Инсон бу дунёда жисмонан соғлом бўлиб яшаши учун сув ва ҳавога қанчалик муҳтож бўлса, маънан миллий қадриятларга, маърифатга шунчалик эҳтиёж сезади.
Бу қадриятларнинг, маърифатнинг илдизи Ислом таълимоти билан суғорилган бўлса, икки карра саодатдир! Аксинча бўлса, қашшоқликдан бошқа нарса эмас.
Сўнгги пайтларда интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда, босма нашрларда тарқатилаётган хабарлар, мақолаларни ўқиб, кишининг ҳайрати ошади. «Ўргимчак тўри» шунчалар ривожландики, фикрингиз бўғзингиздан товуш бўлиб чиқар-чиқмас, бутун дунёга тарқалиб кетяпти. Бу – яхши, албатта: мақолани кўрасиз, кузатасиз, ўқийсиз, уқасиз ва хулоса чиқарасиз.
Бугун мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва ҳақ-ҳуқуқлари таъминланиб, халқнинг чинакам минбарига айлантирилаётган бир пайтда, асоссиз «шов-шувлар» кетидан қувиб, ўқувчиларни чалғитиш, муқаддас динимизнинг софлигига путур етказишни касб қилиб олаётганлар ҳалиям борлиги кишини ўйга толдиради.
Минг афсуски, сўнгги вақтларда айрим нохушликларни Ислом шиорлари билан боғлаб ёритиш – «масжид бундай бўлди», «имом бундай қилди» дейиш ҳолатлари учраётгани кишини ташвишга солади. Булардан мақсад нима? Шундай нобакор йўл орқали, яъни диний қадриятлар шаънига путур етказиш эвазига арзонфуруш мақола билан омманинг эътиборини жалб қилишдан кимга нима наф?...
Хўш, аслида танқид қандай бўлиши керак?
Келинг, маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ёзганларига қулоқ тутайлик: “Мажалла (ойнома) ва жаридалар (рўзнома)нинг катта бир хосияти танқид, яъни сараламоқдур. Саррофлар ақчани, тужжорлар матўни саралаганидек, муҳаррирлар ҳам умумий ҳол ва маишатға тааллуқ нимарсаларни саралайдурки, бошқа сўз ила «танқид» аталур”. («Ойна» журнали, 1914 йил 32-сон).
Танқид ўринли, асосли, жамиятда урчиган иллатларга муросасиз бўлиш, инсон манфаатларини таъминлаш, муқаддас динимиз софлигини асраш ниятида ёзилган бўлса, халқнинг таҳсинига сазовор бўлиши тайин. Бироқ миллий қадриятларимизга тош отиш, муқаддас динимиз шиорларини обрўсизлантиришга бўлган ҳар қандай уриниш оқибати ҳалокатлидир.
Кўнглидан ўтган фикрни ақл тарозисига солмай, мулоҳаза қилиб пишитмай, динимиз мезонларига риоя қилмай, тайёр хом ашё сифатида сохта обрў орттириш илинжида мақолага кўр-кўрона киритиб юбориш танқид эмас. Ахборот тезлиги асрида айтилган гап – отилган ўқ. Бориб теккан, ўрнашган жойини куйдириб юборганидан сўнггина ҳушимизга келамиз.
Айрим мақолаларда келтирилган фактлар масжиддан анча олисда содир бўлган эсада, сарлавҳага «масжид» сўзи олиб чиқилган. Халқимиз «Аллоҳнинг уйи» дея меҳр ила улуғлаб, эъзозлайдиган, азизу муқаддас ва табаррук жойни инсон айтишга ҳам уяладиган сўзлар билан ёнма-ён ишлатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!!!
Қандай вазифада ишлаши ёки ижтимоий мавқеидан қатъи назар, Ислом шиорларини ёмонотлиқ қилишга уриниш халқ мутлақо кечирмайдиган қинғир иш ва асрлар давомида эсидан чиқармайдиган нарса! Айрим кишилар матбуот соҳасидаги эркинликни суистеъмол қилиб, ҳурмат-эҳтиром каби инсоний туйғулар, шарқона одоб-аҳлоқ, миллий-диний анъаналар, ўлмас қадриятлар ва умумбашарий қонун-қоидалар каби олий мезонларга риоя қилмаётгани – хавотирли ҳолатдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф сураси, 18-оят), деб баён қилган.
Бошқа бир ояти каримада эса: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!» (Ҳужурот сураси, 6-оят), деб марҳамат қилинади.
Ушбу ояти карималардан журналистнинг айтганлари ва ёзганларини кузатувчи фаришталар борлиги, вақт-соати етиб «дафтар кўтарилганда», бугун ёзганлари эртага ўзларининг фойда ёки зарарларига ҳужжат бўлишини тушуниш учун Ислом таълимоти шарт эмас, балки ота-онасидан олган тарбияси (агар олган бўлса) етиб ортади. Шундай экан, ҳар қандай нохуш ва бемаъни материалларни одамларни ҳайратга соладиган қилиш учун Ислом шиорларига қасддан боғлашдан сақланиш керак!
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам муборак ҳадиси шарифларида: «Эшитган нарсасини гапиравериши кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя» дейилган.
Имом Муслим ривояти.
Демак, эшитган нарсани ёзавериш, билиб-билмай динимизни маломат қилавериш кечирилмас гуноҳ.
Ҳаммани лол қолдирадиган ё кенг оммани жалб этадиган материал ёзаман дея, арзон шуҳратга учиб, Ислом шиорларига зарар етказиш – журналистика этикасига ҳам, миллатимиз ахлоқига ҳам, муборак динимиз таълимотига ҳам мутлақо тўғри келмайди!
Ҳар бир сўзимизни ёзишга чоғланар эканмиз, онгимизда Аллоҳ таоло ва Унинг Расулининг бизни огоҳлантирган каломлари, аждодларимиз ибрати, Ислом дини қадр-қиммати шаклланса, сўз айтиш масъулиятини янада теранроқ англаган бўлар эдик. Зотан, қалам аҳлларининг шарафли касбида қўлга киритадиган ютуқларини таъминловчи муҳим омил шу аслида.
Шу ўринда яна бир жиҳатни таъкидлаш керак. Оммавий ахборот воситаларига оид қонун ҳужжатларида ҳам бирор-бир ташкилот ёки шахс фаолиятига оид хабарни тарқатишдан аввал, унинг тўғрилиги ва ҳаққонийлигини текшириш қайд этилган. Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунининг (янги таҳрири) 5-моддасида: «Оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади», деб алоҳида кўрсатиб қўйилган.
Халқимиз ардоқлайдиган мўътабар масканларга шундай муносабатда бўлиш – юртимиз тинчлигига рахна солиш, халқ орасида фитна қўзғатиш ёки «кўринмас кучлар»нинг найрангига учишдан бошқа нарса эмас. Бундай хатолар такрорланмаслиги учун муқаддас динимиз шаънига путур етказаётган кимсаларга етти ўлчаб, бир кесмаса, ишини Худонинг Ўзи «тўғрилаб» қўйиши мумкинлигини эсларидан чиқармасликларини таъкидлаймиз.
Бугунги «шуҳрат»чанинг кетидан қувиб, «миш-мишлар»га учиб, уйдирма ахборот тарқатаётган, асоссиз мақолалар ёзиб, динимизни ҳақоратлаётган муаллифлар тутумида, фикру зикрида шайтоний «мен!» устувор. Улар «мен»ини кибр билан йўргаклаб олишган. Бундайларни, аввало, огоҳлантириш зарур.
Халқимиз ардоқлайдиган мўътабар масканларга, мўмин-мусулмонларимизга пешво бўлиб турган устозларимизга шу каби муносабат билан ёндашиш – юртимиз тинчлигига рахна солиш, халқ орасида фитна қўзғатиш ёки «кўринмас кучлар»нинг найрангига учиш, деб ҳисоблаймиз.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, жаннатмакон юртимизда туғилиб ҳам, муқаддас Ватанимиз тупроғида яшаб ҳам, доно халқимиз чин ихлос билан эътиқод қилаётган динда бўлиб ҳам, Ислом дини қадриятлари, шаъни ва қадр-қимматини таратаётган уламоларимизни обрўсизлантиришга қаратилган қилиқлар кимга бўлса ҳам умуман ярашмайди!
Иброҳимжон Иномов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
“Эй инсонлар! Аллоҳга ва Унинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтиринглар ҳамда У Зот Сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан, яъни вақтинча қўлларингизда турган, эрта бир кун сизлар истасангиз-истамасангиз ўзгаларни қўлларига ўтиб кетадиган Аллоҳ берган мол-давлатдан инфоқ-эҳсон қилинглар! Бас, сизлардан иймон келтирган ва инфоқ-эҳсон қилган зотлар учун катта ажр-мукофот бордир!” (Ҳадид сураси, 7-оят).
Халифа деб таржима қилинган сўз Қуръонда “мустахлафийна” деб келади. Бу сўз луғатда ўзини ўрнига бирор кишини ўринбосар қилмоқ маъносида – эгасини ўрнига бир ишни бажарадиган кишига ишлатилади. Масалан: Мол-мулк, сиз унда мустахлафсиз, яъни у сизни қўлингизда омонат, ҳақиқий эгаси сиз эмассиз, омонатдор қўлсиз холос! Уни сизга Аллоҳ кўрсатган ўринга ишлатишингиз учунгина берилган!
Бир тўда туяси бор аъробийдан сўрашди, бу туялар кимники? Аъробий гўзал жавоб берди: Менинг қўлимда турган, Аллоҳнинг мулки! Мени қўлимда турган, Аллоҳнинг мулки! Яъни, бу Аллоҳники! Мен уни тасарруф қилишга масъулман холос.
“Мустахлаф” сўзини яна ҳам кенгроқ тушунсак, мол-мулкда сиз мустахлафсиз. Сиҳат-саломатлик! Сиз унда мустахлафсиз! Уни ўзини ўрнида ишлатишингиз лозим бўлади. Жамиятда ҳар бир кишини ўз вазифаси, ўрни бор. Сизни ҳам ўз ўрнингиз, вазифангиз бор. Ночорга ёрдам бериш, кучсизни ҳимоя қилиш ҳам жамият аъзоларини вазифаларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ сизга илм берган. Сиз унда мустахлафсиз! Ўзини ўрнида ишлатишга, яхши-ёмонни эслатишга, ҳалол-ҳаромни билдиришга масъулсиз! Аллоҳни олдида жавобгарсиз!
Аллоҳ айтади: “Мен ерда Одамни халифа қилмоқчиман” (Бақара сураси, 30-оят).
Инсон-Аллоҳ уни қўлига мол-мулк бериб, уни омонатдор қўл қилган Аллоҳни ердаги халифаси. Мол-мулк бизники эмас. Аслида бизники бўлмаган нарса қандоқ қилиб бизники бўлсин. Яъни, мени қўлимдаги мулк меники эмас, уни қўлидаги мулк уники эмас, сизни қўлингиздаги мулк ҳам сизники эмас. Биз уни ҳақиқий эгаси эмасмиз. Биз тановул қилсак тугатамиз, кийсак эскиртамиз ва аммо, садақа қилганимизнигина ўзимизга олиб қоламиз!
Бир одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бир қўйни ҳаммасини тарқатдим фақатгина қўли қолди холос деди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: Йўқ ундай эмас, қўлидан бошқа ҳаммасини олиб қолибсан, дедилар. Яъни, садақа қилганинг охиратга захира бўлиб ўзингда қолади. Олиб қолганинг тугаб тамом бўлади.
Эй биродарим! "Мустахлаф" сўзи жуда кенг маънода тушунилади. Масалан сени мошинанг бор, сен унда мустахлафсан.
Ҳақиқатда ёрдамга муҳтожларни ҳожатларига уни ишлатсанг уни ҳаққини адо этган бўласан. Гуноҳ, кўнгилхуши учун ёки шунчаки айланиб келиш учун эмас, ҳақиқатда шунга эҳтиёжи бор, чорасиз турган одамга ёрдам беришга масъулсан! Инсон унга берилган ҳар бир насибада, иқтидорда, илмда, ҳунарда, шижоатда, куч-қувватда, ғайратда барча барчасида мустахлафдир. Мол-мулк неъмат ҳисобланмайди. Уни қай ўринга ишлатилишига қараб туради.
Агар Аллоҳ рози бўладиган-тоатга, муҳтож-у ночорларга хайр-саховатга, ўзи масъул бўлганларни нафақаларига ишлатилсагина неъмат ҳисобланади. Ундай бўлмаса-гуноҳу маъсиятга, кайфу-сафога, фойдасиз ўринларга ишлатилса-бало бўлади, офат бўлади!
Муҳаммад Ротиб Нобулусий суҳбатларидан
“Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчиси Адҳам ЮСУПОВ таржимаси.