътиборсиз қолдирмаслик лозим;
  74. чиройли ёзиш;
  75. олаётган билимларини ёзиб бориш керак. Чунки ёзиш оқибатида илм мерос сифатида кейингиларга қолади;
  76. илмни яширмаслик. Аллоҳ таоло қайси бир бандасига илмдан бирор насиба берган бўлса, ўша кишининг зиммасида олган илмини ўзгаларга етказиш вазифаси туради;
  77. ўрганган илмини яширмай, имкон қадар ўзгаларга етказишда, икки фойда бор:

- илмни етказгани учун савоб;

- илмни ўзгаларга ўргатган сари кўникма ва тажриба ҳосил бўлиши.

 

ИЛОҲО МЕҲРИБОН ПАРВАРДИГОРИМИЗ ЎЗИ буюрган,

Жаноб ПАЙҒАМБАРИМИЗ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ тавсия этган,

ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган,

халқимиз хурсанд бўладиган,

ОТА-ОНАЛАРИМИЗ рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

 

Иброҳимжон домла Иномов.

Мақолалар