Саудия Арабистони расмийлари Масжидул Ҳаром ҳовлиларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш лойиҳасини ишга туширди.
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Масжидул Ҳаромнинг яшил майдонлари акс этган видеолар тарқалди, деб ёзади IslamNews.
Лойиҳа ижодкорлари ободонлаштириш ишлари зиёратчиларнинг келиб-кетишига таъсир қилмаслигини таъкидлашди. Шунингдек, улар кўкаламзорлаштириш ишларида ҳаво алмашинувини яхшилашга хизмат қилувчи, ҳашаротларни ўзига тортмайдиган ўсимликлар танлаб олиниб, экилаётганини қайд этишди.
Расмийларнинг маълум қилишича, ҳаводаги кислородни қувватлантириш учун 734 квадрат метр майдон ажратилган. Бу ўз навбатида, глобал исиш таъсирини тиклашга, ҳаво ифлосланишининг олдини олишга ва умуман ҳаво сифатини яхшилашга ёрдам беради.
Кеча, 6 май куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасасида “Йилнинг энг яхши ислом тарихи ўқитувчиси” мусобақаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, вилоят бош имом-хатиби, Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир домла Элов, ҳайъат аъзолари, таълим муассасалари раҳбарлари, педагог-ўқитувчилар иштирок этди.
Мусобақа давомида иштирокчилар 4 та шарт бўйича баҳс олиб борди. Уларнинг чиқишини малакали ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Якуний натижаларга кўра қуйидагилар ғолиб деб топилди:
1-ўрин: “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Муҳаммадяҳёхон Маҳмудов 1-даражали диплом, “Ҳаж” сафари йўлланмаси ва смарт телевизор билан мукофотланди.
2-ўрин: Тошкент ислом институти ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсупов, 2-даражали диплом, “Умра” сафари йўлланмаси ва смарт телевизор билан тақдирланди.
3-ўрин: Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси Санжар Бердиевга 3-даражали диплом ва замонавий музлатгич тақдим этилди.
Танловнинг қолган 10 нафар иштирокчисига фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Айтиш жоизки, ушбу танлов Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилари ўртасида ҳар йили ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати