XIX Қозон халқаро мусулмон киноси фестивалининг ариза бериш кампанияси бошланди, дея хабар беради фестиваль ташкилий қўмитаси матбуот хизмати.
IQNA маълумотларига кўра, аризаларни тўплаш 2023 йилнинг 1 июнигача давом этади, шундан сўнг танлов дастури эълон қилинади.
Танлов дастурини Россия Ислом институти филология ва минтақашунослик кафедраси мудири Тимур Шайхуллин ва “Евросиё Глобал Коннектинг” агентлиги Бош директори Светлана Слапке (Германия)лар тузишади. Танлов комиссиясини Россия Президенти ҳузуридаги Россия Федерацияси халқ хўжалиги ва давлат бошқаруви академияси маданиятлараро мулоқот амалиёти ва технологияларини моделлаштириш лабораторияси докторанти Нина Кочеляева бошқаради.
Танлов дастурига тўлиқ метражли ва қисқа метражли бадиий ва ҳужжатли филмлар тақдим этилади. Бундан ташқари, фестиваль "Миллий танлов" номинациясини ташкил этди. Фильм лойиҳаси дастурига умумбашарий маънавий-ахлоқий қадриятлар ва маданий анъаналарни акс эттирувчи, тинчлик ўрнатиш, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояларини ўзида мужассам этган рус ва хорижий фильмлар киритилиши мумкин.
Бу йил фестиваль 5-9 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Кино анжумани Россия Федерацияси Маданият вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланадиган кино лойиҳалари рўйхатига киритилган. XIX Қозон халқаро мусулмон киноси фестивали Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минниханов ва Россия Маданият вазирлиги кўмагида, шунингдек, "Россия — Ислом дунёси"стратегик қараш гуруҳи билан ҳамкорликда ўтказилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистондаги 2025 йилги Ҳаж мавсуми шу йил 13 майдан бошланади. 28 майга қадар ҳар куни юртимиздан Саудия Арабистонига авиақатновлар амалга оширилади.
Зиёратчилар юртимизнинг 9 та ҳудудидаги Тошкент, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Навоий ва Нукус шаҳарларидаги аэропортлар орқали Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри учади.
Авиапарвозлар Uzbekistan Airways билан бирга FlyNas ва FlyAdeal авиакомпаниялари томонидан амалга оширилади.
Ҳаж тадбирларини ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишлари жадал давом этмоқда:
– Зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилди;
– Эмлаш ишлари олиб борилди;
– Гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар бириктирилди;
– Сафар олдидан амалий машғулотлар ташкил этилди;
– Ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Шунингдек, ҳар бир зиёратчига қуйидагилар тақдим этилмоқда:
– "Ҳаж – буюк ибодатдир" қўлланмаси, сумка, нимча, термос, соябон, сим-карта ва қувватлагич.
Айни пайтда гуруҳ раҳбарлари зиёратчилар билан Ҳаж амаллари бўйича суҳбатлар олиб бормоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида Ҳаж амаллари ҳақидаги суҳбатлар, тавсиялар ва мақолалар тақдим этилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати