Ўтмишга назар ташласак, ислом оламининг турли бурчакларида илм-фан тараққий этиб, технологияларда катта бурилишлар амалга оширилгани, илмий марказлар оммавий равишда очилганини кўриш мумкин. Islam.ru сайти ёзишича, кейинчалик бу Ғарб мамлакатларида илмий ғоянинг ривожланишига туртки берган.
Бугунги илм-фан тараққиётининг шу даражага етишига мусулмон оламининг кўплаб олимлари катта ҳисса қўшишган шулардан айримлари ҳақида сўз юритсак.
Ал-Хоразмий
Муҳаммад Ибн Мусо Ал-Хоразмий ( яшаган йиллари тахминан 783-850) ни муболағасиз алгебранинг асосчиси деб аташади. Айнан у биринчи бўлиб ноль рақамини ишлатиб, алгебрани чизиқли ва квадрат тенгламаларни ечишнинг умумий усуллари ҳақидаги мустақил фан сифатида киритди ва бу тенгламаларнинг таснифини берди. У синус, косинус, тангенс ва котангенс функцияларини ўз ичига олган батафсил тригонометрик жадвалларни ишлаб чиқди.
Ал-Хоразмий асарлари араб тилидан лотин тилига, сўнгра янги Европа тилларига таржима қилинган. Улар асосида математикадан турли дарсликлар яратилди. Ал-Хоразмий асарлари Уйғониш даври фанининг шаклланишида муҳим роль ўйнади ва Шарқ ва Ғарб мамлакатларида ўрта аср илмий тафаккурининг ривожланишига самарали таъсир кўрсатди.
Бу мусулмон илм-фан машъали, биринчи навбатда, математика тарихида муҳим роль ўйнаган “Ал-китоб ал-мухтасар фи ҳисоб ал-жабр вал-муқобала” (“Алжабр ва алмуқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб”) билан танилган. Ушбу Ал-Жабр асари номидан “алгебра” атамаси пайдо бўлди.
Жобир ибн Ҳайён
Жобир ибн Ҳайён (яшаган йиллари тахминан 721-815) замонавий кимёнинг отаси ҳисобланади. Жобир Ибн Ҳайёндан олдин кимё соҳаси ҳунармандчиликнинг бир бўлаги сифатида қаралган. Аммо Ибн Ҳайян кимёни ривожлантира олди ва уни ўша бошланғич даражадан энг юқори даражага кўтарди. Бунга улкан илмий иш ва кўплаб кузатувлар туфайли эришилди. Шунингдек, у кимёвий моддалар ишлаб чиқариш ва уларнинг ўзаро таъсирининг асосий қоидаларини ўрнатди, Шунинг учун Жобир Ибн Ҳайён, шубҳасиз, барча кимёгарларнинг устози (шайхи) ҳисобланади.
Шундай қилиб, у илмий тажрибалар натижасида кўплаб кислоталарни аниқлашга муваффақ бўлди. У ўз лабораториясида ҳайдаб ажратиб олиш, эритиш, кристалланиш, дистиллаш, тозалаш, оксидланиш, буғланиш, фильтрлаш жараёнларини доимий равишда такомиллаштирди; сульфат кислота ишлаб чиқариш учун реакцияларни амалга оширди; спиртлар, металлар ва минералларнинг таснифларини ишлаб чиқа бошлади. Жон Дальтоннинг кашфиётидан ўн аср олдин Жобир элементлар орасидаги боғланиш сифатида кимёвий боғланишлар тасвирини яратди.
Бугунги кунда замонавий асбоб-ускуналар, жиҳозланган лабораториялар мавжудлиги билан бир минг икки юз эллик йилдан кўпроқ вақт олдин Жобир ўз давридан илгарилаб кетган олим бўлганлиги аён бўлади.
Аз-Заҳравий
Абул Қосим аз-Заҳравий (Абулқоссис) (936-1013) ўрта асрларнинг энг буюк жарроҳи сифатида шуҳрат қозонган. Ўша даврда ҳеч ким жарроҳлик санъати ва ундаги инновациялар бўйича ундан ўзиб кетмади. Рус олими И.Пироговни беҳушлик кашшофи деб ҳисобланса, аз-Заҳравийни “кетгут”ни (жарроҳлик ипи) қорин бўшлиғи жарроҳлигида ва тери ости чоклари учун биринчи бўлиб ишлатган жарроҳ деб билишади.
