Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Январ, 2025   |   23 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:42
Пешин
12:40
Аср
15:47
Шом
17:31
Хуфтон
18:48
Bismillah
23 Январ, 2025, 23 Ражаб, 1446

Бирорта мазҳабга боғлиқ бўлмасдан амал қилишнинг ҳукми

28.12.2023   700   13 min.
Бирорта мазҳабга боғлиқ бўлмасдан амал қилишнинг ҳукми

Савол. Билими йўқ бир кимса имомлардан бирортасига тақлид қилишни ўзига лозим тутмайди. Балки ўз эътиқодича, ҳар бир олимни муқтадо ва пешво деб билади. У ўз давридаги тақводор ва диндор олимнинг айтганига қараб амал қилади. Бу хилда бирорта мазҳабга боғлиқ бўлмасдан, бирортасига тақлид қилмасдан амал қилишнинг ҳукми нима?  

Унга жавоб. Қадимги ва ҳозирги уламолар муайян мазҳабга боғлиқ бўлишнинг лозимлиги борасида ихтилоф қилиб келадилар. Айрим олимлар муайян мазҳабга тақлид қилишни вожиблигини айтганлар. Аллома Маҳаллий Шофиъий «Жамъ ал-жавомеъ» шарҳида ёзганлар:

يجب على العامى و غيره ممن لم يبلغ مرتبة الاجتهاد التزام مذهب معين من مذاهب المجتهدين يعتقده ارجح من غيره او مساويا له و ان كان فى نفس الامر مرجوحا على المختار، انتهى

«Омига ва ижтиҳод мартабасига етмаган бошқага мужтаҳидларнинг мазҳабларидан ўзича бошқасидан кўра устунроқ ёки тенг деб эътиқод қилган бирорта муайян мазҳабни лозим тутиши вожиб бўлади. Гарчи амалда ўша мазҳаб устун бўлмаса ҳам майли. Ихтиёр қилинган гап мана шудир». Тамом.

Имоми ҳумом Камолиддин ибн ал-Ҳумом «Таҳрир ал-усул» асарида бундай деган:

نقل الامام الاجماع على منع تقليد العوام لاعيان الصحابة و من بعدهم الذين وضعوا و دونوا على هذا ما ذكره بعض المتأخرين من منع تقليد غير الايمة الاربعة لانضباط مذاهبهم و تقييد مسائلهم و لم يدر مثلهم غيرهم الى الآن، انتهى

«Имом (муаллиф) авомларнинг таниқли саҳобалар ва улардан кейинги илмларни ажратиб, тартиб бериб чиққанларга эргашишдан ман қилинганлиги тўғрисида ижмоъни нақл қилган. Айрим кейинги давр уламолари тўрт имомдан бошқасига тақлид қилишни ман қилганлари зикр қилинган. Бу уларнинг мазҳаб тузишлари, масалаларни қайд қилишлари кабилар ҳозиргача бирорта бошқа мазҳабларда содир бўлмаганлиги учундир». Тамом.

Айрим уламоларнинг ихтиёр қилгани эса муайян мазҳабга тақлид қилиш зарур эмас. Ҳар кимга ўзи хоҳлаган мазҳабига амал қилиши ихтиёрлидир. Бироқ, шарт шуки, бирор мазҳабни паст санамасин, ўзи амал қилаётган мазҳабга таассуб қилмасин. Агар тўрт мазҳабдан бирортасига таассуб қилса ёки ҳақорат қилса, унга таъзир бериш вожибдир. Зулманосиб Шайх Ибн Ҳожиб «Мухтасар ал-Усул»да бундай деб келтиради:

و لا يرجع عن قول المجتهد بعد تقليده اتفاقا و فى حكم آخر المختار جوازه لنا القطع لوقوعه و لم ينكر فلو التزم مذهبا معينا كمذهب مالك او الشافعى فثالثهما كالاول، انتهى

«Мужтаҳидга тақлид қилганидан сўнг уламолар иттифоғига кўра унинг гапидан қайтиб бўлмайди. Бошқа ҳукмга кўра унинг жоизлиги ихтиёр қилинган. Бизнингча, бундай воқеанинг юз бериши қатъийдир, буни ҳеч ким инкор қилмаган. Агар бирорта муайян мазҳабни, масалан Молик ёки Шофиъий мазҳаби кабини ўзига лозим тутса, учинчи мазҳаб аввалгиси каби бўлади». Тамом.

Дин имомларининг суянчиғи Қози Азуд ал-милла ва-д-дин мазкур асарнинг шарҳида ёзади:

«Агар оми бир масаланинг ҳукмида бирор мужтаҳиднинг гапига амал қилса, ундан бошқа ҳукмга қайтиши тўғри эмас. Бунга уламолар иттифоқ қилганлар. Аммо бошқа бир масаланинг ҳукмида бошқа мазҳаб ҳукмига тақлид қилиши жоиз бўлади, дейилган. Саҳобалар ва бошқалар даврида бундай воқеа юз бергани учун бунинг жоизлиги ихтиёр қилинган. Чунки, одамлар ҳар бир асрда ўзлари хоҳлаган муфтийларидан фатво сўраб келганлар. Бир муайян муфтийни ҳаммаси лозим тутмаганлар. Бу ҳолат кенг тарқаб, авлоддан авлодга ўтиб келмоқда.

Агар бир муайян мазҳабни лозим тутса ёки агар уни лозим тутмаса, бу борада уч хил қараш бор. Қатъий бировини лозим тутиш, лозим тутмаслик ва кейингиси худди ўзи лозим тутмаган биринчиси кабидир, деган фикрлар. Агар бирор воқеа юз берса, бу борада бир мазҳабнинг ҳукмига эргашса, ундан қайтиб бўлмайди. Бошқа масалаларда эса хоҳлаганига эргашиши мумкин». Тамом.

«Мусаллам ас-субут»да ва унинг шарҳида Валийуллоҳ Лакнавий бундай деб ёзганлар:

«Кўпчилик олимлар фикрича, илмда афзал турганида афзал бўлмаганга тақлид қилиш жоиз бўлади. Бу фикрни аксари ҳанбалийлар ёқлаганлар. Уни Ибн ал-Ҳожиб ихтиёр қилган, муаллиф ҳам уларга эргашган. Имом Аҳмаддан ҳикоя қилинишича, устун фикрга назар солиш вожиб бўлади, деган. Бу имомийлар мазҳабининг ҳам ихтиёр қилганидир. Муқаллид ўзи тақлид қилмаётган мазҳабига тақлид қила оладими? Амал қилмаётган масаласида ёки ихтиёр қилган ҳукмидан бошқасида тақлид қила олади. Агар фатво сўраганининг фатвосига қаноатланадиган бўлса. Саҳобалар даврининг барчасида фатво сўровчилар бир марта бирор мужтаҳидга эргашса, бошқа маротаба умуман бошқа мужтаҳид сўзига амал қилаверганлар. Муайян бир мазҳабни лозим тутса, унда доим қолиши керакми? Қолиши керак, дейилган. Ҳатто айрим такаллуф қилувчилар: «Ҳанафий одам ўз имомининг мазҳабини тарк қилса, унга таъзир берилади», деганлар. Ҳақиқат шуки, ушбу гапнинг асло далили йўқ. Бу ҳолда ўзича шариат қилиб олган бўлади. Доим қолиши шарт эмас, дейилган. «ат-Тайсир шарҳ ат-Таҳрир»да буни энг тўғри фикр дейилган. Чунки, фақат Аллоҳ таолонинг ўзи вожиб қилган нарсаларгина вожиб бўлади. Хуллас, муайян мазҳабга тақлид қилиш вожиб бўлмайди, бошқасига ўтиш жоиз бўлади. Лекин, унинг бу иши улуғ мужтаҳидларни менсимаслик ёки ҳою ҳаваси учун бўлмаслиги лозим». Қисқартирилган ҳолда тамом.

Шунингдек, Баҳр ал-улум Мавлоно Абдулали «Мусуллам ас-субут» шарҳида ва «ат-Таҳрир»нинг шарҳида муайян мазҳабга тақлид қилиш шаръан вожиб эмаслигини ҳақиқат деганлар.

Бу бобдаги таҳқиқ шуки, авомларни бу хилдаги масалалардан узоқ тутиш лозим. Хусусан, бизнинг замондаги авомларга билдирмаслик керак. Уларнинг бирор мазҳабга тақлид қилишдан бошқа чоралари йўқ. Агар фаразан улар турли мазҳабларни ўз хоҳишларича ихтиёр қилаверадиган бўлсалар, динда фитналар юз беради, тил таъналарни чиқаради, улуғ имомларни ҳақорат қилишлар пайдо бўлади. Айниқса, Имом Аъзам Абу Ҳанифа ва бошқалар ҳақида айтадилар: «Бизнинг мазҳаблар билан ишимиз йўқ. Бизга Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари кифоядир». Мазҳабларга тақлид қилиш далилларга тақлид қилишнинг айни ўзгинаси, эканини улар билмайдилар. Аллоҳ жалла ва ъалонинг мана бу буйруғи:

فَاسْأَلُواْ أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لاَ تَعْلَمُونَ

«Агар билмасангизлар, зикр аҳлидан сўранглар!» (Наҳл, 43) ояти каримаси бунга адолатли шоҳиддир.

Бирор билимсиз бир олимни муқтадо қилиб, унга суянадиган бўлса, гарчи ўтган имомлар ундан кўра тақводорроқ бўлса ҳам, унинг учун шу олим афзал бўлиб ҳисобланади. Демак, ўтган имомларга тақлид қилиш ўрнига ўша олимга тақлид қилишни афзал деб ҳисоблайдиган бўлса, бу яхши бўлмаган устунликдир. Аллома Фахриддин аз-Зайлаъий «Шарҳ Канз ад-дақоиқ»да, Шайх ал-ислом Бадриддин Айний ва бошқалар аниқ қилиб ёзганлар:

الأحكام يتبدل بتبديل الأزمنة

«Ҳукмлар замонлар ўзгариши ила ўзгариб боради».

Бунга гувоҳ сифатиди Абу Довуд Ҳазрати Ойша (р.а.)дан ривоят қилган:

لو أدرك رسول الله صلى الله عليه و سلم ما احدثه النسآء لمنعهن من المساجد كما منعه نسآء بنى اسرائل

«Агар хотинлар пайдо қилган нарсаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрганларида эди, худди Бани Исроилнинг хотинларини ман қилингандек, уларни масжидлардан ман қилган бўлардилар».

Шу сабабдан «Ҳидоя» соҳиби ва Шамс ал-аимма Сарахсий, балки жумла ҳанафий ва шофиъий фақиҳлари бир неча ўринда масалаларни ёритганларидан сўнг бундай деб ёзганлар:

لكن هذا مما لا يفتى به الناس

«Лекин бу одамларга фатво берилмайдиган масалалардандир!».

Фиқҳ китобларига назар солиб юрувчига бу иш махфий эмас.

Демак, муҳаққиқ олимлар наздида муайян мазҳабни ихтиёр қилишнинг вожиб эмаслиги ҳақидаги равшан фикр бўлса-да, бироқ, замонамиздаги авомлар учун ихтиёр қилинган фатво муайян мазҳабга тақлид қилиш вожиб ёки мустаҳсан дейишдир. Чунончи, бу айрим олимлар фикри ҳамдир. Авомларни ушбу мазҳаб борасида ихтиёрли бўлиши ишидан ҳаргиз, ҳаргиз хабардор қилмаслик керак. Моҳир олим, мутаассибдан холи диндор ва тақводор бўлса, ўзининг ихтиёридаги мазҳабни тутавериши албатта авло ва яхшироқдир. Орифи раббоний Абдулваҳҳоб Шаъроний «Мезон»да ёзадилар:

«Бирор инсон Саййидим Али ал-Хавоссдан ҳозирда муайян мазҳабга тақлид қилиш борасида, унинг вожиб ёки вожиб эмаслиги ҳақида сўрайдиган бўлса, унга айтар эдилар: «Шариатнинг айни шоҳидликларига етмасанг, Бирорта мазҳабга тақлид қилишлик сенга вожиб бўлади. Жами мазҳабларнинг бир-бирига муттасил эканини кўрадиган бўлганингда эса сенга тақлид вожиб бўлмайди». Тамом.

