Биринчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, Раззоқ Зот бўлган Аллоҳ таоло ҳузуридан сенга битилган тақдирга рози бўл. Бу йўлда таваккал қилиб иймонингга ярашадиган бир мақомга эга бўл. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар сиз ҳақиқатан ҳам тўлиқ иймон билан Аллоҳга таваккул қилганингизда эди, тонгда оч чиқиб, оқшомда тўқ ҳолда уясига қайтадиган қушларни ризқлантиргани мисоли Аллоҳ сизни ҳам мутлақо ризқдан насибадор қилган бўлар эди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Иккинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, Аллоҳ таоло жорий этган ҳалол ва ҳаром чегараларга риоя қилиб, шубҳали нарсалардан юз ўгиргин. Токи номус ва ҳамиятингга доғ тушмасин.
Учинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, ризқ талабида эрта тонгдан ҳаракат қилиб, уйингдан чиқишинг, қуёшни уйғотишинг лозим. Шунда асл баракага эга бўласан. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ё Аллоҳ, умматим учун эрта тонгни баракали қил” (Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа, Имом Термизий, Имом Даромий, Имом Аҳмад ривоятлари), деб дуо қилганларини эшитдим».
Тўртинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, олишда ва сотишда, қарз беришда ва олишда доимо осонлик ва қулайликни асос қилиб ол. Шунда тижоратингни хотиржам бир тарзда амалга оширган ҳолда Аллоҳнинг раҳматига эришасан.
Бешинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, сотаётган молингнинг сифатини туширадиган ва қийматини камайтирадиган бир қусур мавжуд бўлса, буни харидорга очиқчасига айт. Акс ҳолда, фойдангга ҳаром аралашиб, ўзинг бировларнинг лаънатига қолиб кетишингга сабаб бўлмасин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай огоҳлантирганлар: “Кимки қусури бор молини сотаётгани ҳақида харидорини воқиф этмаса, доимо Аллоҳнинг ғазаби ва фаришталарнинг лаънати остида бўлади” (Имом Ибн Можа ривояти).
Олтинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, фоиз борасида жуда ҳушёр бўлишинг, фоиз олмаслигинг ва бермаслигинг, фоиз аралашган жойда турмаслигинг ва бу хусусида ғоятда эҳтиёт билан йўл тутишинг лозим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйилган қовоқлари ва оғир танбеҳларига рўбарў бўлмайсан. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фоиз берганни, уни олганни, буни қайд этган китобни, яъни уни қоғозга туширувчи кишини ва бунга гувоҳлик қилган шоҳидларни лаънатладилар ва уларнинг барчаси у гуноҳга тенг шерикдир, дедилар”.
Еттинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, қиладиган ишингни собитлик ила бажармоғинг, сабрли бўлишинг ва ҳисоб-китобда яқин замонни эмас, балки узоқни кўзлаб ҳаракат қилмоғинг лозим. Шунда муваффақиятга эришасан. Ойша розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таоло сизлардан бир киши учун бир томонни – нарсани ризққа сабаб қилиб қўйса, бу ўзгаргунча ёки қийинлашгунча уни тарк этмасин, яъни ундан воз кечиб кетмасин” (Имом Ибн Можа ривояти).
Саккизинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, дунё моли кўзни қамаштирувчи ва ёқимли эканини, аммо Аллоҳ таоло ҳузурида фоний ва қийматсиз эканини ҳеч қачон унутмагин. Шунда ҳирс ва тамагирлик домига тушиб, дунё талабида ҳаддан ошмайсан.
Тўққизинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, молингни лойиқ бўлган баҳодан ошириб сотиш учун нотўғри йўлларга кириб қолмаслигинг ва харидорларни асло алдамаслигинг лозим. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақиқий уммати бўлиш бахтини қўлдан чиқармаган бўласан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Алдаган киши биздан эмасдир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ўнинчи қоида. Эй мусулмон тижоратчи, жаннатда энг яхши дўстлар билан қўшни бўлиш саодатига эришай десанг, ўз ишинг ва тижоратингни тўғрилик асоси устида бино этишинг ва ҳеч қачон ҳақиқатдан айрилмаслигинг лозим. Тўғрисўз ва ишончли тижоратчилар набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўладилар.
Манбалар асосида Қамаши
тумани бош имом-хатиби
Оқилхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
Оқилхон Аҳмедов 1977 йили Қамаши туманида туғилган. 1999 йили “Мир Араб” мадрасасини, 2021 йили Тошкент ислом институтини битирган.
2002 йилдан буён “Алишер Навоий” жоме масжиди ва Қамаши тумани бош имом-хатиби бўлиб ишлаб келмоқда.
Шогирд устози билан суҳбат қилиб ўтирган эди. Шогирд устозидан сўради:
– Устоз, дунёдан ўтганингиздан кейин одамлар сизни қандай хотирлашини хоҳлар эдингиз?
Устоз бир муддат сукут сақлаб, сўнг саволга жавоб берди:
– Бизни одамлар қай тариқа эслашлари муҳим эмас. Балки қабрда ва Аллоҳнинг ҳузурида қандай кутиб олинишимиз муҳим. Дейлик, орадан бир аср ўтиб, болаларимиз, балки набираларимиз ҳам оламдан ўтиб кетар. Биз ҳозир қийналиб, умримизни, топган маблағимизни сарфлаб қурдирган уйларимиз бузилиб кетар ё уларда бошқалар яшар. Шунинг учун ўлгач, бизни ким нима деб эслашига эмас, абадий сафарга ҳозирлик кўришимиз керак.
Ҳа, азизлар! Бу дунёда яшар эканмиз, ким учун яхши ота-она, ким учун яхши умр йўлдош, ким учун яхши фарзанд бўлишга ҳаракат қиламиз. Жамиятда эса ўзимиздан яхши ном қолдиришга уринамиз. Лекин бу ишлар замирида Аллоҳ таолонинг амир ва қайтариқларига амал қилиш ётганини баъзан унутиб қўямиз. Елиб-югуришларимиз фақат одамлар учунгина бўлиб қолади.
Аслида мўмин одам ҳар бир амалини холис Аллоҳ учун қилиб, имкон қадар бошқалардан яшириши лозим. Акс ҳолда қилган амалининг савобидан маҳрум бўлади. Энг ёмони баъзилар мана шундай ножоиз ишни қилиб, камига суратга ҳам олдириб тарқатмоқда.
Тустарий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Нафсга энг оғир нарса нима?”. Айтдики: “Ихлос – нафсга энг оғир нарса. Чунки ихлосда нафс учун насиба бўлмайди”. Ихлоснинг аломати шуки, амал қилувчига унинг амалидан одамлар хабардор бўлдими-йўқми – унга фарқи бўлмайди.
Энди ўзимизни бир тафтиш қилайлик-чи, кунлик ишларимиз, амалларимиз шу мезонга мос келармикан?..
Акбаршоҳ Расулов