Кетгут – бу жарроҳлик ипи бўлиб, у охир-оқибат инсон танасига изсиз кириб боради, чунки унинг таркиби органикдир.
Аз-Заҳравий кичик тос бўшлиғидаги операциялар пайтида ётган ҳолатдан фойдаланишни биринчи бўлиб жорий қилди (кейинчалик бу классик усулга айланди). У ҳозирда сил суяги шикастланиши деб аталадиган нарсани тасвирлаб берди ва катарактни олиб ташлаш операциясини (аз-Заҳравий атамаси) Ғарб кўз жарроҳлигига киритди. Бу мусулмон жарроҳ катарактни олиб ташлашнинг бутун тартибини чизмаларда тасвирлаб берган ва тақдим этган ягона муаллиф бўлган ва шундай бўлиб қолади. Илгари, бу жуда оддий операциянинг сирлари фақат танланганларга берилган.
Аз-Заҳравий янги (150 дан ортиқ) жарроҳлик асбобларининг муаллифи бўлган. У шприц, қисқич, жарроҳлик илгаги ва игнаси ҳамда суяк аррасини ихтиро қилган. У яратган кўплаб воситалар замонавий тиббиётда ҳам қўлланилади.
Аз-Заҳравийнинг "Китоб ат-тасриф" деб кенг танилган энциклопедик асарида 30 жилд мавжуд бўлиб, унда унинг бутун ҳаётининг тажрибаси умумлаштирилган. Ушбу энциклопедик асар ўрта аср Европаси жарроҳларининг стол усти китобига айланди, қайта-қайта кўчириб ёзилди ва нашр этилди ва беш аср давомида жарроҳлик бўйича асосий дарсликлардан бири бўлди.
Ал-Ҳайсам
Ибн Ал-Ҳайсам (965-1039) – Европада Alhazen сифатида танилган оптика асосчиси. Олим Эвклиднинг ёруғлик табиати ҳақидаги тадқиқотларини давом эттирди. Ундан олдин қадимгиларнинг оптикаси ёруғлик ҳодисаларининг энг оддий эмпирик қонунларини билар эди: ёруғликнинг бир ҳил муҳитда тўғри чизиқли тарқалиш қонуни; ойна юзаларидан ёруғлик акс эттириш қонуни; икки шаффоф муҳит чегарасида нур синиши ҳодисаси.
Қадимги Рим тиббиёт олими Галенга эргашиб, Ал-Ҳайсам кўзнинг тузилишини ўрганиб чиқди ва Платон ва Эвклиднинг инсон қарашлари ҳақидаги ғояларининг номувофиқлигини исботлади. Ал-Ҳайсам бинокуляр кўриш (икки кўз билан кўриш) концепциясини ишлаб чиқди. У биринчи бўлиб кўриш ҳодисасини объектлардан кўзга кирадиган нурлар объектив ичида тасвир ҳосил қилиш жараёни сифатида тушунтирди, у биринчи бўлиб кўз қисмларига ном берди ("мугуз парда", "кўз гавҳари", "шишасимон тана" ва бошқалар). Кўз гавҳари моделларини биллур ва шишадан ясаб, у биконвекс линзалари ёрдамида кўришни тузатиш ғоясини илгари сурди ва кексаликда ўқиётганда (кўзойнак!) улардан фойдаланишни таклиф қилди.
Ибн Ал-Ҳайсам ҳавонинг тортишиш тушунчасини илмий айланмага киритди, ҳаво зичлигини баландлик билан боғлади. Ундан кейин олимлар ёруғлик синиши муаммолари билан шуғуллана бошладилар. Бироқ 17-аср бошларига қадар оптик фан соҳасида катта кашфиётлар бўлмаган.
Ал-Ҳайсам томонидан ёзилган “Китаб ал-Маназир” (“Оптика тўғрисида рисола”) китоби Европа ва Шарқ мамлакатлари учун оптика соҳасида 600 йил давомида асосий қўлланма вазифасини бажарди.