Шоҳ Валийуллоҳ Деҳлавий «Ҳужжатуллоҳ ал-болиға»да ёзади:

«Таҳрир қилиб, тузилган тўрт мазҳабга тақлид қилишнинг жоизлигига бугунги кунгача уммат ижмоъ қилиб келган. Бунда масолиҳи мурсала қоидаси борлиги махфий эмас. Хусусан, ҳимматлар жуда ҳам камайиб кетган, нафслар ҳавога шўнғиган, ҳар бир фикр эгаси ўз фикри ила ифтихор қиладиган бу кунларда бу фикр айниқса муҳим. Ибн Ҳазмнинг тақлид ҳаром деган гапи хатодир». Тамом.

Яна «Иқд ал-жийд фий аҳком ат-тақлид»да қайд қилган:

«Билгинки, ушбу тўрт мазҳабни ушлашда катта маслаҳатли фойдалар бор. Улардан юз ўгиришда эса катта фасод-бузуқликлар бор. Биз сенга бунинг бир неча жиҳатларини баён қиламиз:

Биринчидан, уммат шариатни танишда ўтган олимларга суянишга ижмоъ қилиб келганлар. Демак, тобеъинлар саҳобаларга суянганлар, табъа тобеъъинлар эса тобеъинларга суянганлар. Шунингдек, ҳар бир табақадаги олимлар ўзларидан олдингиларга суянганлар. Қабул қилиш мана шу ишнинг яхши эканлигига далолат қилади. Агар ўтган олимларнинг гапларига суяниш аниқ бўлса, суянилаётган уларнинг гаплари саҳиҳ иснод билан ривоят қилинган бўлмоғи лозим ёки машҳур китобларда битилган бўлмоғи керак. Ушбу тўртта мазҳабдан бошқа ҳеч бир мазҳаб бу хилда эмас. Эй, Аллоҳ! Имомийлар ва зайдийлар мазҳаби ҳам бор. Улар бидъат аҳли бўлиб, уларнинг гапларига суяниш жоиз бўлмайди.

Иккинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: «Ўзингизга катта жамоани – саводи аъзамни лозим тутинг!». Ҳақ мазҳаблардан фақат мана шу тўрттаси қолган экан, демак, уларга эргашишлик саводи аъзамга эргашишлик демакдир». Тамом.

Яна «ал-Инсоф фий баён сабаб ал-ихтилоф»да келтирган:

«Одамлар аввалги ва иккинчи юз йилликларда муайян мазҳабга тақлид қилишда жамланмаган эдилар. Иккинчи юз йилликдан сўнг одамлардан мазҳаблашув юз берди. Муайян мужтаҳиднинг мазҳабига суянмайдиган кимсалар жуда оз эди. Бу нарса ушбу даврда вожиб бўлганди. Агар «Қандай қилиб бирор нарса бир замонда вожиб бўлади-ю, бошқа бир замонда эса вожиб бўлмайди, ахир шариат битта бўлса», деб сўралса, мен жавоб бераман: «Асли вожиб тафсилий далиллардан фаръий ҳукмларни таний оладиган кимсага тақлид қилишдир. Бунга ҳақиқат аҳли ижмоъ қилган. Агар турли йўллар вожиб бўладиган бўлса, таъйин қилмасдан йўллардан бирини таҳсил қилиш вожиб бўлиб қолади. Агар битта йўл бўлса, ўша йўлни махсус муайян қилинади. Чунончи, салафи солиҳлар ҳадисларни ёзмас эдилар. Сўнг бизнинг давримизда ҳадисларни ёзиб олиш вожиб бўлиб қолди. Чунки, ҳадис ривоятида ушбу китобларни танишдан бошқа йўл қолмади. Ўтганлар наҳв-сарф ва луғат билан ҳам машғул бўлмаганлар. Чунки, уларнинг тиллари арабча эди. Сўнг бизнинг кунларга келиб уларни ўрганиш вожиб бўлди. Демак, Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр шаҳарларида шофиъийларнинг ҳам, ҳанбалийларнинг ҳам, моликийларнинг ҳам мазҳаби йўқ, ушбу мазҳаб китоблари ҳам топилмайди. Шунинг учун ушбу шаҳарларда яшовчи билимсиз инсонга Абу Ҳанифа мазҳабига тақлид қилмоғи вожиб бўлади, унга ўз мазҳабидан чиқиши ҳаром бўлади. Ҳарамайнда яшаган кимсага ундай эмас. Чунки, у ерда жами мазҳабларни топиш имконияти бор». Тамом.

