Диний ташкилот – диний эҳтиёжларни биргаликда қондириш ёки қондиришга кўмаклашиш мақсадида тузиладиган ва диний маросимларни адо этиш асосида иш кўрадиган ихтиёрий, тенг ҳуқуқли ва ўз-ўзини бошқарувчи уюшма. Айни вақтда диний ташкилотлар фуқароларнинг виждон эркинлигини кафолатловчи тузилмалардан ҳисобланади.
Диний ташкилотларнинг таълимоти, тарихий анъаналари, диний уюшмалар тузилишида тутган ўрни ва роли турли-туман бўлиши мумкин. Фуқаронинг Диний ташкилотга аъзолиги унинг ҳуқуқий мақомини, жумладан бошқа шахслар билан тенглигини чеклаб кўя олмайди. Диний ташкилотларнинг энг муҳим белгиси – уларнинг ўз-ўзини бошқаришидир, яъни, улар маъмурий жиҳатдан давлат идораларидан ажратилган. Диний ташкилотларнинг фаолияти қонунларга зид келмаса, давлат уларнинг ички ақидавий ишларига аралашмайди. Улар ўз устав ва низомларига мувофиқ ташкил топиш ва иш юритиш, ходимларни танлаш, тайинлаш ва алмаштириш ҳуқуқига эгадирлар.
Диний ташкилотларнинг уставлари уларнинг тузилиши, диний таълим ва фаолиятнинг бошқа масалаларини белгилаб беради. Баъзи диний ташкилотлар иерархия тизимида ташкил топган. Масалан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Рус православ черковининг Тошкент ва Ўрта Осиё Епархияси, масжидлар, черковлар, ўқув юртлари, маҳаллий ташкилотлар ва ўз бошқарув органларига эга. Ўзбекистан Республикасининг "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги (2021 йил янги таҳрирда қабул қилинган) қонунида таъкидланганидек, Ўзбекистан Республикаси фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русум ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари – диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар Диний ташкилотлар деб эътироф этилади.
Тегишли устав асосида фаолият юритувчи республика диний уюшмалари Ўзбекистан Республикасининг Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинади. Вилоят, туман ва шаҳар, шаҳарча ва қишлоқ ҳудудида бўлган Диний ташкилотлар тегишли вилоятлар, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги адлия бошқармалари томонидан рўйхатга олинади. Диний ташкилот рўйхатга олингандан сўнг у юридик шахсга айланади. Диний ташкилот юридик шахс сифатида қонунларга ва ўз низомига мувофиқ ҳолда ҳуқуқлардан фойдаланади ҳамда мажбуриятларни ўтайди. Диний ташкилот раҳбарининг ташкилот уставини рўйхатдан ўтказишдан бўйин товлаши қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка олиб келади. Рўйхатдан ўтмаган Диний ташкилотларнинг фаолият кўрсатишига йўл қўйган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Диний ташкилотлар фаолияти икки ҳолда: улар ўз низомларига мувофиқ тугатилганда ва "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўгисидаги” Қонуни ёки бошқа қонун ҳужжатларига риоя қилинмаганда тўхтатилади. Диний ташкилот фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги қарор Ўзбекистан Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг адлия бошқармалари томонидан қабул қилинади.
Диний ташкилотлар қабул қилинган қарор устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга, шикоят фуқаролик ишларини юритувчи суд томонидан кўриб чиқилади. Диний ташкилотлар тасарруфида бинолар (масжидлар, черковлар, синагогалар, кирхалар, монастирлар, ибодатхоналар ва бошқа иншоотлар), корхоналари (босмахоналар, фермалар, бадиий-тикув цехлари ва ҳаказолар), ижтимоий ва хайрия объектлари (етимхоналар, қариялар уйлари ва ҳаказолар), диний анжомлар (диний китоблар, иконалар, шамлар ва ҳаказолар), улар фаолиятини таъминлаш учун зарур транспорт воситалари, пул ва бошқа мулклар бўлиши мумкин. Диний ташкилотларнинг мулкий ҳуқуқи қонун томонидан ҳимоя қилинади.
Ҳабибуллоҳ Саидов, Термиз шаҳар “Ҳаким Термизий” жоме масжиди имом ноиби
Нуқтаи назар
Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшаб келмоқда. 2174 та исломий ва 198 та ноисломий диний ташкилот фаолият кўрсатапти. Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда жами 130 та – 3 та олий ва 1 та ўрта махсус ислом билим юрти, 102 та масжид ҳамда турли конфессияга тааллуқли 24 та ноисломий диний ташкилот давлат рўйхатидан ўтказилди.
Жорий йил 25 февраль куни қабул қилинган қонун асосида тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси бу борада амалга оширилаётган ишларга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиляпти.
Мазкур ҳужжат виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқ ва Ўзбекистон дунёвий давлат эканига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқариш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принцип ва устувор йўналишларини белгилаб берди.
Ўтган қисқа вақт ичида мамлакатимизда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди.
2017 йилга қадар мамлакатимизда 3 та олий (1 та исломий, 2 та ноисломий) ҳамда 9 та ўрта махсус диний таълим муассасаси фаолият юритган. Бугун эса 16 та диний таълим муассасаси бор, уларнинг 6 таси олий ўқув юртидир.
Мазкур соҳадаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида Президентимизнинг жорий йил 21 апрелдаги "Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони нафақат диний-маърифий соҳа, балки кенг жамоатчилик томонидан ҳам мамнуният билан кутиб олинди.
Содиқ Тошбоев,
Дин ишлари бўйича қўмита раиси
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси 2025 йил 25 апрель, 84-сон