frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

“Гуруҳдош-каналдош” дўстлардан огоҳ бўлинг!

21.12.2022   1804   3 min.
“Гуруҳдош-каналдош” дўстлардан огоҳ бўлинг!

Тошкент ислом институтида ёшларнинг мафкуравий иммунитетини янада ошириш, турли оқимларнинг ёт ғоялари таъсирига тушиб қолишини олдини олишга қаратилган тадбирлар доирасида Ички ишлар вазирлиги терроризм ва экстермизмга қарши курашиш бош бошқармаси масъул ходими Абдумалик Каримов “Экстремистик ва террорчи ташкилотларнинг бутунжаҳон интернет тармоғидаги тарғибот ва ёллаш фаолиятининг хусусиятлари” мавзусида маъруза билан иштирок этди.
Тадбирни ТИИ Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Умиджон Ходжаев кириш сўзи билан очиб берди.
Бугунги кунда экстремизм ва терроризм масаласи дунёдаги энг глобал муаммога айланиб бормоқда. Уларнинг амалга ошираётган хунрезлик ва қабиҳ ишларини бутун инсоният қаттиқ қораламоқда. Янада қабиҳроқ томони шундаки, улар қилаётган ишларини дин ниқоби остида, муқаддас ислом динини асл моҳиятларини бузган ҳолатда амалга оширмоқда. Улар ўз тарғиботларини кенгайтириш учун оммавий ахборот воситалари, замонавий технологиялар, интернет каби глобал тармоқлардан максимал даражада фойдаланаётганлиги кишини ўйга толдиради. Чунки, ҳозирги кунда интернет тармоғи инсонлар, айниқса, ёшлар ҳаётининг асосий қисмига айланиб улгурган. Шу ва бошқа жиҳатларни эътиборга олиб, бу глобал муаммога қарши маънавий-маърифий кураш билан бир қаторда унинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқишни талаб қилади. Бундан мақсад фуқароларимизнинг бундай нобакорлар сафига билиб-билмай қўшилиб қолишнинг олдини олишдан иборатдир.
Реал ҳаётимиздагидан кўра, виртуал ҳаётда кўпроқ одамлар билан дўст тутинамиз. Уларнинг аслида кимлиги, дўстлик таклиф қилишдан мақсади нелиги билан эса қизиқиш ҳаёлимизга ҳам келмайди. Бу эса бизнинг энг катта камчиликларимиздан биридир. Қаранг, салафи солиҳларимиз ким билан дўст бўлиш ҳақида муайян дастур тузиб қўйган эканлар.
Алқама ибн Лабид раҳматуллоҳи алайҳ ўғлига насиҳат қилиб деди:
“Эй ўғлим! Вақтики келиб дўст тутишга эҳтиёж сезганингда, тўғри келган одам билан дўст тутиниб кетавермагин! Балки, дўстинг сенга маънавий зийнат берувчи фозил бўлсин! Енгилтаклик қилганингда сени тартибга солувчи носиҳ бўлсин! Бошингга мусибат тушганда сенга далда бўлувчи мард бўлсин! Ҳақ гапни айтганингда сени тасдиқлаб, қўллагувчи содиқ бўлсин! Ёрдамига муҳтож бўлганингда ёрдамини аямайдиган саҳий бўлсин! Унга дўстона қўл чўзганингда у ҳам сенга қўл чўзувчи самимий бўлсин! Сенинг яхши ишларингга муносиб баҳо берувчи одил бўлсин! Камчиликларингни яширувчи олийжаноб бўлсин! Унинг ортидан сенга кулфат келмайдиган бўлсин! У туфайли ҳаётинг остин-устин бўлиб кетмайдиган бўлсин! Омма олдида сени хўрламайдиган бўлсин!”
Бу насиҳат ўз даври одамларига нисбатан бугунги замон одамлари учун зарурроқ, десак тўғри бўлади. Чунки илгарги одамларнинг минглаб-минглаб дўстлари, гуруҳдошлари, каналдошлари бўлмаган. Улар ўз маҳалласи, нари борса қўшни маҳалладаги танишлари билангина дўстлик риштасини боғлай олганлар холос. Биз эса бугун уйда ўтириб, сайёрамизнинг нариги нуқтасидаги одамга ўз сирларимизни очяпмиз, дардимизни айтиб ҳолимиздан шикоятлар қиляпмиз. Салафи солиҳлар ўгитларига кўра, ижтимоий тармоқлардаги «дўстларимиз»нинг кимлиги билан жидий қизиқиб қўйсак, сирларимиз айниқса, шахсий маълумотларимизни кимлар билан бўлишаётганимизга аҳамият берсак фойдадан ҳоли бўлмас экан!

 

ТИИ Матбуот хизмати

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Малайзия телеканалида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятлари кенг ёритилди

17.08.2026   41794   2 min.
Малайзия телеканалида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятлари кенг ёритилди

Малайзиянинг “Berita RTM” телеканалида Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган махсус дастур намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида эфирга узатилган ушбу кўрсатувда малайзиялик профессорлар – Бадрул Иса ва Норфадилаҳ Камаруддин томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон–Малайзия: креатив туризм” номли лойиҳа тақдим этилди.

Олимлар ташаббуси билан яратилган мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси, Туризм қўмитаси ва Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида амалга оширилди.

Ташаббус Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари ҳақида “Visual storytelling” форматида профессионал рақамли контент яратишни назарда тутади.

Лойиҳага кўра, 17–31 август кунлари Малайзия UiTM технология университетининг профессионал фотографлари ва дизайнерларидан иборат ижодий жамоа Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда суратга олиш ишларини олиб боради.

Малайзиялик ижодкорлар юртимиз ҳақида тайёрлаган фото ва видеоматериаллар “Instagram”, “Facebook”, “TikTok”, “YouTube” каби интернет платформаларда жойлаштирилиши режалаштирилган. Лойиҳада юртимиз олий ўқув юртларининг дизайн, санъат, туризм ва меҳмонхона бизнеси йўналишидаги талабалари ҳам иштирок этади. Бу академик, туризм ва ижодий соҳаларда тажриба алмашишни ташкил этиш имконини беради.

Дастурда фикр билдирган Бадрул Иса лойиҳа АСЕАН мамлакатлари ва мусулмон оламида Ўзбекистонни янада кенгроқ танитишга хизмат қилишини таъкидлади. Унинг фикрича, рақамли платформалар орқали мамлакатимиз тарихий мероси, зиёрат туризми ва амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлари кенг ёритилади.

“Биз бой тарихий мерос, юксак маданият ва меҳмондўст халққа эга бўлган Ўзбекистонни АСЕАН минтақаси аҳолиси томонидан қайта кашф этилишини истаймиз”, – деди профессор.

Шунингдек, у Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, лойиҳа натижалари ушбу санага муносиб совға бўлишини қайд этди.

Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини оммалаштириш ва АСЕАН мамлакатларидан кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари