frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Жоҳилликнинг давоси

13.01.2023   2761   3 min.
Жоҳилликнинг давоси

Жаҳолат ва жоҳилликнинг энг асосий давоси китоб ўқишдир. Зеро, китоб инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Унга ошно киши дунё ва охират шарифи бўлган илмни эгаллайди.

Aлҳамдулиллаҳ, юртимизда барча соҳа­ларга оид бўлган китоблар ва адабиётлар кун сайин ортиб бормоқда. Биргина диний йўналишда тафсир, Қуръони карим маънолар таржимаси, ҳадис, ақида ва бошқа фанларга оид кўплаб китоблар она тилимизда нашр этилмоқда. Уларни мутолаа қилиш керак, холос.

Ўтмишда ота-боболаримиз Қуръон, ҳа­дислар билан биргаликда “Хамса”, “Бобур­нома”, “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” сингари бадиий адабиётлар ва халқ оғ­заки ижоди намуналарини ўқиб-айтиб улға­йишган. Бугун орамизда бу бебаҳо маъ­на­вий бойликни қадрига етмаётганлар ҳам талайгина. Аксарият ёшлар ҳам, катталар ҳам ижтимоий тармоққа боғланиб, китоб мутолаасига беэътибор бўлмоқда. Натижада уларнинг маънавияти, тафаккур қуввати заифлашди. Ҳаётда рўй бераётган айрим нохушликларнинг илдизи эса ўша илмсизлик ва китоб ўқимасликнинг аччиқ мевасидир. Бундай нохуш ҳолатлардан сақланиш учун ақлни илм ва китоб мутолааси билан чархлаб туриш лозим.

Ҳар қандай янгилик ҳам бир кун келиб эскиради, бироқ инсониятнинг минг йиллар давомида қўлга киритган дурдоналарини ўзида жамлаган китоблар асло эскирмайди. Буни улуғ зотлардан бизгача етиб келаёт­ган бебаҳо асарлардан англаш мумкин.

Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний китоб ўқиш асносида мураккаб бир масалага ечим топганларидан хурсанд бўлиб: “Бундай лаззатни подшоҳларнинг болалари ҳам кўрмаган”, деганлар.

Буюк муҳаддис Имом Aбу Довуд Сижис­тоний ўзига кийим тиктирганида, унинг енгини кенг қилиб тиктирар, қаерга борса, ўша енгларида китоб бўлар экан. Бўш вақт топилди дегунча, китоб мутолаасига киришар экан.

Машҳур уламолардан Aбул Фараж ибн Жавзий бундай дейди: «Мен китоб мутолаасидан ҳеч тўймаганман. Aгар ўзим ўқиб кўрмаган бирорта китобни кўриб қолсам, гўёки хазинанинг ичига тушиб қолгандек бўлардим. Aгар, “йигирма минг мужаллад китоб ўқиб чиққанман”, десам ҳам, муболаға қилмаган бўламан, лекин китоб ўқишда давом этаман», деган экан.

Ҳасан ибн Саҳл айтади: «Маъмун ухлаганда атрофида китоблар турар эди. Ухлашдан олдин ҳам китоб ўқир эди. Уйқу­дан уйғониб кетганда ҳам китоб ўқир эди. У инсон шундай васият қилар эди: “Ёлғизлик ваҳшатини китоб ўқиш билан енггин. Aлбат­та, китоб­лар сўзловчи тиллар ва тикилиб ту­рувчи кўзлардир”».

Ҳусайн Воиз Кошифий: “Aхлоқи Муҳси­нин” асарида бундай дейди: “Энг яхши суҳбатдош ва энг мақбул дўсти улфат улуғ­ларнинг ки­тобидир”. Жалолиддин Румий маснавийларида ке­ладики: .

Излама китобдан яхшироқ ҳамдам,

Чунки суҳбатдошдир ҳар қачон, ҳар дам.

У дилга роҳату жонга ородир,

Сен неки истасанг, унда пайдодур.

Бундоқ латиф ҳамдам ким кўрмиш, эй ёр,

Ундан ранж ҳам етмас, ранжитмас зинҳор.

Китоб илму дониш ва маънавий озуқа ҳо­­сил қилишнинг асосий манбаидир. Шун­дай экан, китобни дўст билмоқ ва унга эҳ­тиром кўрсатмоқ ҳар биримизнинг вази­фамиздир. .

Отабек ЮЛДОШЕВ,

Арнасой тумани бош имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Банклар ва микромолия ташкилотлари ўз фаолиятини исломий банк фаолиятига ўзгартириши мумкин

11.08.2026   48439   2 min.
Банклар ва микромолия ташкилотлари ўз фаолиятини исломий банк фаолиятига ўзгартириши мумкин

Адлия вазирлиги Микромолия ташкилоти ва банк фаолиятини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақами 3656-1, 01.08.2026 й.), хабар бермоқда huquqiyaxborot Telegram канали.

Мазкур идоравий ҳужжат "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" 2026 йил 27 мартдаги ЎРҚ–1126-сон Қонунга мувофиқ айрим кредит ташкилотлари фаолиятини ўзгартиришнинг қуйидаги тартиб-таомилларини белгилайди:

  • микромолия ташкилотини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш;
  • фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини микромолия ташкилотига ўзгартириш;
  • банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш.

Шунингдек, ўз фаолиятини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартиришга фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банки ҳақли.

Микромолия банкини давлат рўйхатидан ўтказиш ва банк фаолиятига доир тегишли лицензия (лицензиялар) олиш учун ногиронлиги бўлган шахслар учун микромолия банки биноларида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ қулай шарт-шароитлар яратилганлиги бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосаси мавжуд бўлиши керак.

Ташаббус Форс кўрфази мамлакатларидан инвестицияларни жалб қилишга қаратилган бўлиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш иқтисодиётга депозитлар ва тўғридан-тўғри инвестициялар кўринишида тахминан 1 миллиард доллар жалб қилиши мумкин. Мутахассисларнинг прогнозларига кўра, 2035 йилга бориб Ўзбекистон ушбу тизим ишга туширилгандан бери дунёда ислом молиясининг энг тез ўсишини намойиш этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари