Бир киши Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳунинг олдига келиб, ризқининг торлигидан шикоят қилди.
Али розийаллоҳу анҳу:
– Эҳтимол сен тўмтоқ қалам билан ёзарсан? – деди. У:
– Йўқ, – деди. Ҳазрат Али:
– Эҳтимол синиқ тароқ билан соч тарарсан? – деди. Ҳалиги киши:
– Йўқ, – деди. Ҳазрат Али:
– Эҳтимол ўзингдан ёши катта одамнинг олдига тушиб юрарсан? – деди. У:
– Йўқ, – деди. Али каррамаллоҳу важҳаҳу: .
– Эҳтимол бомдод намозидан кейин кун чиқмасдан ухларсан? – деди. У:
– Йўқ, – деди. Ҳазрат Али:
– Эҳтимол ота-онангнинг ҳаққига дуо қилмай қўйгандирсан? – деди. У:
– Ҳа, – деди. Шунда Али розийаллоҳу анҳу:
– Уларни эслаб тургин. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман. У зот: “Ота-онага дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади”, деганлар, – деди.
Ҳар намоздан кейин икки дақиқангизни ота-онангизга дуо қилишдан қизғанманг.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мўминнинг иши ажойибдир. Унинг ҳамма иши ўзига яхшиликдир. Бу мўминларга хос бўлиб, бошқаларда ундай эмас. Агар унга хурсанд қилувчи нарса етса, шукр қилади. Бу у учун яхшидир. Агар зарар берувчи нарса етса, сабр қилади. Бу ҳам унинг учун яхши бўлади", дедилар (Имом Муслим ривояти).