Ал-Жазарий
Абу Ал-Изз Исмоил ибн Ал-Раззоз ал-Жазорий (1206 йилда вафот этган) астроном, математик ва механик ихтирочи, "Араб дунёсининг да Винчиси" номига мушарраф бўлган муҳандисликнинг энг буюк даҳоси.
Айнан ал-Жазорий ғилдирак ихтиро қилинганидан кейин иккинчи ўринда турадиган механиканинг энг муҳим ихтироларидан бири, ҳали ҳам замонавий машиналарнинг асосий таркибий қисмларидан бири бўлмиш – тирсакли вал муаллифи ҳисобланади.
Унинг "Ақлли механик қурилмалар ҳақида билимлар китоби" ("Китоб фи маърифат ал-хиял ал-хандасийя") рисоласида 50 га яқин механизмларнинг конструкцияси, шу жумладан соатлар, комбинацияланган қулфлар ва роботлар тасвирланган. Аслини олганда у кибернетика асосларини яратди. У тўртта гуманоид робот ясади, уларни қайиққа қўйди ва барабан ва занг чалишга мажбур қилди. Шунингдек, у мусиқа автоматлари, кодли қулфлар, икки тактли клапан насослари, сув кўтариш машиналари, сув соатлари, фаввораларни яратди.
Шунингдек Ал-Жазорий ёғочни ламинациялаш, масштабли моделлардан фойдаланиш (олим уларни қоғоздан ясаган), ҳаракатланувчи қисмларни корунд ёрдамида деталга ишлов бериш, металл эшиклар, барча кенгликлар учун универсал қуёш соати билан гибрид компас ва бошқалар каби технологик янгиликларнинг муаллифи ҳисобланади.
Интернет материаллари асосида тайёрланди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйлари қандай эди?
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас, ўрта бўй эдилар.
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас эдилар...”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тана ва юзларининг ранги қандай эди?
Ранглари оқ-қизил, юзлари буғдойранг эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тана аъзолари қандай эди?
Тана аъзолари бир-бирига мутаносиб, хушбичим, баданлари туксиз эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак пешоналари, киприклари, қошлари қандай эди?
Пешоналари кенг, киприклари узун, қошлари қўшилмаган, эгик эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бурунлари ва соқоллари қандай эди?
Бурунлари бироз баланд, қиррали, соқоллари қалин эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак тишлари қандай эди?
Тишлари майда, ялтироқ, олдинги тишлари бир-биридан алоҳида кўринар эди. Агар сўзласалар, тишларининг ораларидан гўё нур каби бир нарса чиқарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадам ташлари қандай эди?
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинга мойил бўлиб юрардилар.
Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зот худди пастликка тушаётганга ўхшаб юрар эдилар”, деди (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак елкалари, кафтлари, қадамлари қандай эди?
Икки елкаларининг ораси кенг эди. Икки елкалари ўртасида пайғамбарлик муҳри бор. Муҳри нубувват каптар тухумидек келадиган қизғиш гўшт, усти тукли эди. Кафт ва қадамлари тўла, гўштдор эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бошлари, юзлари, кўзлари қандай эди?
Бошлари катта, юзлари думалоқроқ, кўзлари қора, суякларининг қўшилган ери йўғон эди.
Баро розияллоҳу анҳудан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари қиличга ўхшармиди?” деб сўрашди. Шунда Баро розияллоҳу анҳу: “Йўқ. Тўлин ойга ўхшар эди”, деб жавоб берди (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўкраклари ва билаклари қандай эди?
Кўкраклари кенг, билаклари узун эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари қандай эди?
Сочлари икки қулоқларининг ярмига тушарди. Сочларини тараб, фарқ очардилар. Сочга ёғ суртардилар.
Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Анас розияллоҳу анҳудан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қандай эди?” деб сўрадим. У: “Сочлари тўлқин сифат: жуда жингалак ҳам, жуда юмшоқ ҳам эмас эди. Икки қулоқлари билан елкалари ўртасида турарди”, деди (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Аллоҳумма солли ъала саййидина Муҳаммадин ъабдика ва набиййика ва ҳабибика ва Расуликан Набиййил уммиййи ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи ва саллим.
Даврон НУРМУҲАММАД