Гапнинг хулосаси шуки, билимсиз кимса бирор мазҳабни лозим тутмайдиган бўлса, тақводор бир олимнинг гапига амал қилсин. Шарт шуки, ўша билимсиз динни енгил санашдан, мужтаҳид имомларга таъна қилишдан ва бошқа шунга ўхшаш беодобликларда холи бўлиши керак. Шунингдек, у суянаётган олимнинг масалаларни таҳқиқ қилиш бобида тўлиқ маҳорати бўлсин. Унда ҳам таассуб асари бўлмасин, унинг тилидан мужтаҳид олимларга таъна қилиш содир бўлмасин. Шу суратда ўша кимса муайян мазҳабни лозим тутмаслик бобида ихтиёрлидир. Лекин, бизнинг давримизда на бундай диндор олим ва на бундай билимсиз тақводор учрайди. Ин ша-Аллоҳ, бундайлар ҳам учраб қолар….

Валлоҳу аълам би-с-савоб ва ҳува аъламу би-л-Китоб!

Абдулҳай Лакнавий. Мажмуат ал-фатово. 1-жилд. – Лакнав: Юсуфий, 1907. – Б. 22-25.

Ҳамидуллоҳ Беруний таржимаси

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Ота-она вафотидан сўнг уларга қилинадиган 4 яхшилик

21.01.2025   2797   8 min.
Ота-она вафотидан сўнг уларга қилинадиган 4 яхшилик

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

عَنْ أَبِي أُسَيْدٍ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَلَّمَهُ رَجُلٌ مِنْ بَنِي سَلَمَةَ وَأَنَا عِنْدَهُ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أَبَوَايَ قَدْ هَلَكَا، فَهَلْ بَقِيَ عَلَيَّ مِنْ بِرِّهِمَا شَيْءٌ؟ فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «نَعَم، أَرْبَعَةُ أَشْيَاءَ: الصَّلَاةُ عَلَيْهِمَا، وَالْاِسْتِغْفَارُ لَهُمَا، وَإِنْفَاذُ عُهُودِهِمَا مِنْ بَعْدِهِمَا، وَصِلَةُ رَحْمِهِمَا الَّتِي لَا رَحْمَ لَكَ إِلَّا مِنْ قِبَلِهِمَا»، فَقَالَ الرَّجُلُ: مَا أَكْبَرَ هَذَا أَوْ مَا أَطْيَبَهُ يَا رَسُولَ اللهِ. قَالَ: «فَاعْمَلْ بِهِ».

Абу Усайддан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Бану Салама қабиласидан бир киши келиб, гаплашди. Мен у зотнинг олдиларида эдим. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, ота-онам ўтиб кетдилар. Зиммамда уларга яхшилик қилишимдан бирор нарса қолдими?» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Ҳа! Тўрт нарса қолди: уларга дуо қилишинг, уларга истиғфор айтишинг, икковларидан кейин уларнинг ваъдаларини бажаришинг ва икковлари томонидан сенга қариндош бўлганларга силаи раҳм қилишинг», дедилар.

Шунда ҳалиги одам: «Бу қандай ҳам улуғ!» ёки «Қандай яхши, эй Аллоҳнинг Расули!» деди.

