Ҳашр сурасининг илк оятлари Аллоҳга тасбеҳ билан бошланиб: “Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтур. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир” (Ҳашр сураси, 1-оят), сўнгги оятлари ҳам тасбеҳ билан якунланади: “Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Унга тасбеҳ айтур. У Қудратли ва Ҳикматли (зот)дир” (Ҳашр сураси, 24-оят).
“Ҳашр” – “Жамлаб сургун қилиш” деган маънони англатади. Йигирма тўрт оятдан иборат ушбу сура Мадинаи мунавварада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Баййина” сураси нозил қилинган сўнг нозил бўлган.
Ҳашр – Қиёмат кунининг номларидан бири саналади. Охиратда инсонларнинг барчаси маҳшаргоҳда тўпланади. Ҳаётлик вақтларида қилган ҳар бир яхши ва ёмон амаллари учун Аллоҳ таолонинг олдида жавоб беришади.
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тонг оттирганда уч марта “Аъузу биллаҳис-самийъил аълийм минаш шайтонир рожийм” деб туриб, “Ҳашр” сурасининг охиридан уч оятни тиловат қилса, Аллоҳ унга етмиш минг фариштани вакил қилиб қўяди. Улар унга кеч киргунча салавот айтадилар. Агар у ўша куни ўлса, шаҳид ҳолида ўлади. Ким ўшаларни кеч кирганда айтса, худди ўшандоқ бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу
Бугун сиз азизларга сўзлаб берадиган ҳикоям Макка шаҳрида бундан бир неча юз йиллар олдин содир бўлган ҳаётий воқеа ҳақидадир. Бу воқеа билан Саудияда нашр этиладиган газеталардан бирида танишганман.
Умра ибодатини адо этиш учун Макка шаҳрига борганимда газетадаги “Нима учун нурингни ортингда қолдирдинг?” деган мақолага кўзим тушди. Бу қизиқарли сарлавҳа мени ўзига жалб қилди. Бу нима дегани экан деб қизиқдим. Ҳикояни ўқиб, унинг мазмунини англадим.
Қадим замонда ўта бадавлат одам яшаган экан. У пайтлар қуллик даври эди. Бу бойнинг ҳам барча шахсий ишларида унга хизмат қиладиган қули бор эди.
Бомдод намозига азон айтилганда, хизматкор таҳорат учун сув тайёрлар ва хўжайинини уйғотарди. Таҳоратга ёрдамлашиб бўлгач, милтиллаб ёнадиган фонуси билан йўлини ёритиб масжидга олиб борарди. Бу даврларда ҳали электр ток, чироқлар йўқ, йўллар зимистон, чанг, кўчаларда тош ва чуқурлар кўп эди.
Шу зайлда қул 20 йилдан ортиқ хўжайинига хизмат қилди. Кунларнинг бирида одатдагидек бомдод намозига кетишаётганида бой юришдан тўхтаб, жойида бироз жим туриб қолди-да, кейин: “Гапларимни эшит эй Саид”, деди. Қулнинг исми Саид эди.
Бой: “Эй Саид, мен васиятномамда вафот этганимдан кейин меросхўрларим сени озод қилишларини ёздим. Бу сенга 20 йилдан бери менга қилган содиқ хизматларинг учун мукофот бўлади”, деб айтди.
Лекин бу гапдан Саид хурсанд бўлмади, хўжайинига ташаккур ҳам изҳор этмади, ҳатто бир оғиз сўз ҳам айтмади.
Эртаси куни яна одатдагидек масжид томон фонусни ёқиб йўлга тушишди. Аммо бу сафар ҳар гал хўжайиннинг йўлларини ёритиб кетадиган хизматчи орқа томонга ўтиб олганди. Хўжайин нега бундай қилаётганини тушунмай: “Нега орқамдан кетаяпсан? Саид сенга нима бўлди? Нега олдинда йўлни ёритиб кетмаяпсан?” деб сўради.
Бу гапларни эшитиб бой одам қаттиқ таъсирланди. Унга: “Эй Саид шу дақиқадан эътиборан сен озодсан”, деди. Саид унинг бу таклифини рад этиб: “Мен сизнинг итоаткор хизматкорингизман”, деди.
Ушбу қиссадан қандай ибрат олинади. Кўпчилик ўз нурини олдида эмас, балки ортида қолдиради. Бу нима дегани? Айримлар: “Бой бўлсам фалон-фалон ишларни қиламан”, “Вафот этсам камбағалларга тўплаган бойликларимни тарқатишади”, “10 йилдан кейин фалон ишларни қиламан” дейишади. Нега ўша ишларни ҳаётлик вақтингизда, имконингиз борида қилмайсиз? Нега нурингизни ортингизда қолдирасиз, олдингизда эмас. Нега яхшиликлар қилишни узоқ йилларга сурамиз. Имкон борида дарҳол яхшилик қилиш ҳақида ўйламаймиз? Бирор яхшилик қилишни имконингиз борми, уни ҳозир қилинг, шунда нурингиз олдинда бўлади. Нурингизни асло орқада қолдирманг!
Даврон НУРМУҲАММАД