Инсоннинг оиласи тинч, яшаб турган манзил-макони осойишта экан унга оилани равнақи, фарзандларининг таълим-тарбияси, келажаги ва истиқболига олиб борувчи барча омилларга муяссар бўлажак. Бундан ташқари жамиятда ҳаёт кечираётган одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, мехр-мурувватларининг самимий бўлиши асосан хотиржам бўлишликка боғлиқдир. Шу маънода Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайхи ва саллам) ҳадисларининг бирида тинчлик хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб: "Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар, у-хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир"-деганлар. Демак инсонлар учун хаводек зарур сиҳат-саломатлик ва тинчлик-осойишталик неъматларнинг қадр-қимматига ўта ахамият бериш керак эканлигини хадиси шарифда таъкидланмокда.
Аммо, беш панжа бир бўлмагандай, одамларнинг баъзилари қалб хасталигига учраб, Юртимиз равнақини кўра олмаслик иллатига чалинганларни борлиги кишининг афсуслантиради. Улар хар хил кўринишда бўлиши, хусусан диний окимларга мансуб бўлиши кишини хавотирга солади. Вахолангки, Аллоҳ таоло ўзининг каломида, "Оли Имрон" сурасининг 103-оятида "(Эй мусулмонлар), Аллоҳнинг арқонига (динига) боғланингиз ва бўлинмангиз!" деб хитоб қилади. Демак, барча мўмин-мусулмонлар соф ақида ва эътиқодга ишониб бизларгача жорий бўлиб келган тўғри йўлдан адашмаслигимизни таъкидламоқда.
Зеро, динда адашиш, нотўғри ақидаларга эргашиш мукаддас динимизни кўрсатмаларини инкор қилишлик бўлиб, натижада инсоннинг ўзига ва ўзгаларга зулм қилишлигига сабаб бўлади. Оли Имрон сураси, 108-оятда "Аллоҳ оламда ҳеч қандай зулмни бўлишини хоҳламайди" –дейилган.
Юқоридаги илоҳий далиллардан зулм ва ёмонлик Аллоҳ қайтарган ва қилиниши мумкин бўлмаган тубан амал экани кўриниб турибди.
Ҳақиқатда ислом дини хар қандай шароитда экстремистик харакатларнинг зулм келтирувчи харакатларни амалга оширишига мутлако қарши. Пурмаъно инсонпарварлик таьлимотлари ўзида ифода қилган динимиз бўла туриб афсуски, Аллоҳ таолони улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан хамма ҳам баробар баҳраманд эмас. Чунки дунёни турли бурчакларида қон тукилишлар содир бўлмокда. Бу хунрезликларни дунё бўйлаб амалга оширилиши террористик кучларнинг мукаддас ислом дини ниқоби остида содир этиши сир эмас.
Бундай бузғунчиликдан Куръони каримда: "...Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни бузадиган ва ер юзида бузғинчилик килиб юрадиган кимсалар хам борки, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаханнам) бордир"- деб қайтарилган. (Раъд сураси, 25 оят)
Ачинарли томони шундаки, улар динни ниқоб килиб олган, унинг моҳиятини ўз манфаатлари йўлида бузиб талқин қилаётган жиноятчи, қаллоб, адоват ва низо уруғини сочаётган кимсаларнинг буйруқларини ижро қилаётганларини ўзлари хам билмайдилар. Аллоҳ бўлинманглар деса, нега мусулмонлар бўлиниб кетяпти деган ташвишли савол маърифатли мусулмон кишисида пайдо бўлиши табиийдир. Шундан келиб чикиб хар бир мўмин мусулмон киши бўлиниш ёмонлигини англаб етиши лозим. Зеро, бўлинмаслик аҳли сунна вал жамоа йўлини танлаш ва унга эргашиш имон амридир. Маълумки, кейинги даврда, пайдо бўлаётган Ислом номи билан боғлиқлиги айтиладиган, лекин аслида мусулмонларнинг ораларига тафриқа соладиган тоифалар бизнинг юртимизга бегонадир.
Хозирги кунда юртимизга узоқ ва яқин айрим мамлакатларда бўлаётган нотинчликларни қоралаймиз, тез кунларда тинчлик хотиржамлик ва офият неъматидан бахраманд бўлишликларини Аллох таолодан сўраймиз.
Юртимиздаги омонлик ва офият неъматлари бардавом бўлсин.
Баҳодир Шарипов,
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг
Чуст туман вакили
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жуда ҳам оз вақт яшаганлари ва эрта вафот этиб кетганлари туфайли у киши ҳақидаги маълумотлар оз ва бори ҳам ҳар хиллигини барча тарихчиларимиз таъкидлайдилар. Биз ҳам мазкур маълумотлардан хулоса чиқариб олишга ҳаракат қиламиз.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз Маккаи Мукаррамада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлишларидан тахминан ўн уч йил аввал таваллуд топганлар.
У кишининг оталари Хузайма ибн Ҳорим ибн Абдуллоҳ ал-Ҳилолий деган одам бўлган, оналари Ҳинд бинти Авф ибн Ҳорис ибн Ҳамота ал-Ҳумайрия бўлган.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз вояга етгач, Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳуга турмушга чиққанлар.
Ҳижратга амр бўлганда Зайнаб бинти Хузайма онамиз ҳам ҳижрат этиб келиб, ўз оиласи билан Мадинаи Мунавварада истиқомат қила бошлаганлар.
Бадр урушида Зайнаб бинти Хузайма онамиз ҳам ярадорларга қарашиб, фидокорлик кўрсатганлар.
Ҳижрий учинчи санадаги Уҳуд урушида у кишининг эрлари вафот этди. Шундан кейин Зайнаб бинти Хузайма ёлғиз қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу аёлга раҳмлари келиб, у кишининг иддаси чиққач, ўзларига хотин қилиб олдилар. У зот Зайнаб онамизнинг маҳрларига тўрт юз дирҳам бериб, Оиша онамизнинг ҳужралари ёнига у киши учун ҳужра қурдилар. Шундай қилиб, Зайнаб онамиз мўминларнинг онаси деган шарафга ноил бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб онамизнинг сабрлари, жасоратлари, Аллоҳнинг дини йўлидаги фидокорликларини ана шундай тақдирладилар.
Зайнаб онамизнинг лақаблари Уммул Масокин (Мискинларнинг онаси) эди. У киши мискинларга кўп яхшилик қилганлари сабабли мана шу лақабни олган эдилар.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз нубувват хонадонида бир неча ой яшаганларидан кейин дорулбақога риҳлат қилдилар. Бу аламли ҳодиса ҳижрий тўртинчи сананинг охирги чорагида бўлди. Ўшанда у кишининг ёшлари ўттизда эди.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳонинг жанозаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўқидилар ва Бақийъ қабристонига дафн қилдилар.
Аллоҳ таоло Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳодан рози бўлсин!
«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан