frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Ҳавас қилинг, етарсиз муродга!

15.12.2022   2463   4 min.
Ҳавас қилинг, етарсиз муродга!

Ривоят қилишларича, бир киши қишлоқда куч-ғайратга тўла 120 ёшга кирган отахонни кўриб қолади. Ҳайрон бўлиб ундан сўрайди: “Бу ёшда шунча шижоат қаердан?” Мўйсафид шундай жавоб беради:

                                Ташладим ёмон иллат ҳасадни,

Худо берди бу ғайратли жасадни.

Англаганингиздек, бу галги мулоҳазамиз ҳавас ва ҳасад тўғрисида. Суҳбатдошимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази мутахассиси Равшан домла Ўринбоев

Аввало, суҳбатимизни ҳавас ва ҳасад нима деган саволга жавоб олишдан бошласак. Динимизда бу борада қандай тушунтиришлар берилади?

– Агар кимки, бировга берилган неъматга ёмон ният билан қараб, ўша неъматни ундан кетиб, ўзига берилишини хоҳладими, бу ҳасад. Аксинчи бундан хурсанд бўлиб, ўша неъматни эгасида қолиши ва ўзига ҳам шунга ўхшаган неъмат берилишини орзу қилиш эса ҳавасдир. Динимизда ҳам ҳасадгўйлик қораланади. Бу иллат гуноҳлиги айтилади. Албатта, ҳасад қилаётган киши ғийбат қилиш асносида гуноҳга ботади. Бу билан тўплаган савобларини ўша одамга “ҳадя” қилиб юборади.

Хўш, ҳасад қандай пайдо бўлади? Бу саволга Абу Бакр ар-Розий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Ат-Тибб ар-руҳоний” китобида бундай жавоб берган: “Ҳасад бахиллик ва очкўзликнинг бирлашишидан пайдо бўлади. Лекин у бахилликдан кўра ёмонроқдир. Чунки бахил ўзининг мулкида бўлган нарсани ҳеч кимга беришни истамайди. Ҳасадгўй эса ўз мулкида бўлмаган нарсани ҳеч кимга беришни хоҳламайди”.

Шу ўринда ҳасад ҳам бир касаллик, яъни қалб касаллиги десак адашмаймиз, тўғрими?

– Худди шундай. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Сизларга ҳам олдин ўтган умматларнинг касали: ҳасад ва буғзу-адоват ўтди. У (иккиси) қирувчидир. Сочни қиради демайман, балки динни қиради! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, мўмин бўлмагунингизча, жаннатга кирмайсиз. Бир-бирингизни яхши кўрмагунча, мўмин бўлмайсиз. Ўшанда собит қадам қиладиган нарса ҳақида сизларга хабар берайми? Орангизда саломни кенг ёйинг” (Имом Термизий ривояти).

Бу касаллик нафақат қалбни, иймонни заифлаштиради. Балки жисмоний соғлиқдан ҳам айира бошлайди. Яъни доимий маҳзунлик, тез аччиқланиш, уйқусизлик, одамови бўлиб қолиш, иштаҳанинг бузилиши натижасида мизожни айниши, юзга ажин тушиши, тез ва эрта қариш ҳолатларини олиб келади. Ўз навбатида жамиятда кибр, адоват каби парокандаликлар кўпаяди.

Кўп ва хўп эшитгансиз, ер юзида биринчи қотиллик ҳасад сабабли содир бўлганди. Қобил ўз укаси Ҳобилга ҳасад қилади ва натижада унинг қотилига айланади. Қуръони каримда бу ҳолат қуйидагича баён қилинади: “Унинг (ҳавойи) нафси биродарини ўлдиришни хуш кўрсатди ва дарҳол, уни ўлдирди. Шу билан у зиён кўрувчилардан бўлиб қолди” (Моида сураси, 30-оят).

– Бугун ҳам орамизда  ўзганинг ютуғини, айниқса, мол-дунёси, ҳатто оилавий бахтини кўролмай турли “ўйинлар”ни уюштираётганлар, афсуски, йўқ эмас. Бунга даъвони қаердан излашимиз керак?

– Аввало, оиладан, тарбиядан бошлашимиз керак. Қайсидир маънода ота-онанинг ўзи ҳам сабабчи бўлиб қолиши мумкин. Айтайлик, аксарият ҳолларда  оилада кенжа фарзандга кўпроқ эътибор берилади. Ёки баъзилар қайсидир ўғил ёки қизини бошқасидан устунроқ кўради. Шундай ҳолларда болаларнинг “нимага менга кам, унга бошқачаси” деган хархашаларини эшитамиз. Бу аста-секинлик билан бола онггида ҳасадни вужудга келтира бошлайди. Ёки боғча, мактабларда ўқувчилар орасида таққослашлар бўлади. Билинмас ҳолда болаликданоқ тамал тоши қўйилган ҳасад инсон билан бирга ўсиб-улғайиб, уни ҳалокат сари етаклайди. Шунинг учун ота-она ва мураббийлар бола тарбиясидек нозик масалага эътибор билан ёндошишлари ҳамда болаларни фарқламай, уларга бир хил муомалада бўлишлари шарт.

Ҳадису шарифда бундай дейилади. “Ҳасаддан сақланинглар. Чунки у худди олов ўтинни егани каби яхшиликларни ейди” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ҳадисни шаҳрлаган уламоларимиз айтадиларки, инсонларннинг ҳасаддан сақланиши юртга хайр-барака ва ҳамжиҳатликни олиб келади. Ҳар бир инсон бошқа маънавий жиноятлардан қутилиш баробарида, ҳасад каби катта маънавий жиноятдан ҳам халос бўлиши шарт. Ўшандагина элу юртда ҳамжиҳатлик, халқда тотувлик ва яхшиликлардан умид қилсак бўлади.

Ҳувайдо Хўжамқулова
суҳбатлашди

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистонда жаҳон хаттотлар танлови 26 августда эълон қилинади

25.08.2026   45111   2 min.
Ўзбекистонда жаҳон хаттотлар танлови 26 августда эълон қилинади

Ўзбекистонда ноёб Қуръон яратиш бўйича жаҳон хаттотлар танлови 26 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида эълон қилинади. Танлов «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми доирасида ўтказилади, хабар бермоқда UzDaily.uz.

«Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» лойиҳасини хаттот ва Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ тақдим этади. Бу ҳақда тадбир ташкилотчиси хабар берди.

Танлов доирасида турли мамлакатлар ва хаттотлик мактабларининг исломий хаттотликдаги энг яхши анъаналарини бирлаштирган ноёб Қуръон яратиш кўзда тутилган.

Танловнинг тантанали эълони «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмунлари» мавзусидаги ялпи сессиянинг якуний қисми бўлади. Сессия 26 август куни соат 09:30 дан 12:00 гача ўтказилади.

Тадбир доирасида оммавий ахборот воситаларининг стереотиплар ва исломофобияни енгишдаги ролига бағишланган халқаро муҳокама ҳам бўлиб ўтади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат тузилмалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этади.

Форум дастуридан Қуръоний ва қўлёзма меросга бағишланган лойиҳалар ҳам ўрин олган. Улар орасида «114 Қуръон: ислом оламининг 114 хаттотлик дурдонаси», «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва ривоятлар» халқаро лойиҳаси ҳамда «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳаси бор.

Ўзбекистонда хаттотликни ривожлантиришга институционал даражада ҳам эътибор қаратилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Хаттотлик мактаби фаолият юритмоқда. Мактабда сулс, насх, настаълиқ, руқъа, девоний ва куфий каби анъанавий ёзув услубларини ўргатиш режалаштирилган.

Хаттотлик санъати Самарқанд вилоятидаги янги Имом ал-Бухорий мажмуасида ҳам намоён этилган. Мажмуа пештоқлари ва айвонлари деворлари «Саҳиҳ ал-Бухорий»дан олинган ҳадислар битилган ёзувлар билан безатилган. Мажмуа ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илмий мактаби ҳам фаолият юритади.

Халқаро медиафорумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади.

Тадбирда қарийб 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 га яқин вакили иштирок этади. Улар орасида медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари бор.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари