Саудия Арабистонида биринчи марта ислом санъати асарлари Ислом санъати Биенналесида намойиш этилмоқда. Кўргазма Жидда шаҳридаги Қирол Абдул Азиз халқаро аэропортида Ҳажнинг Ғарбий терминалида жойлашган бўлиб, у бутун дунёдаги ислом меросини жаҳонга тақдим этди. Унда замонавий ва ўтмишдаги рассомларнинг асарлари, шу жумладан, 60 та ноёб санъат буюмлари ва 280 та тарихий асарлар намойиш этилмоқда.
Кўргазмада намойиш этилган санъат асарлари асосан кундалик буюмлар Ҳаж, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолу алайҳи вассаламнинг Маккадан Мадинага кўчишларига оид ашёлар, Макка ва Мадина шаҳарларига бағишланган асарлардир, деб хабар бермоқда islam.kz.
Кўргазмага ташриф буюрувчилар 12000 квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллаган бешта галерея бўйлаб ҳаяжонли саёҳатга эга бўлади.
Кўргазма куратори Саад Алрашиднинг сўзларига кўра, Саудия Арабистони Шарқ ва Ғарб ўртасидаги цивилизациялар кесишган жой бўлиб, бу ерда Ислом биенналесининг ўтказилиши дунёга барча мусулмонлар ва бошқа маданиятлар ўртасидаги боғлиқликни тақдим этади.
Биенналенида Саудия Арабистони ва кўплаб давлатлар қатори халқаро институтлар, шунингдек, Афинадаги Бенаки музейи, Оксфорд университетидаги Фан тарихи музейи, Париждаги Лувр ва Лондондаги Виктория ва Альберта музейи иштирок этмоқда.

Фото: Marco Cappelletti
Фото: Diriyah Foundation

Страница рукописного Корана (Фото: arabnews.com)

Дверь Каабы, 1947 год (Фото: Ali Khamaj)

Фото: decor.design

"Путь Солнца". От Раджаба до Шавваля, 1444 (Фото: arabnews.com)

Астролябии XVII века (Фото: Diriyah Biennale Foundation and the Islamic Art Biennale)
Кўргазма шу йилнинг апрель ойига қадар давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати