Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Май, 2025   |   20 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:25
Қуёш
05:02
Пешин
12:24
Аср
17:26
Шом
19:41
Хуфтон
21:11
Bismillah
18 Май, 2025, 20 Зулқаъда, 1446

Марокашда таълим, фан, маданият масалаларини бўйича халқаро анжуман бошланди

23.12.2022   1256   1 min.
Марокашда таълим, фан, маданият масалаларини бўйича халқаро анжуман бошланди

Марокаш подшоҳлигининг Работ шаҳрида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ICESCO)нинг халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Мазкур нуфузли анжуманда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов ҳам иштирок этмоқда, дея хабар бердиа Aкадемия Aхборот хизмати. Конференция “Мусулмон дунёсида тараққиётнинг стратегик индикаторлари: Билим индикатори модел сифатида” мавзусидаги 1-маслаҳатлашув учрашуви билан ўз ишини бошлади.


Очилиш сессиясида ICESCO Бош директори Салим ал-Маликнинг мурожаати тингланди. Ўз навбатида Муҳаммад ал-Мактум фонди ижрочи директори, профессор Жамал бин Ҳувайреб, ҳамда UNDP бош техник маслаҳатчиси ва билим лойиҳаси директори Хани Турки анжуман иштирокчиларига мурожаат йўлади.


Шундан сўнг “Билим жамиятларини қуриш ва баҳолашни муҳокама этишнинг энг муҳим муаммолари бўйича” сессияси ўтказилди.
Расмий тадбирлардан сўнг Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийрати ва ислом цивилизацияси халқаро кўргазмаси ва музейига ташриф ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, ташкилот 1979-йилда ташкил топган бўлиб, бош қароргоҳи Марокаш давлати пойтахти Работ шаҳрида жойлашган. Ташкилот томонидан аъзо давлатлар ўртасида таълим, фан, маданият ва коммуникация соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқлар ҳамда динлар ўртасида дўстона муносабатларни ўрнатишга муҳим эътибор қаратиб келинмоқда. Ислом олами ва дунё тамаддуни ривожида Ўзбекистон Республикасининг ўрни беқиёс бўлгани боис ICESCO ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар

Аллоҳнинг ёрдами яқин

16.05.2025   3431   3 min.
Аллоҳнинг ёрдами яқин

Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир ажойиб ҳолат ҳақида фикр юритдим: баъзида мўминнинг бошига бир иш тушса, у астойдил дуо қилади, аммо дуоларининг ижобати кўринмайди. Умидсизликка тушай деганда, унинг қалбига қаралади. Агарда у Аллоҳнинг фазлидан умидини узмагани ҳолда тақдирига рози бўлса, дуонинг ижобати тезлашади. Бу маънолар Аллоҳ таоло нозил қилган ояти каримада ўз ифодасини топган: «...Ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: “Аллоҳнинг ёрдами қачон (келар экан)?» деган эдилар. Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг ёрдами (ҳамиша) яқиндир”»[1].

Шундай ҳолат Яъқуб алайҳиссалом билан ҳам бўлган. У зотнинг ўғиллари Юсуф алайҳиссалом дом-дараксиз йўқолиб қолганида, кушойиш келишидан ноумид бўлмаганлар. Кейинги ўғиллари ҳам тортиб олинганида, у зот Аллоҳнинг фазлидан умидларини узмаганлари ҳолда: «...Шоядки, Аллоҳ уларнинг (Юсуф, Бинямин ва Мисрда қолган ўғлимнинг) барчаларини (бағримга) қайтарса...»[2], деганлар.

“Дуойимнинг ижобат бўлиш муддати узайиб кетди”, деб қайғурманг. Аллоҳ таоло сизнинг тазарруингиз, ялиниб-ёлворишларингизни кўришни ирода қилмоқда. Сизни қилган сабрингизга ажр ила мукофотламоқчи. Сиз шайтон билан жанг қилишингиз учун ҳам дуойингизнинг ижобатини кечиктириш ила сизни синаяпти.

Гоҳида Аллоҳ таоло сизнинг азиймат, қатъиятингиз нақадар қувватли экани ва балога қанчалик сабрли эканингизни кўриш учун ҳам дард бериб имтиҳон қилади. Агар сабр қила олсангиз, демак, сиз итоаткор бандалар сафидасиз. Борди-ю, иродасизлик қилсангиз, зиёнкорлардан бўласиз. Сабрдан кейин фақат ва фақат ечим, ёруғ кунлар бор.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу  анҳу: “Сабр қилсанг, ажрга эга бўласан, барибир ёзилгани бўлади. Сабрсизлик қилсанг, гуноҳкор бўлиб қоласан, барибир ёзилгани бўлади”, деганлар.

Шоир айтади:

Балою имтиҳон келса, аларга ҳар он ризо кўрсат,
Синов берган сиҳатни ҳам Ўзи бергай аниқ, албат.
Бандасига не ҳукм этса, ҳикмати бор, итоат қил,
Битганидан қутулмоқлик чорасиздир, бил, эй ғофил!
Ноумидлик ханжарини кўкрагингга урма аммо,
Ки Аллоҳнинг қудратила ечилгайдир ҳар муаммо.

 Аллоҳдан умидингизни узманг. Синовларга сабр қилинг, шундагина улкан ажрларни қўлга киритасиз. Фазл ибн Саҳл айтади: “Касалликларда неъматлар бор”. Бу борада қуйидагиларга эътиборли бўлинг:

– гуноҳлардан тозалаш;
– савобни қўлга киритиш;
– ғафлатдан уйғониш;
– соғлик неъматини эслаб қўйиш;
– тавбага шошилиш.

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Бақара сураси, 214-оят.
[2]  Юсуф сураси, 83-оят.