Таъкидлаш жоизки, юртимиз делегация вакилларининг Миср Араб Республикасидаги сафари муваффақиятли кечмоқда. Сафар давомида турли илмий муассасалар фаолияти билан яқиндан танишилмоқда. Навбатдаги манзил – Мисрнинг “Ал-Азҳар” мажмуаси Ислом тадқиқотлари академияси бўлди.
Академияда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро бўлим бошлиғи Баҳодир Хўжаев ҳамда “Ал-Азҳар” мажмуаси Ислом тадқиқотлари академияси раҳбари, доктор Назир Айёд билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида ҳар икки юрт вакиллари томонидан Ўзбекистон ва Миср билан алоқалар тобора ривожланиб бораётгани, айниқса, илмий ва таълим йўналишлардаги ҳамкорликлар сўнгги йилларда кенг тараққий этаётгани таъкидланди.
Мулоқот давомида Давронбек Махсудов томонлар ўртасида ҳамкорлик масалаларини янада ривожлантириш масалалари бўйича таклифларини берди.
Академия раҳбари Назир Айёд эса қадим Мовароуннаҳр диёридан ислом илмлари, фалсафа, тиббиёт, мантиқ ва бошқа кўплаб илмлар бўйича етук олимлар етишиб чиққани, улар ўз наватида жаҳон тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшганини таъкидлади. Назир Айёд Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази қошидаги Халқаро илмий ҳайъат ва “Мотуридия” илмий журнали таҳрир ҳайъати аъзоси эканини фахр ва миннатдорлик билан айтиб ўтди. Келажакда ўзи бошчилик қилаётган Академияда ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг фаолият олиб боришлари мумкинилигини айтди.
Суҳбатдан сўнг, Ислом тадқиқотлари Академияси фаолияти билан атрофлича танишиб чиқилди. Академия “Ал-Азҳар” мажмуасидаги энг йирик марказлардан бири саналади. Унда бугунги кунда олти юз нафар ходим фаолият олиб боради. Академияда таржима, ахборот, экспертиза, матбаа ва нашриёт каби бўлим фаолият юритади.
Учрашув якунида Академия раҳбарияти ва жамоаси Ўзбекистондаги илмий марказлар ҳамда тадқиқотчилар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга катта қизиқиш билдирди.
Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тоифаларга раддиялар берадиган китобларга юртимизда эҳтиёж катта эди. Алҳамдулиллаҳ, ана шу эҳтиёж ажойиб асарлар билан тўлдириб бориляпти.
Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби чоп этилди.
Муаллиф ёзади: “Кейинги йилларда мавжуд мазҳабларни инкор этиб, уларни бидъатга чиқариб, мўмин-мусулмонлар фикрини чалғитишга уринаётган бузғунчи тоифаларнинг ғаразли ташвиқот-тарғиботларига алданиб қолиш ҳолатлари ёшларимиз ўртасида кузатилмоқда. Гўёки мазҳаблар Қуръон ва суннатга хилоф ва улардан йироқ деган даъво билан мазҳабга эргашишдан қайтаришга уринмоқдалар. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган”.
Устозлардан бири Қуръон ва суннатни юқори кучланишга эга электр энергиясига қиёслаган. Тасаввур қилинг, уйингизга розетка бўла туриб, чой қайнатиш учун тефални юқори кучланишга эга электр энергиясига уламайсиз-ку, шундайми? Мабодо, шундай қилинса, оқибат қандай бўлиши ҳаммага аён. Бугун “Қуръон ва суннат турганда нега мазҳабга эргашишимиз керак?” дейдиган тоифаларнинг қилаётган ишларини худди юқоридаги ҳолатга ўхшатиш мумкин.
Араб тилини чала-чулпа билиб олиб, Қуръон илмларидан бехабар, шариатни тушунмайдиган кимсалар бир ёки бир нечта рисолани ўқиб олиб, ўзларича Қуръондан ҳукм олишга ошиқишлари жуда катта хатодир.
Иш ўз устасига топширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳ. Ишматбеков ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, ҳатто саодат асрида ҳам Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг гапларига қулоқ солганларини келтирган.
Бадр куни жанг бошланишидан олдинроқ Набий алайҳиссалом ижтиҳод қилдилар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан бири Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми? Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла қўллаш учун танладингизми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла қўллаш учун бу ерни танладим”, дейдилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа жойни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга янада қулайроқ бўлишини маслаҳат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маслаҳатини олиб, у кўрсатган ерга кўчиб ўтишади, натижа ғалаба қозониш билан якунланади.
Хуллас, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин.
Т.НИЗОМ