18 февраль куни Мисрнинг Порт-Саид шаҳрида VI-Халқаро Қуръон ва Ибтиҳола мусобақасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Миср Вақфлар ва ислом ишлари вазири доктор Муҳаммад Мухтор Жума, Миср ёшлар ва спорт вазири Aшраф Субҳи, Миср президентининг диний ишлар бўйича маслаҳатчиси Шайх Усома ал-Aзҳарий, Порт Саид шаҳри ҳокими Aдел ал-Ғадбон ҳамда бир гуруҳ ал-Aзҳар уламолари ва маданият арбоблари қатнашди.
Танловнинг очилиш маросими Қуръон тиловати билан бошланиб, саловотлар ва нашидлар ҳам ижро этилди. Шунингдек, тадбирда бир қатор етук уламолар ва дин равнақи хизмат қилаётган соҳа вакиллари ва уларнинг оила аъзоларига ҳурмат бажо келтирилди.
Ушбу мусобақада иштирокчилар Қуръони каримнини тўлиқ ёддан ўқиш, чиройли овозда тиловат қилиш, нашидлар ҳамда дуою саловотлар айтиш бўйича рақобатлашмоқда.
Мусобақада Миср, БAA, Тунис, Жазоир, Судан, Фаластин, Иордания, Нигерия, Кения, Канада, Ливан, Марокаш, АҚШ, Яман, Эфиопия, Индонезия, Уганда, Покистон, Чад, Ҳиндистон ва шу каби 41 давлатдан 65 нафар қорилар иштирок этмоқда.
Мазкур мусобақа мисрлик таниқли ибтаҳал (нашид) устаси Шайх Насриддин Тубар шарафига ўтказилмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
Сулаймон ибн Аюб раҳимаҳуллоҳ бундай ҳикоя қилади: “Мен ўн йилдан кўпроқ вақт давомида илм ўрганиш ва Қуръонни ёд олишга ҳаракат қилсам-да, Фотиҳа сурасини тўғри ўқий олмасдим. Бу ҳолат менга оғир эди. Ҳатто устозим ҳам мендан умидини узган эди.
Ёлғиз қолганимда саждага бош қўйиб йиғлаб, дуоларимда Аллоҳ таолодан тилимни бурро, хотирамни ўткир қилишини ҳамда қалбимдаги ғашликни кетказишини сўраб илтижо қилардим.
Солиҳ инсонлардан бирига ҳолимни баён этдим. У мендан: Ота-онанг борми? - деб сўради.
Мен: Ҳа, онам бор, - деб жавоб бердим.
У: Онангга яхшилик қиласанми? – деб сўради.
Мен: Ҳа онамнинг хизматларини бекаму кўст бажараман, – дедим.
Шунда солиҳ киши менга: Онангни олдига бориб, ундан Қуръони каримни ёд олишинг ҳамда фақиҳ бўлишинг учун дуо қилишини сўра, – деди.
Мен уйга бориб, бу гапларни онамга айтдим. Волидам ярим тунда намоз ўқиди, ҳаққимга хайрли дуолар қилди. Сўнгра саҳарлик қилиб, Аллоҳ учун рўза тутди.
Тонг отиши билан онамнинг дуолари қабул бўлди. Худди булутлар тарқагач қуёш чарақлагани сингари ақлим ҳам ёришиб, қувваи ҳофизам кучайганини ҳис этдим.
Шу тариқа мен зеҳни ўткир ва илмли инсонга айландим. Онамнинг дуоси баракотидан Қуръон ва ҳадисни пухта ўзлаштириб, илму-ҳикмат денгизида суза бошладим. Ниҳоят, кучли имомга айландим”.
Ким бирор мақсадини амалга оширишда қийналса, аввало, Аллоҳ таолога таяниш баробарида ота-онасининг дуосини олсин!.
Шайх Маҳмуд МИСРИЙнинг
“Солиҳ ва солиҳалар ҳаётларидан қиссалар” китоби асосида
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.