"Вақф" фонд ахборот хизмати раҳбари Саидаброр Умаровнинг маълум қилишича, ўтган 2022 йилда фонд томонидан хайрия, закот, вақф мулклари, зиёратгоҳлар, диний ташкилотлар ва турли акциялар орқали келиб тушган маблағлар ҳамда ҳомийлар ва ҳамкор ташкилотлар томонидан тақдим этилган эҳсонлар ҳисобидан 11 млрд. 574 млн. сўмдан зиёд маблағ хайрия ишларига сарфланган.
Бу маблағларни йўналишлар кесимида олсак:
-диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш учун – 87 217 520 сўм;
-диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун – 1 294 110 000 сўм;
- масжидлар қурилиши учун – 436 960 000 сўм;
- масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун – 451 656 250 сўм;
- ночор, кўмакка муҳтож фуқароларга турли моддий кўринишда берилган ёрдамлар учун – 2 783 275 801 сўм;
- имконияти чекланган, ногиронлиги бор бўлган шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш учун – 285 962 000 сўм;
- аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш учун 4 346 902 000 сўм;
- турли хайрия тадбирлари учун – 1 446 938 600 сўм;
- вилоят вакилликларининг маъмурий ҳаражатлари учун берилган моддий ёрдам – 131 257 000 сўм;
- аҳоли учун тоза ичимлик суви чиқаришга – 299 378 530 сўм;
-“Қуръони карим ва тажвид” курси тингловчиларини моддий қўллаб-қувватлаш учун – 10 800 000 сўм маблағлар хайрия тариқасида сарфланди.
Бундан ташқари, йил давомида мамлакатмизнинг ичимлик суви танқис бўлган турли ҳудудлари жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 6 та, Қашқадарё вилоятида 6 та, Фарғона вилоятида 2 та, Тошкент вилоятида 1 та жами 15 та артезиан ва минорали сув иншоотлари барпо этилди.
Шунингдек “Вақф кўмаги” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона вилоятларининг ҳар биридан 30 тадан жами 60 нафар қандолатчилик, тикувчилик ва ҳунармандлик касбига эга ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга 215 623 000 сўмлик керакли асбоб-ускуналар хайрия қилиниб, уларнинг иш билан таъминланишига кўмак берилди.
Бу каби саховат ишлари жорий йил ҳам давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Сўнгги пайтларда “Мазҳаб нимага керак?”, “Ўзимиз Қуръон ва суннатдан ҳукм олсак бўлмайдими?” дегувчи тоифаларга раддиялар берадиган китобларга юртимизда эҳтиёж катта эди. Алҳамдулиллаҳ, ана шу эҳтиёж ажойиб асарлар билан тўлдириб бориляпти.
Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Ислом фиқҳи асослари. Тўрт мазҳаб имомлари” китоби чоп этилди.
Муаллиф ёзади: “Кейинги йилларда мавжуд мазҳабларни инкор этиб, уларни бидъатга чиқариб, мўмин-мусулмонлар фикрини чалғитишга уринаётган бузғунчи тоифаларнинг ғаразли ташвиқот-тарғиботларига алданиб қолиш ҳолатлари ёшларимиз ўртасида кузатилмоқда. Гўёки мазҳаблар Қуръон ва суннатга хилоф ва улардан йироқ деган даъво билан мазҳабга эргашишдан қайтаришга уринмоқдалар. Ушбу китобда мавжуд тўрт мазҳабнинг айнан Қуръон ва суннатга асослангани ва динимизнинг замонлар оша юзага келадиган муаммоларни ҳал қилишда айнан мазҳаб уламолари жорий қилган усул ва қоидаларга асосланиши ҳам баён этилган”.
Устозлардан бири Қуръон ва суннатни юқори кучланишга эга электр энергиясига қиёслаган. Тасаввур қилинг, уйингизга розетка бўла туриб, чой қайнатиш учун тефални юқори кучланишга эга электр энергиясига уламайсиз-ку, шундайми? Мабодо, шундай қилинса, оқибат қандай бўлиши ҳаммага аён. Бугун “Қуръон ва суннат турганда нега мазҳабга эргашишимиз керак?” дейдиган тоифаларнинг қилаётган ишларини худди юқоридаги ҳолатга ўхшатиш мумкин.
Араб тилини чала-чулпа билиб олиб, Қуръон илмларидан бехабар, шариатни тушунмайдиган кимсалар бир ёки бир нечта рисолани ўқиб олиб, ўзларича Қуръондан ҳукм олишга ошиқишлари жуда катта хатодир.
Иш ўз устасига топширилиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Ҳ. Ишматбеков ана шу масалаларга ҳам эътибор қаратиб, ҳатто саодат асрида ҳам Набий алайҳиссалом саҳобаларнинг гапларига қулоқ солганларини келтирган.
Бадр куни жанг бошланишидан олдинроқ Набий алайҳиссалом ижтиҳод қилдилар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан бири Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми? Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла қўллаш учун танладингизми?” деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла қўллаш учун бу ерни танладим”, дейдилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бошқа жойни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга янада қулайроқ бўлишини маслаҳат беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг маслаҳатини олиб, у кўрсатган ерга кўчиб ўтишади, натижа ғалаба қозониш билан якунланади.
Хуллас, “Ислом фиқҳи асослари” китобини ҳар бир мўмин-мусулмон ўқиб чиқиши шарт бўлган китоблар сирасига киритиш мумкин.
Т.НИЗОМ