Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Август, 2025   |   16 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:27
Пешин
12:33
Аср
17:25
Шом
19:33
Хуфтон
20:56
Bismillah
10 Август, 2025, 16 Сафар, 1447

Қизингизнинг йигити борми?

09.01.2024   1224   6 min.
Қизингизнинг йигити борми?

Қиз бола ўғил болага нисбатан кўпроқ эътиборталаб бўлади. Аёл кишининг фитратидаги эркак кишининг меҳрига муҳтожлик болалик пайтларидаёқ кўзга ташланади. Қиз бола энг аввал муҳтож бўладиган эркак бу албатта унинг отасидир.

Қиз болага онаси ҳар қанча меҳр бермасин, отанинг ўрни барибир бўлакча бўлади. Агар ота ўз вақтида бу масъулиятни ҳис қилмаса, қизига етарлича меҳр бериб, уни керагича севиб ардоқламаса, қиз бола бу меҳрни бошқалардан қидиришга мажбур бўлади. Чунки меҳрга ташналик худди қорни оч одамнинг қорнини тўйдиришга бўлган эҳтиёжига ўхшайди. Натижада дуч келган ёмон ниятли йигит қиз болани ўз домига илинтиради. Ҳали ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган, оқ-қорани яхши ажрата олмайдиган ёш қиз йигитларнинг ширин сўзларига, хом ваъдалирига чиппа-чин ишонади ва минг афсуслар бўлсинки, бундай муносабатлар охир-оқибат тузатиб бўлмас хатоларга етаклайди.

Ота ўзининг қизига шу қадар эътиборли, шу қадар ғамхўр бўлиши керакки, унга бошқа эркакларнинг эътибори керак бўлмай қолсин. Қизига етарлича ғамхўрлик қилиш бу уни бегона назарлардан, ҳар хил тузоқлардан ҳимоя қилиш, атрофини қўрғон билан ўраб қўйиш демакдир.

Қиз бола кийимларини кийиб кўчага чиқар экан, энг биринчи мақтовни, хушомадни отасидан эшитиши керак. Агар отаси уни “Машааллоҳ, қизим, жуда очилиб кетибсан, кийимларинг ўзингга жуда ярашибди, ўзимнинг гўзал, фаришта қизим, Аллоҳ сени Ўз паноҳида асрасин” деб эркаласа, қиз боланинг қалби меҳрга тўлиб тошади. Кўчага чиққанидан кейин бирорта номаҳрамнинг хушомадига, илмоқли гапларига эътибор қилмайди, иффатини сақлай олади.

Мен соҳам тақозоси билан йигитларнинг ширин ёлғонларига алданиб қолган кўплаб қизлар билан гаплашганман. Улардан нега бундай номақбул ишларни қилганлари ҳақида сўраганимда уларнинг аксарияти ўзларининг меҳрга, эътиборга муҳтож бўлганлари ва шу эътиёжни қондирган энг биринчи одамга алданганлари ҳақида айтишган.

Бир куни муаллифи номаълум бўлган хат олдим. Ўқиб кўрсам, бир ёш қиз тарафидан юборилган экан. Бу қиз ўзининг мактубида лицейда ўқиши, оилавий муҳитлари яхши эмаслиги, отаси унга умуман эътибор бермаслиги, уни суйиб эркаламаслиги ҳақида ёзган. Хатининг охирида “Менга кўп йигитлар севги изҳор қилади. Лекин Аллоҳга бўлган қўрқувим сабабли уларнинг бирортасига жавоб бермайман. Ичимда уларнинг муҳаббат изҳорларидан, менга ёзадиган шеърларидан завқ туйсам-да, бу ҳислар шайтондан эканини билиб ўзимни тияман. Лекин бу аҳволда уларнинг бирортасига алданиб қолшидан хавотирдаман. Менга маслаҳат беринг” дея муаммоларига ечим сўраган.

Шунга ўхшаган мактубларни менга бир неч бор юборишган. Нега жамиятда қизлар бу аҳболга тушиб қолишган? Бу муаммонинг илдизи оталарга бориб тақалади.

Бир киши ўз қизи ҳақида шундай ҳикоя қилади: “Қизим мактабда 5-синфда ўқирди. Бир куни онасига: “Синфимиздаги қизларнинг ўз севган йигитлари бор, лекин менинг йигитим йўқ” деб шикоят қилаётганини эшитиб қолдим. Қизимнинг бу гапи мен учун гўё юзимга урилган тарсакидек бўлди. Чунки қизимнинг ҳолатидан кўча-кўйда фақат иш билан овора бўлиб, қизимга керак меҳрни беролмаганимни, оқибатда қизим бу нарсани кўчадан излай бошлаганини англадим. Агар вазиятни вақтида ўнглашга киришмасам, эртага кўнгилни хира қиладиган оқибатларга олиб келиши турган гап эди. Қизимнинг бошини силаб “Қизим, мен борман-ку, мен сенинг йигитинг бўламан” дедим. Қизим кўзларини катта-катта очиб “Ия, дадажон, қандай қилиб? Дугоналаримнинг йигитлари мактабдан чиқишда уларни кутиб туришади, ҳар хил тамаддихонларга олиб боришади-ку!” деди. Мен ҳам бўш келмай “Мен ҳам сени мактабдан чиқишингда кутиб тураман, сени энг зўр тамаддихонларга олиб бораман” дедим. Қизим яна ажабланиб: “Улар қизларга гуллар беришади” деди. “Мен сенга энг гўзал гуллар ҳадя қиламан” дедим. Қизим бир зум ўйланиб қолди. Кейин айтган гапларим маъқул келди шекилли, юзига табассум югуриб ўзида йўқ севиниб кетди. “Келишдик, дадажон” деб бўйнимдан қучди.