«Энди шунга амал қил!» дедилар».

Шарҳ: Аслида вафот этган одамнинг бу дунёда қилган амаллари асосида охиратдаги мақоми белгиланади. Унинг заррача яхшилиги ёки ёмонлиги бўлса ҳам ҳисобга олинади. Аммо Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссалом умматига раҳм кўрсатиб, уларнинг ўлимларидан кейин ҳам ортларидан савоб етиб боришига ва уларнинг охиратдаги мақом ҳамда даражаларининг ортиб боришига йўл очиб қўйган.

Ана шу йўллардан тўрттаси ушбу ҳадиси шарифда кўрсатилмоқда.

Фарзанд ота-онаси тириклигида уларнинг хизматини қилиб, розилигини олиб, яхшиликлар қилиб ўтишга тарғиб қилинади. Лекин ота-она вафот этганларидан кейин ҳам, ушбу ҳадисда келган таълимотга биноан, уларга тўрт хил яхшилик қилса бўлар экан.

1. Дуо қилиш.

Ота-оналарининг ҳаққига Аллоҳ таолодан яхшиликлар – жаннат, хайр-баракалар сўраб дуо қилиш фарзанднинг ўз ота-онасига уларнинг вафотларидан кейин ҳам қиладиган яхшиликларидандир. Бу дуолар ота-онага бориб туради, уларнинг аъмоли хайрларига қўшилиб туради. Бу билан фарзанд уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.

2. Истиғфор айтиш.

Ота-онасининг гуноҳини кечишини Аллоҳ таолодан сўраб, истиғфор айтиш. Фарзанд ўтиб кетган ота-онасига Аллоҳ таолодан мағфират сўраб турса, уларга вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилишда давом этган бўлади.

Ўтиб кетган ота-онасига мағфират сўрайдиганларнинг энг яхшиси намозхонлардир. Намозхон ҳар намозининг охирида, дуо қабул бўладиган бир мақомда, салом беришдан олдинги дуосида ота-онасига мағфират сўрайди.

3. Ота-онанинг ваъдаларини бажариш.

Ота-она ким биландир аҳд тузган бўлса, берган ваъдаси бўлса, мажбуриятлари бўлса – шуларнинг ҳаммасини ўрнига қўйиб, васиятларини бажариш ҳам ота-онанинг орқасидан қилинадиган яхшиликлар қаторига кирар экан. Бу ишлар билан ҳам фарзанд уларга худди тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.

4. Ота-онанинг дўстлари, яқин кишилари, қариндошларига яхшилик қилиш.

Шу йўл билан ҳам фарзанд ота-онасига улар ўтиб кетганларидан кейин ҳам яхшилик қилиши, орқаларидан савоблар етказиб туриши мумкин экан. Ким бу ишни мунтазам қилса, уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Мусулмон фарзанд ота-онасига уларнинг вафотидан кейин ҳам яхшилик қилиш ҳаракатида бўлиши.

2. Ота-онага уларнинг ўлимидан кейин ҳам яхшилик қилиш мумкинлиги.

3. Фарзанд вафот этган ота-онаси ҳаққига дуо қилиб туриши лозимлиги.

4. Фарзанд вафот этган ота-онаси ҳаққига истиғфор айтиб туриши кераклиги.

5. Фарзанд вафот этган ота-онасининг аҳдига вафо қилиши кераклиги.

6. Фарзанд вафот этган ота-онасининг дўстлари, яқинлари ва қариндошларига яхшилик қилиб туриши кераклиги.

Бундан тушуниб оламизки, ота-она ўтиб кетса ҳам, уларга яхшилик қилишнинг эшиклари очиқдир. Мана шу ривоятда келганидек, боланинг зиммасида ота-онанинг яна тўртта ҳаққи қолар экан. Уларни бажариш боланинг вазифаси экан.

