Фитналар содир бўлганида мусулмон киши шариатнинг бунга муносабатини билмоғи керак бўлади. Бунинг учун эса аҳли сунна уламоларидан сўраши ва уларнинг кўрсатмасига кўра ҳаракат қилмоғи лозим бўлади. Чунки Аллоҳ таоло “Агар билмасангиз зикр аҳлидан сўранглар”, деган. Бошқа бир оятда эса “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган иш бошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қосангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир”, дейилган.
Ибн Аббос бу оятнинг тафсирида “ўзларингиздан бўлган ишбошилардан” мурод дин ва фиқҳ аҳли деганлар. Қолаверса, эсдан чиқармаслигимиз керакки, аҳли сунна вал жамоа уламолари Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрларидир. Фитналар пайтида қандай йўл тутишимизни улардан сўрашлик бизларга вожиб бўлади.
Имом Термизий Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, Пайғамбарлар динорни ҳам дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар…”, дейилган.
Уламолар Аллоҳнинг шариатининг ёрдамчилари, инсонларга ҳақни ботилдан, ҳидоятни залолатдан ажратиб баён қилиб берувчилардир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Инсонлардан шундайлари борки, улар яхшиликлар учун калит, ёмонликлар учун қулфдир”, деганлар.
Фитналар эшигини ёпадиган ҳам, улардан чиқиш калити ҳам уламолардир. Шунинг учун аҳли сунна вал жамоа уламолари атрофида йиғилиш ва улар билан бирлашиш лозим бўлади. Мусулмонлар жамоаси билан бирга бўлгандагина фитналар зарар қилмаслиги мумкин. Чунки бўри ҳам подадан айрилган қўйга ҳужум қилганидек, шайтон ҳам мусулмонлар жамоасидан ажралган кишиларни фитналар домига тортиб боради.
Башир ибн Амрдан ривоят қилинади: “Ибн Масъуд чиқаётган пайтида биз тайёрланиб турдик. У Қодисия йўлида келиб тушди. Бир боғга кириб, қазойи ҳожат чиқарди. Сўнгра таҳорат олди. Сўнгра чиқди. Унинг соқолларидан сув томиб турарди. Биз унга: “Бизга насиҳат қилинг. Инсонлар фитнага тушганлар. Сиз билан яна учрашамизми, йўқми билмаймиз”, дедик.
Шунда у: “Аллоҳга тақво қилинглар. Яхши одам хотиржам бўлгунча ёки фожирдан қутилгунча сабр қилинглар. Жамоатни лозим тутинглар. Албатта, Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматини залолатда жамламайди”, дедилар. Жамоат билан бирга бўлиш раҳмат бўлса, ундан ажралиш азобдир. Жамоат билан бўлган киши фитналардан узоқ бўлади ва нажотга эришади. Жамотдан ажралган киши эса фитналарга тушади ва азобга дучор бўлади. Жамоат бу фақат кўпчилик дегани эмас, балки аҳли сунна вал жамоа йўлидан юрган кишилар жамоатдир.
Шунинг учун Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Агар фақиҳ тоғни устида бўлса эди, у жамоат бўларди”, деган эдилар.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Инсонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшиликлар ҳақида сўрардилар. Мен эса унга тушиб қолишимдан қўрқиб ёмонликлар ҳақида сўрардим. Мен “Ё Расулуллоҳ! Биз жоҳилият ва ёмонликларда эдик. Аллоҳ таоло бизга мана бу яхшиликни келтирди. Бу яхшиликдан кейин ёмонлик бўладими?” деб сўрадим. “Ҳа. Фақат унда дахон бўлади” дедилар. “Унинг дахони нима?” дедим. У зот: “Бир қавмлар бўлади, улар менинг йўлимдан бошқа йўлда бўладилар. Уларни танийсан ва инкор қиласан” дедилар. Мен “Мана шу яхшиликлардан кейин яна ёмонликлар бўладими?” дедим. “Ҳа. Жаҳаннам эшигига чақирувчилар бўлади. Ким уларга ижобат қилса, унга (жаҳаннамга) тушадилар” дедилар у зот. Мен: “Ё Расулуллоҳ! Бизга уларни сифатлаб беринг” , дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларнинг терилари худди бизнинг териларимиздек, бизнинг тилларимиз билан гаплашадилар”, дедилар. “Ўша нарсалар менга етиб қолса, менга нимани буюрасиз”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонлар жамоаси ва уларнинг имомларини лозим тут”, дедилар.
ТИИ Модуль таълим шакли битирувчиси,
Хоразм вилояти, Шовот тумани Юсуф Ҳамадоний
жоме масжиди имом-хатиби Шермуҳаммад Болтаев
Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.
Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.
Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.
Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати