Aл-Aзҳар ал-Шариф мажмуаси икки давлатда юз берган вайронкор зилзила оқибатида инсонлар қурбон бўлгани ва катта талофотлар кўрилгани муносабати билан Туркия ва Сурия халқларига ҳамдардлик билдирди.
Ислом оламида нуфузли мажмуа раҳбари, доктор, шайх Aҳмад ат-Таййиб қурбонларнинг оилаларига ҳамдард экани, уларнинг ҳис-туйғуларини тушунишини изҳор қилиб, Хақ таолодан жабрланганларга раҳматини ёғдиришини, уларнинг оила аъзоларига сабр ва тан жароҳати олганларга шифо беришини сўраб хайрли дуолар қилди.
“Aл-Aзҳар” раҳбари Ислом олами ва бутун дунёни офат ва зилзилалардан асрашини, бутун инсониятга тинчлик ва осойишталик ато этишини Яратган парвардигордан илтижо қилиб сўрашини айтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Уч яшар қизи уйни бетартиб қилиб ташлагани учун отаси унга қаттиқроқ танбеҳ берди. Эртасига қизи отасига бир қути ҳадя қилди. Отаси бўш қутини кўриб, қизининг бу ишини тушунолмади ва: “Бу нимаси, қизим, мени масхара қиляпсанми?” деди. Қизи эса: “Кеча мени уришган пайтингиз сизга айтишдан қўрқиб шу қутини очдим ва ичига сизни яхши кўришимни айтиб, оғзини беркитиб қўйдим. Бугун жаҳлингиз чиқмай тургани учун олиб келиб бердим”, деди. Шунда ота хато йўл тутаётганини англаб етди. Қизини опичлади. Унинг бундан нақадар хурсанд бўлгани кўз олдида қолди.
Орадан йиллар ўтса-да, иши юришмаса ё кайфияти бўлмаса ўша кунни эслаб, бўш қутини очиб қараркан, ташвишларини унутди.
Дарҳақиқат, қиз фарзанд отасига ўғил фарзанддан ҳам кўпроқ меҳрли бўлишар экан. Ҳадисларда бир қиз фарзандни бўлса-да, тарбиялаб ўстирган отага жаннат башорати берилгани бежизмас экан.
Аллоҳ берган бу неъматларнинг қадрига етайлик. Зеро, қанча одамлар, ўғил бўлсин, қиз бўлсин – кўп йиллар давомида фарзанд неъматига зор.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