عَنْ هَمَّامٍ قَالَ: قُلْتُ لِكَعْبٍ: أَحْتَسِبُ عِنْدَ اللهِ مَا فَاتَنِي مِنْ بِرِّ الْوَالِدَيْنِ. قَالَ: لَمْ يَفُتْكَ بِرُّهُمَا، اسْتَغْفِرْ لَهُمَا، وَاجْعَلْ لَهُمَا حَظًّا مِنْ صَلَاتِكَ وَصِيَامِكَ وَصَدَقَتِكَ تَكُنْ مِنَ الْأَبْرَارِ، إِنْ شَاءَ اللهُ.

Ҳаммамдан ривоят қилинади:

«Каъбга: «Ота-онага қилолмай қолган яхшилигим учун ҳам Аллоҳдан савоб умид қиламан», дедим.

«Уларга яхшилик қилишинг ўтиб кетгани йўқ. Улар учун истиғфор айт. Уларга намозингдан, рўзангдан ва садақангдан насиба ажрат. Иншааллоҳ, яхшилик қилувчилардан бўласан», деди».

Шарҳ: Ровий Ҳаммам ўзини қийнаб юрган масалани Каъбул Аҳборга дилидан чиқариб баён қилди: «Ота-онамга қилолмай қолган яхшиликларим учун Аллоҳнинг Ўзидан сабр сўрайман», деди.

Мана шу гап уни доимо қийнар эди. Ота-онаси тирик чоғида уларга кўнгилдагидек хизмат қила олмади. Улар ўтиб кетганларидан кейин қадрларини тушуниб етди. Энди афсус-надомат чекмоқда. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, дегани шу экан-да. Ота-она тирик чоғида, олдида турганларида уларнинг қадрини тушуниб етмабди. Дунёнинг ташвишини қилибди. Болам-чақам, дебди. Мана, энди афсус қилмоқда. Қани эди, ҳозир ота-онаси тирик бўлсалар-у, у кечаю кундуз ихлос билан хизматларини қилиб, дуоларини олса. Афсус, афсус! Энди иложи йўқ. Улар қайта тирилиб келишмайди. Ҳаммам уларга яхшилик қила олмайди. Бутун умри афсус билан ўтади.

Каъбул Аҳбор кутилмаганда Ҳамманинг хаёлида йўқ гапни айтиб қолди.

«Уларга яхшилик қилишинг ўтиб кетгани йўқ. Улар учун истиғфор айт. Уларга намозингдан, рўзангдан ва садақангдан насиба ажрат. Иншааллоҳ, яхшилик қилувчилардан бўласан», деди».

Ҳа, ота-онангга яхшилик қилолмай қолганинг йўқ. Улар вафот этиб кетган бўлсалар, ҳозир ҳам ортларидан яхшилик қилсанг бўлаверади. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига меҳрибон Зот. У бизга ота-оналаримизга уларнинг ўлимидан кейин ҳам орқаларидан яхшиликларимиз етиб борадиган эшикларни очиб қўйган. Бунинг учун сен уларнинг икковларига истиғфор айтиб тур. «Аллоҳим, отамни мағфират қил, онамни мағфират қил, гуноҳларини кечир», деб тур.

Ота-онангга намозингда дуо қилиб тур. Рўзангдан ҳам уларга насиба ажрат. Савобини уларга бағишла. Уларни йўқлаб, садақа қилиб тур. Ўша садақанинг савобини уларга бағишла. Бу ишларинг ота-онангга худди тириклик чоғларида яхшилик қилганингдек бўлади.

Демак, инсон ота-онасининг ортидан дуо қилиш, уларга истиғфор айтиш, намозидан, рўзасидан, садақасидан ҳосил бўлган савобларни бағишлаб туриш билан ҳам ота-оналарига қиладиган яхшилигини давом эттириши мумкин экан.

Фарзанднинг ота-онасининг ўлимидан кейин уларга яхшилик қилиши ушбу икки ривоятда зикр қилинган нарсалар билан чекланиб қолмайди. Балки булардан бошқа ишлар билан ҳам ота-онага уларнинг вафотларидан кейин яхшилик қилиш мумкин. Ана шундай ишлардан баъзилари кейинги бобларда келади.

  «Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.