“Янги Америка тарихи” китоби муаллифи Питер Мансо Ислом Америка тарихининг ажралмас қисми эканини илмий далиллар асосида таъкидларкан, жумладан, бундай дейди: “Мусулмонлар бу ерда Америка Қўшма Штатлари ташкил этилганидан аввал ҳам бўлган, улар минглаб киши бўлиб бу ерга келишган”.
Бошқа манбаларда ҳам Америка қитъасига Колумбдан кўп йиллар бурун андалусиялик мусулмонлар келгани айтилган.
АҚШ давлати ташкил топмасиданоқ бу ўлкада мусулмонларнинг ҳаёт кечиргани ушбу давлат тарихига назар ташланганда ҳам кўринади. Масалан, АҚШни мустақил республика сифатида тан олган илк давлат Марокаш Султонлиги эди (1777), 1805 йилнинг 9 декабрида президент Томас Жефферсон Оқ Уйда Тунис элчиси Саид Сулаймон шарафига ифтор уюштирган, 1861–1865 йиллардаги фуқаролар урушида қаҳрамонлик кўрсатган Петр Салим ҳам мусулмон бўлган.
АҚШда биринчи масжид ва исломий ташкилот 1913 йили Нью-Жерсида очилган. Масжидларни мусулмонлар ўз маблағлари ҳисобидан қурганлар.
АҚШнинг маҳаллий аҳолиси, айниқса, аёллар ва ёшлар орасида Исломга кирувчилар сони ортиб бораётгани ижобий ҳодиса, албатта. Шунинг билан бирга, бу давлатга кўчиб келган мусулмон муҳожирлар ҳисобига ҳам мусулмонлар сони кўпайяпти. Жумладан, 2005 йили мусулмон давлатларидан келган 96 000 киши АҚШ фуқаролигини олган бўлса, 2009 йили 115 000 мусулмон Қўшма Штатлар фуқаросига айланди. Айниқса, 11 сентябрь воқеасидан сўнг АҚШ аҳолиси Исломга янада кўпроқ қизиқа бошлади. Биргина 2005 йилнинг ўзида ушбу давлатнинг 20 000 дан ортиқ фуқароси Исломга кирди. Бу рақам йилдан-йилга ўсиб бормоқда. АҚШ мусулмонлари сони мамлакат аҳолисининг бир фоизига етди. 2040 йилга бориб Ислом бу ерда иккинчи динга айланиши тахмин қилинмоқда.
Америкада масжидлар сони 2020 йили 2769 тага етди. Мусулмонлар турли соҳаларда меҳнат қилиб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Улар бошқалардан тўқроқ ҳаёт кечиради. Жумладан, Жанубий Осиёдан келган муҳожирларнинг аксари яхши таълим олган ва саноатнинг даромадли соҳаларида меҳнат қиладилар. Шу боис даромади оддий америкаликларникидан анча кўп. Улар орасида врачлар, олимлар, муҳандислар, дастурчилар ва тадбиркорлар бор.
2018 йил АҚШ конгрессига Миннесота ва Детройт штатларидан икки мусулмон аёл – келиб чиқиши сомалилик бўлган Ильхон Умар ва ота-онаси фаластинлик бўлган Рашид Тлаиб депутат этиб сайланди.
Ҳар йили Рамазон ойида Оқ Уйда мусулмонлар учун катта ифторлик ўтказилиб, унда мамлакат президенти ҳам иштирок этади.
Туркистон – Америка ассоциацияси маълумотига кўра, АҚШда бугунги кунда 20 мингдан ортиқ этник америкалик ўзбек истиқомат қилади. Уларнинг аксари 40 йилларнинг охири ва 50-йилларда Европадан, 1960 йилдан бошлаб Туркиядан, 1979 йилдан Афғонистондан кўчиб боришган. 1992 йилдан эса Green card асосида ҳар йили минглаб ўзбеклар АҚШда яшаш ва ишлаш учун кўчиб бормоқда.
Раҳматуллоҳ АҲМЕДОВ
тайёрлади.
Муаллиф ҳақида
Раҳматуллоҳ Аҳмедов 1975 йили Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида туғилган.
1996 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини битирган.
2016 йилдан бери Касби туманидаги “Раҳматуллоҳ Суяров” жоме масжиди имом-хатиби.
Шогирд устози билан суҳбат қилиб ўтирган эди. Шогирд устозидан сўради:
– Устоз, дунёдан ўтганингиздан кейин одамлар сизни қандай хотирлашини хоҳлар эдингиз?
Устоз бир муддат сукут сақлаб, сўнг саволга жавоб берди:
– Бизни одамлар қай тариқа эслашлари муҳим эмас. Балки қабрда ва Аллоҳнинг ҳузурида қандай кутиб олинишимиз муҳим. Дейлик, орадан бир аср ўтиб, болаларимиз, балки набираларимиз ҳам оламдан ўтиб кетар. Биз ҳозир қийналиб, умримизни, топган маблағимизни сарфлаб қурдирган уйларимиз бузилиб кетар ё уларда бошқалар яшар. Шунинг учун ўлгач, бизни ким нима деб эслашига эмас, абадий сафарга ҳозирлик кўришимиз керак.
Ҳа, азизлар! Бу дунёда яшар эканмиз, ким учун яхши ота-она, ким учун яхши умр йўлдош, ким учун яхши фарзанд бўлишга ҳаракат қиламиз. Жамиятда эса ўзимиздан яхши ном қолдиришга уринамиз. Лекин бу ишлар замирида Аллоҳ таолонинг амир ва қайтариқларига амал қилиш ётганини баъзан унутиб қўямиз. Елиб-югуришларимиз фақат одамлар учунгина бўлиб қолади.
Аслида мўмин одам ҳар бир амалини холис Аллоҳ учун қилиб, имкон қадар бошқалардан яшириши лозим. Акс ҳолда қилган амалининг савобидан маҳрум бўлади. Энг ёмони баъзилар мана шундай ножоиз ишни қилиб, камига суратга ҳам олдириб тарқатмоқда.
Тустарий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Нафсга энг оғир нарса нима?”. Айтдики: “Ихлос – нафсга энг оғир нарса. Чунки ихлосда нафс учун насиба бўлмайди”. Ихлоснинг аломати шуки, амал қилувчига унинг амалидан одамлар хабардор бўлдими-йўқми – унга фарқи бўлмайди.
Энди ўзимизни бир тафтиш қилайлик-чи, кунлик ишларимиз, амалларимиз шу мезонга мос келармикан?..
Акбаршоҳ Расулов