Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Жидда шаҳрида (Саудия Арабистони) Ислом санъатининг биринчи биенналесида иштирок этиб, мамлакатимиздаги ноёб музей экспонатларини тақдим этади.
ЎзА хабарига кўра, 17 объектдан иборат экспозицияда Мусҳафнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири бўлган Катталангар Қуръонига алоҳида ўрин берилган. Яқинда Лувр мутахассислари томонидан тикланган унинг 13 саҳифасидан иккитаси ҳозирда фонд томонидан Парижда ташкил этилган кўргазмада биринчи марта намойиш этилмоқда. Ислом санъати Биенналесида Қуръоннинг тўрт саҳифаси бўлиб, улардан иккитаси биринчи марта кўрсатилади.
Ислом санъати Биенналеси шу йилнинг 23 январидан 23 апрелига қадар Жидда (Саудия Арабистони)да Canopy Terminal ҳудудида бўлиб ўтади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати