Ҳашр сурасининг илк оятлари Аллоҳга тасбеҳ билан бошланиб: “Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтур. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир” (Ҳашр сураси, 1-оят), сўнгги оятлари ҳам тасбеҳ билан якунланади: “Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Унга тасбеҳ айтур. У Қудратли ва Ҳикматли (зот)дир” (Ҳашр сураси, 24-оят).
“Ҳашр” – “Жамлаб сургун қилиш” деган маънони англатади. Йигирма тўрт оятдан иборат ушбу сура Мадинаи мунавварада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Баййина” сураси нозил қилинган сўнг нозил бўлган.
Ҳашр – Қиёмат кунининг номларидан бири саналади. Охиратда инсонларнинг барчаси маҳшаргоҳда тўпланади. Ҳаётлик вақтларида қилган ҳар бир яхши ва ёмон амаллари учун Аллоҳ таолонинг олдида жавоб беришади.
Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тонг оттирганда уч марта “Аъузу биллаҳис-самийъил аълийм минаш шайтонир рожийм” деб туриб, “Ҳашр” сурасининг охиридан уч оятни тиловат қилса, Аллоҳ унга етмиш минг фариштани вакил қилиб қўяди. Улар унга кеч киргунча салавот айтадилар. Агар у ўша куни ўлса, шаҳид ҳолида ўлади. Ким ўшаларни кеч кирганда айтса, худди ўшандоқ бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
1. Саҳар вақтларида истиғфор айтишни одат қилмоқ.
"(Улар) сабрли, садоқатли, итоатли, саховатли ва саҳар чоқларида Аллоҳдан мағфират сўрайдиган кишилар эди" (Оли Имрон сураси 17-оят).
2. Фикрлаш учун хилватда қолмоқ.
"...ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар" (Оли Имрон сураси 191-оят).
3. Яхшилар билан суҳбатдош бўлмоқ.
"Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорлари "юзи"ни истаб, Унга илтижо қиладиган зотлар билан бирга сабр қилишга унданг!" (Каҳф сураси 2-оят).
4. Ҳамиша Аллоҳни эсда тутмоқ.
"Эй имон келтирганлар; Аллоҳни кўп эслангиз" (Аҳзоб сураси, 41-оят).
5. Хушуъ билан намоз ўқимоқ.
"Улар намозларида ўзларини камтар тутувчидирлар" (Муъминун сураси, 2-оят).
б. Тадаббур билан Қуръон ўқимоқ.
"Қуръон (оятларининг маънолари) ҳақида(чуқурроқ)фикр юритмайдиларми? (Нисо сураси, 82-оят)
7. Қаттиқ иссиқ кунларда нафл рўзалар тутмоқ.
Аллоҳ таоло фахрланиб айтади: "Бандам ўзининг таоми, ичимлиги ва шаҳватини Мен учун тарк қилди".
8. Садақани яширинча бермоқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Ўнг қўл берганни чап қўл билмасин".
9. Мусулмоннинг биронта ғамини кетказмоқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мусулмондан ғамни кетказган инсонни Аллоҳ ҳам қиёмат кунида ғамини кетказади", деганлар.
10. Бу ўткинчи дунёдан зуҳд билан ўтмоқ.
"Ҳолбуки, охират яхшироқ ва боқийроқдир" (Аъло сураси, 17-оят).
«Ўкинма» китобидан