Қизимга айтган гапларим қуруқ ваъдалигича қолмади. Ҳамма айтган ишларимни бажардим. Қизимни ҳар куни мактабдан чиқишида кутиб турадиган бўлдим. Уни боғларга олиб бордим, гуллар, тур хил ширинликлар олиб бердим. Унга кўп вақт ажратиб оталик меҳримни бердим.

Бир куни мактабдан чиқишда қизим ёнидаги дугоналарига узоқдан мени кўрсатди. Дугоналарига нималардир деди. Гапириш оҳангидан, юз кўзларининг ҳаракатидан мақтанаётганга ўхшарди чамамда. Дугоналари ҳам унга нималардир деб жавоб қайтаришди. Кейин қўл силташиб хайрлашишди. Қизим олдимга келгач, ундан дугоналарига нима деганини қизиқиб сўрадим. Кейин билсам, қизим уларга “Ана менинг отам” деб мақтанибди. Дугоналари “Сенга ҳавасимиз келади, қандай ҳам яхши, отанг келиб сени кутиб оладилар. Бизнинг ҳам оталаримиз келишса эди, бу йигитлар билан юрмасдик” дейишибди. Шу пайт ич-ичимдан хурсанд эдим. Қизимнинг кўзларидаги қувонч қалбимга чексиз хотиржамлик бахш этарди.

Шу таҳлитда қизим то ақлини йиғиб оқ-қорани, яхши-ёмонни ажратадиган бўлгунча ундан меҳримни аямадим. Тўғри, бу мендан кўп вақт ва фидокорлик талаб қиларди. Лекин эришганларим шуларга арзирди. Аллоҳнинг фазли ва иршоди ила қизимни иффатли, покиза ҳолида турмушга бердик. Ҳозирда мана шу қизимдан бир қиз набирам бор. Мен неварамнинг бахту иқболи учун унинг ҳам “йигит”и бўлишга тайёрман. Чунки қиз бола-аёл киши доимо эркак кишининг меҳрига муҳтож. Унга масъул эркаклар-отаси, ака-укаси, турмуш ўртоғи, ўғли каби яқинлари бу нарсани вақтида англаб етишлари зарур.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“114 Қуръон” китоб-альбоми лойиҳаси тайёрлаш жараёни якунига етмоқда

08.08.2025   6405   2 min.
“114 Қуръон” китоб-альбоми лойиҳаси тайёрлаш жараёни якунига етмоқда

 Нур тарқатувчи саҳифалар: Ислом марказида ноёб қўлёзмалар жамланмоқда

 

Туркий дунёдан Мовароуннаҳргача бўлган Қуръонлар 


    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясининг Қуръон зали бўлимида юксак илмий ва маънавий аҳамиятга эга “114 Қуръон” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг асосий мақсади — дунё музейлари ва архивларида сақланаётган, Ўзбекистон тарихий меросига алоқадор Қуръон қўлёзмаларини саралаб олиб, уларни кенг жамоатчиликка тақдим этишдир.


    Яқинда Марказда бўлиб ўтган илмий кенгаш йиғилишида Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез ушбу лойиҳа бўйича кенг қамровли тақдимот ўтказди. У ўз маърузасида тайёрланаётган альбом ҳақида атрофлича маълумот бериб ўтди.



 

    Альбом “Кириш” қисми ва тўрт асосий бўлимдан ташкил топиб, VII асрдан XX асргача бўлган даврда яратилган Қуръон қўлёзмаларини қамраб олади. Бу асарлар орасида Усмон мусҳафи, Катта Лангар Қуръони, Мовий Қуръон каби жаҳон миқёсида тан олинган нусхалар билан бир қаторда, Сомонийлар, Ғазнавийлар, Темурийлар ва бошқа сулолаларга тегишли нодир саҳифалар ҳам ўрин олган.

 

    Альбомда ҳар бир қўлёзманинг тилла суви билан безатилган икки саҳифаси факсимиле шаклида тақдим этилади. Бу саҳифалар орқали Қуръони каримнинг тўлиқ визуал манзарасини яратиш кўзда тутилган. Ҳозирда 103 та қўлёзма саҳифаланиб, альбомнинг 90 фоизи тайёр ҳолга келтирилган. Қолган 11 та қўлёзма яқин кунларда тўлиқ якунланиши кутилмоқда.

 

    Айни пайтда, альбомда Амир Темур набираси Муҳаммад Султоннинг қизи Шодмулк хотун томонидан 1467 йилда кўчирилган Қуръон нусхаси ҳамда Қўқон хони Амир Умархон томонидан Усмонийлар султони Маҳмуд II га туҳфа этилган нусха ҳам ўрин олиши режалаштирилган. Шунингдек, 1318 йилда Олтин Ўрда хони Ўзбекхонга бағишлаб тилла варақда ёзилган, 700 йиллик тарихга эга Қуръон саҳифалари ҳам лойиҳанинг энг муҳим қисмларидан бири сифатида тақдим этилиши таъкидланди.

 

    Йиғилишда экспозиция учун мўлжалланган Қуръон нусхалари даврий асосда жойлаштирилиши маълум қилинди. 

 

    Альбомнинг умумий ҳажми 500 саҳифага яқин бўлиб, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Қуръон зали бўлимида ушбу мерос дунё тамаддуни тарихи ва маънавий улкан бойлигини жонли тарзда намоён этади.

 

    Шунингдек, йиғилишда мазкур лойиҳанинг муқова дизайни ҳам тақдим этилди. Ушбу муқова ўзининг шакли, безаги ва эстетик ечими билан Каъбанинг ташқи кўринишини эслатиши қайд этилди. Кенгаш аъзолари бу таклифни маъқуллашди.

Ўзбекистон янгиликлари