Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Июн, 2025   |   2 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:06
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
27 Июн, 2025, 2 Муҳаррам, 1447

“Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот... масаласидир”

21.11.2022   1568   4 min.
“Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот... масаласидир”

Таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир” деган чуқур маъноли сўзлари нақадар ҳақиқат эканини бугун, ҳар қачонгидан ҳам яхши англаймиз.

Тарбия масалаларига эътиборсиз қаралган вазиятда юзага келадиган кўнгилсизликлар ҳам, у келтириб чиқарадиган зарарли оқибатлар ҳам барчамизга аён. Аммо бугун кишиларимизга ана шу ҳакикатни айтсангиз сизга: “Нима қилай, ишламасанг бўлмаса!”, “Кўряпсиз-ку, осонмас, ҳаёт ташвишлари, болаларнинг еб-ичишию, кийим кечаги ...”, “Ҳа энди ўзи омон бўлса, тарбияси бир гап бўлар...”.

Йўқ, тарбия “бир гап бўладиган” нарса эмас! Унинг учун жон куйдириш шарт. Мол дунё кийим кечакка ҳирс қўйиш дардидан фориғ бўлиб, тарбия билан шуғулланиш керак.

Гўё кўпчиликнинг фарзанд тарбияси билан банд бўлишга ортиқча вақти йўқ эмиш. Ваҳоланки, тарбия масалалари билан ортиқча вақтда эмас, ҳар дақиқада шуғулланиш даркор. Олимлар бир суткада фарзанд тарбияси учун фақатгина ўн икки дақиқагина вақт ажратадиган ота-оналар бор эканини аниқлаганлар. Бу дақиқалар ҳам асосан дастурхон атрофида ўтирганда, бола кўчага чиқаётганда, мактабга кетаётгандан бериладиган кичик танбеҳларга сарф бўлар экан, холос.

Буюк ватандошимиз Имом Ғаззолий бундай дейди: “Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва дунёю охиратда саодатга эришади. Унинг са­вобига ота-онаси ҳам, ҳар бир муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади”.

 Азиз ота оналар, бу борада олиб бораётган ишларингизга бир назар ташлаб кўринг-а?! Сиз буни қай даража уддалаяпсиз, фарзандингизга, унинг тарбиясига қанча вақт ажратяпсиз?

Зеро, бугун илм-фан ва таълим изчил ривожланиб бораётган бир даврда ҳеч шак-шубҳасиз тарбия таълимнинг асосида туриши шартдир. Шундай экан, илм-фан таълим-тарбия асосида олиб борилиши мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, ҳар бир педагог, муаллим ва устознинг таълим беришдан мақсади –келажаги порлоқ, Ватан ва эл-юрт хизматида турадиган ҳалол кадрларни тарбиялаш бўлсагина, бундай таълим-тарбия ўз самарасини бермай қолмайди. Яъни, бугунги куннинг ўқитувчи ва муаллими ўзи таълим бераётган шахсга фидойилик билан таълим бериши, қолаверса жонкуяр тарбиячи бўлиши шарт. Айни дамда тарбия соҳасида ўқитувчи ва муаллимлар ўқувчи ёшларга шахсан намуна бўлишлари ҳам муҳимдир!

Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди – бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси”. Шундай экан, таълим ва тарбия ишини уйғун ҳолда олиб бориш талаб этилади.

Шуни унутмаслигимиз керакки, юрт келажаги, ватанимиз тараққиёти ва халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимиз ва ёшларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқдир. Шу сабабли ҳар бир ота-она, устоз ва мураббий ҳар бир бола тимсолида аввало шахсни кўриши зарур. Ана шу оддий талабдан келиб чиққан ҳолда, ўниб-ўсиб келаётган ёшларни мустақил ва кенг фикрлаш қобилиятига эга бўлган, онгли яшайдиган комил инсонлар этиб вояга етказиш – таълим-тарбия соҳасининг асосий мақсади ва вазифаси бўлиши лозим, деб қабул қилишимиз керак.

Маълумки, ота-боболаримиз қадимдан бебаҳо бойлик бўлмиш илму маърифат, таълим ва тарбияни инсон камолоти ва миллат равнақининг энг асосий шарти ва гарови деб билган.

Албатта, таълим-тарбия – онг маҳсули, лекин айни вақтда онг даражаси ва унинг ривожини ҳам белгилайдиган, яъни халқ маънавиятини шакллантирадиган ва бойитадиган энг муҳим омилдир. Бинобарин, таълим-тарбия тизимини ва шу асосда онгни ўзгартирмасдан туриб, маънавиятни ривожлантириб бўлмайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, фарзандларимизни илм-фан ва таълим-тарбия асосида вояга етказиш мақсадга мувофиқ экан, ўз ўрнида тарбия эса маънавият билан чамбарчас боғлиқдир. Зеро, ёшлар келажак эгалари ҳисобланади. Ёшларимиз таълим-тарбиясида эса маънавий тарбия катта аҳамиятга эга.

Энг муҳими, фарзандларимизни соғлом, комил инсон қилиб тарбиялайликки, улар ўз ота-боболарига, тарихимизга, Ватанимизга, она тилимизга, ўз миллий қадриятларимизга, муқаддас динимиз анъаналарига содиқ бўлишсин.

 

Ўткир ҒУЗАРОВ,

 “Хожа Бухорий” номли ўрта махсус

ислом билим юрти мудири

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳижрий янги йилингиз муборак бўлсин!

20.06.2025   25384   3 min.
Ҳижрий янги йилингиз муборак бўлсин!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

2025 йилнинг 26 июнь куни – янги 1447 ҳижрий йил – Муҳаррам ойи бошланишининг 1 кунидир. Ашуро куни 2025 йилнинг 5 июль, шанба кунига тўғри келади.

Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.


Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).


Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).


Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”, деганлар.


Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).


Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).

Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.

Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар