Келиним ҳомиладорлигининг учинчи ойларида шифокор тавсияси билан ультра товуш ташхисини қилдирдик. Шифокор ҳомилани текшириб, соғлом, юраги яхши ураётганини айтди. “Табриклайман, неварангиз қиз экан”, деб, қоғозга ёза бошлади. Қизми, ўғилми Аллоҳнинг неъмати, кўрсатганига шукр.
Бирор ой ўтиб, келиним кўчадан гап топиб келди. “Ойижон уйга қайтаётсам, кўча бошидаги қўшни аёл: “Менинг кўзимга кўринади, келинпошша, қиз кўрасиз” деб, ой кунигача айтиб бердилар.
Ҳайрон бўлиб қолдим. Бир соатдан кейин нима бўлишини билмаймиз. Улар бўлса ой кунигача айтишга журъат қилишади. Ҳаттоки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ғайб илмидан бехабар бўлганлар.
Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) бундай деганлар: “Ким Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эртага нима бўлишини айтадилар, деб ўйласа, Аллоҳ таолога катта бўҳтон қилади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Айтинг: “Осмонлар ва ердаги бирорта ғайбни билмайди. Фақат Аллоҳ билади” (Намл, 65. Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аъроф сурасида марҳамат қилади:
“Сен: “Ўзим учун Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари, на фойда ва на зарарга молик эмасман. Агар ғайбни билганимда, яхшиликни кўпайтириб олган бўлар эдим ва менга ёмонлик етмас эди ...” деб айт” (188-оят).
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: “Ғайб илмлари бештадир, уларни Аллоҳ таолодан ўзга билмайди. Бачадонлар қачон ташлашини, эртага нима бўлишини, қачон ёмғир ёғишини, ҳар бир тирик жон қаерда ўлишини ва қиёмат қачон қоим бўлишини Аллоҳ таолодан ўзга билмайди” (Имом Бухорий ривояти).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Мунира АБУБАКИРОВА
Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча бўлиб турган фуқароларимиз билан доимий мулоқотни қўллаб-қувватлаб туриш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, ҳуқуқий онгини ошириш, маърифатини зиёда қилиш бўйича суҳбатлар ўтказиш мақсадида Ўзбекистон делегациясининг Татаристон ва Бошқирдистонга хизмат сафари уюштирилди.
Президент Администрациясининг топшириғи ижросига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари О. Абдуллаев бошчилигида юртимизнинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Б.Асадов, Бош консули М.Хайриддинов ва бир қатор тегишли ташкилотлар вакилларидан ташкил топган делегация таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон Иномов ҳам иштирок этди.
Ватандошларимиз билан “Ота-онани рози қилиш – фарзандлик бурчи”, “Ҳалол касб – барака калити”, “Миллий ва диний қадриятларимиз”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ақидада адашмайлик!”, “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоби”, “Исломда бағрикенглик”, “Исломда ватанпарварлик тушунчаси” мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Ҳар қандай диний мавзудаги маълумотлар борасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига тегишли расмий интернет тармоқлардан фойдаланиш тавсия этилди. Турли диний оқимлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги – ҳам шариат кўрсатмаси, ҳам замон талаби экани таъкидланди.
Россия мусулмонлари марказий диний идораси раиси, муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат делегация аъзоларини қабул қилиб, Ўзбекистон халқига меҳри ўзгача эканини билдирди. Учрашув давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг саломи эсдалик ҳадялари тақдим этилди. Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазрат меҳмонларни Диний идора ва унинг қошидаги Россия ислом университети билан таништириб чиқди.
Хизмат сафари давомида ватандошларимиз билан бўлган суҳбатларда бугун мамлакатимизда қилинаётган ишлар тўғрисида тўхталиниб, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва саломатлиги, динимиз равнақи йўлидаги ислоҳотлар, янгиликлар ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати