بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَم، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى رَسُولِهِ الأَكْرَم وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِيْنَ اَمَّا بَعْدُ
АМАЛЛАРНИНГ ҚАБУЛ БЎЛИШ ШАРТЛАРИ
Муҳтарам жамоат! Маълумки, мусулмон киши Аллоҳ таолога манзур бўладиган ва Уни рози қиладиган амалларнинг барчасини гўзал ҳолатда бажаришга ҳаракат қилади. “Солиҳ (яхши) амал” ибораси Қуръони каримда 200 дан ортиқ марта ва ҳадиси шарифларда эса жуда кўп ўринларда тилга олинганининг ўзи динимизнинг бу нарсага қанчалик катта аҳамият берганини кўрсатади.
Солиҳ амаллар, айримлар ўйлаганидек, фақат намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатлардангина иборат эмас. Балки улар жуда ҳам кўп бўлиб, Аллоҳ ва Расулини яхши кўриш, қариндошчиликни боғлаш, қўшнилик ҳаққини адо этиш, етимларга, камбағалларга ҳаттоки, жонзотларга яшилик қилиш ва бошқа кўплаб яхши, хайрли, чиройли, савобли ва манфаатли амалларни ҳам ўз ичига олади. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилган:
لَيْسَ الْبِرَّ أَنْ تُوَلُّوا وُجُوهَكُمْ قِبَلَ الْمَشْرِقِ وَالْمَغْرِبِ وَلَكِنَّ الْبِرَّ مَنْ آَمَنَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ وَالْمَلَائِكَةِ وَالْكِتَابِ وَالنَّبِيِّينَ وَآَتَى الْمَالَ عَلَى حُبِّهِ ذَوِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَالسَّائِلِينَ وَفِي الرِّقَابِ وَأَقَامَ الصَّلَاةَ وَآَتَى الزَّكَاةَ وَالْمُوفُونَ بِعَهْدِهِمْ إِذَا عَاهَدُوا وَالصَّابِرِينَ فِي الْبَأْسَاءِ وَالضَّرَّاءِ وَحِينَ الْبَأْسِ أُولَئِكَ الَّذِينَ صَدَقُوا وَأُولَئِكَ هُمُ الْمُتَّقُونَ
яъни: Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига буришингиз (ибодат қилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхшилик (аҳли)дир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар (Бақара сураси 177-оят).
Кўриниб турибдики, яхшиликнинг тури кўп. Аммо ҳар биримизнинг ҳам амалларимиз, яхшиликларимиз Аллоҳнинг ҳузурида мақбул бўляптими? Мўмин-мусулмон кишининг асосий ташвиши мана шу бўлиши керак. Динимизда амаллар қабул бўлиши учун қуйидаги шартлар топилиши керак:
أُولَئِكَ الَّذِينَ كَفَرُوا بِآَيَاتِ رَبِّهِمْ وَلِقَائِهِ فَحَبِطَتْ أَعْمَالُهُمْ فَلَا نُقِيمُ لَهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَزْنًا
яъни: Улар Парвардигорларининг оятларини ва У зот билан мулоқотда бўлишни инкор этишиб, бутун иш (амал)лари беҳуда кетган кимсалардир. Бас, Биз Қиёмат кунида улар (амаллари) учун ҳеч қандай вазнни қоим қилмасмиз! (Каҳф сураси 105-оят).
مَنْ كَانَ يُرِيدُ الْحَيَاةَ الدُّنْيَا وَزِينَتَهَا نُوَفِّ إِلَيْهِمْ أَعْمَالَهُمْ فِيهَا وَهُمْ فِيهَا لا يُبْخَسُونَ أُولَئِكَ الَّذِينَ لَيْسَ لَهُمْ فِي الآَخِرَةِ إِلاَّ النَّارُ وَحَبِطَ مَا صَنَعُوا فِيهَا وَبَاطِلٌ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ
яъни: “Кимки дунё ҳаёти ва унинг зийнатини истаса, у (каби)ларга амаллари (савоби)ни шу (дунё)да мукаммал берурмиз ва улар унда (дунёда) зиён қилмайдилар. Ана ўшаларга охиратда дўзахдан бошқа (нарса) йўқдир. Қилган (савобли) ишлари ҳабата (барбод) ва қилиб юрган амаллари ботил (зое) бўлур” (Ҳуд сураси 15, 16-оятлар).
Бу ояти каримада савобли амалларни охират учун эмас, шу дунёда обрў ва шуҳрат орттириш мақсадида қилувчи риёкор кишилар учун огоҳлантириш бор (Тафсири Насафий).
Муҳтарам азизлар! Шу ўринда биз ихлосни кетказувчи сифатларни билишлигимиз жуда муҳимдир. Уларнинг биринчиси – риёдир. У – амал ва ибодатни бандаларнинг олқиши ва мақтовларига эришиш учун уларга кўрсатиб бажаришдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تُبْطِلُوا صَدَقَاتِكُمْ بِالْمَنِّ وَالْأَذَى كَالَّذِي يُنْفِقُ مَالَهُ رِئَاءَ النَّاسِ وَلَا يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ فَمَثَلُهُ كَمَثَلِ صَفْوَانٍ عَلَيْهِ تُرَابٌ فَأَصَابَهُ وَابِلٌ فَتَرَكَهُ صَلْدًا لَا يَقْدِرُونَ عَلَى شَيْءٍ مِمَّا كَسَبُوا وَاللَّهُ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الْكَافِرِينَ
яъни: “Эй, имон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг! У (риёкор) устини тупроқ қоплаган силлиқ қояга ўхшайди; устига жала ёққанда, (тупроқ ювилиб,) сип-силлиқ тошнинг ўзини қолдиради. Улар топган (ва сарфлаган) бойликларидан ҳеч нарсага эга бўла олмайдилар. Зотан, Аллоҳ кофирлар қавмини ҳидоят сари йўлламагай” (Бақара сураси 264-оят).
Демак, савобли ишни риёкорлик ва одамлар ичида обрў орттириш нияти билан бажарилса, у Аллоҳнинг наздида қабул қилинмайди, балки унинг савобини кетказиб қўйиши ҳам муқаррардир.
Риёни улкан гуноҳлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
إِنَّ أَخْوَفَ مَا أَخَافَ عَلَيْكُمُ الشِّرْكُ الْأصْغَرُ قَالُوا: وَمَا الشِرْكُ الْأصْغَرُ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَال: الرِّيَاءُ
رواه الامام أحمد
яъни: “Мен сизларда содир бўлиб қолишидан қўрқадиган нарсамнинг энг ёмони – кичик ширкдир”. Саҳобалар: “Ё Расуллуллоҳ, кичик ширк нима?” – деб сўрадилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Риё” – деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ривоятлари).
Демак, ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўлаяптики, ширк икки хил бўлади. Катта ширк ва кичик ширк. Катта ширк ҳаммамизга маълум. Аммо кичик ширк эса, амалларни Аллоҳ ризоси учун қилмай, балки одамларга кўрсатиш, улар ўртасида обрў топиш ёки одамлардан ажралиб қолишдан қўрқиб қилиниши риё, яъни кичик ширк ҳисобланар экан.
Мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Риё солиҳ амалга аралашса, унинг ажрини йўққа чиқаради. Киши ўзидан фахрланиши ҳам – риё кабидир”.
Иккинчиси – амални одамлар эшитиши учун бажаришдир. У ҳам риё каби бўлиб, ундай амал учун савоб берилмайди, балки, Қиёматда азобга дучор бўлади. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар:
من سمع سمع الله به ومن يرائي يرائي الله به
(متفق عليه)
яъни: “Ким одамларга эшиттириш учун амал қилса, Аллоҳ уни эшиттиради. Кимки, кўз-кўз қилса, Аллоҳ уни кўз-кўз қилади” (Муттафақун алайҳ).
Кейингиси – амалларидан мағрурланиш, ўзига бино қўйишдир. Бу эса, инсон ўзига берилган неъмат ёки яхши амални Аллоҳдан эканини унутиши ва буларни ўз нафсидан деб билишидир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифлари шундай деганлар:
ثلاث مهلكات: شح مطاع، وهوى متبع، وإعجاب المرء بنفسه
(رواه البزار عن أنس بن مالك رضي الله عنه)
яъни: “Уч нарса ҳалок қилувчидир: итоат қилинадиган бахиллик, эргашиладиган ҳавои-нафс ва киши ўз нафси билан фахрланиши” (Имом Баззор ривоятлари).
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: “Кишининг ўз амали билан фахрланиши ўша амални мукаммал деб билиб, Аллоҳнинг неъматини унутишидир”.
Кўриниб турибдики, бу амаллар камтарлик, тавозелик ва ҳокисорликка буюрган шариатимиз кўрсатмаларига зид бўлиши билан бирга, амалларнинг савобини кетказишга ҳам сабаб бўлади. Шунингдек, ибодат, тавба ва солиҳ амалларни бирор дунёвий манфаат учун қилиш ҳам амалнинг савобини йўққа чиқаради.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида намозда қўл боғлаш ҳақида суҳбатлашамиз. Ҳанафий мазҳабимизга кўра, такбири таҳрима билан намозга киришган киши ўнг қўлни чап қўл устига қўйиб, қўлларини боғлайди ва киндик остига қўяди. Бу амални уламоларимиз суннат дейдилар. Чунки, бу масалада келган ҳадиси шарифлар айнан Ҳанафий мазҳаби тутган йўлни қувватлайди. Жумладан: Имом Бухорийнинг устозлари Имом Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абу Шайба раҳимаҳуллоҳ “Мусаннаф” китобида қуйидаги ҳадиси шарифни келтирганлар:
عن علقمة بن وائل بن حجر عن ابيه قال
رأیت النبی صلى الله عليه وسلم وضع یمینه علیٰ شماله فی الصلوٰۃ تحت السرۃ
яъни: Алқама ибн Воил оталари Воил ибн Ҳужрдан ривоят қилади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига қўйиб, киндик остига қўйганларини кўрдим”.
Бу масалада Али разияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилинган:
ان من سنة الصلاة وضع اليمين علي الشمال تحت السرة
яъни: “Ўнг қўлни чап қўл устига қўйиб, киндик остига қўйиш – намознинг суннатидандир”(Имом Байҳақий ва Имом Дорақутний ривоятлари).
Ҳанафий муҳаддис Бадруддин Айний раҳимаҳуллоҳ “Умдатул Қорий” китобларида шундай дейдилар:
قول علي ان من سنة هذا اللفظ يدخل في المرفوع عندهم و قال ابو عمر في المنتقي و اعلم ان الصحابي اذا اطلق اسم السنة فالمراد به سنة النبي صلي الله عليه السلام
яъни: Ҳазрати Алининг “намознинг суннатидандир” деганлари “марфуъ” – Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтган ҳадиси шариф эканлигини билдиради. Абу Умар раҳимаҳуллоҳ “Мунтақо” китобида: “Билингки, агар саҳоба “суннат” сўзини мутлақ қўлласа, бундан Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ирода қилинган бўлади”, – деганлар.
Бадруддин Айний ва Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳимолардан бошқа муҳаққиқлар ҳам бир овоздан “Фалон иш – суннатдандир” деган истелоҳдан Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари мурод эканлигини айтганлар (“Тазкиратул Ҳуффаз” китоби 48 саҳифа). Яна бир ривоятда айтилади:
عن ابى جحيفة ان عليا رضى الله عنه قال: "السنة وضع الكف على الكف فى الصلاة تحت السرة (رواه الإمام ابو داود(
яъни: Абу Жуҳайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Али разияллоҳу анҳу айтдилар: “Намозда қўлни қўлнинг устига қўйиб, киндик остига қўйиш – суннатдир” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Бу ҳадиси шариф Имом Аҳмаднинг "Муснад" китобларида ҳам келтирилган. Ҳофиз ибн Ҳажар ўзининг "Тажриду завоиди муснад ал-Баззор" китобида: “Агар ҳадиси шариф "Муснади Аҳмад"да келса, бошқа муснадларга ҳожат йўқ”, – деган (“Эълоус сунан” китоби).
Бизнинг диёрларда кўп асрлардан бери мўмин-мусулмонлар Ҳанафий мазҳабига эргашиб келганлар. Лекин афсуски, кўпинча юқоридаги ҳадиси шарифлар ва уламоларимизнинг ижтиҳодларидан бехабар баъзи шахслар қўлларини мазҳабимизда суннат дейилган кўринишдан ўзгача боғлайдилар. Уларнинг баъзи қўл боғлаш ҳолати умуман бирор мазҳабда учрамайди. Масалан, ўнг қўл билан чап қўлнинг тирсагини ушлаб туриш, қўлларни боғлаб кўкрак устига қўйиш, бирор мазҳабда олинмаган. Ваҳоланки, тўрт мўътабар мазҳабдан чиқиб амал қилинмайди. Ёки бир амални ҳанафийлардан, бошқасини шофеъийлардан олиш дуруст эмас. Буни уламолар "талфиқ" (икки мазҳабни аралаштириш) дейдилар ва бундай қилган киши ҳаром амални қилган бўлади. Чунки мазҳаблардан нафси ҳавосига ёққан ҳукмларини териб олиш, шариатга эмас, нафсига эргашишдир. Бизнинг диёримизда бу хатолар ва ихтилофларнинг ечими – масалаларни Қуръон, суннат ва салафи солиҳин олимлар усулида ҳал қилган Ҳанафий мазҳабига эргашишдир. Маълумки, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳам тобеъин – салаф аждод олимлардан бири ва эргашишга энг лойиқ зотлардан. У зот билан охирги асрларда пайдо бўлган оқим раҳнамоларини асло тенглаштириш мумкин эмас. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ каби салафи солиҳ уламоларга эргашмай, мазкур кейин пайдо бўлган радикал оқим пешволарига эргашадиганлар, мўмин-мусулмонлар ўртасида битмас-туганмас ихтилофлар чиқишига сабабчи бўладилар ва бу ихтилофларнинг гуноҳини ҳам ўз зиммаларига оладилар.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимизни фаровон бўлишини насиб айлаб, Юртимиз мусулмонларини ота-боболаримизнинг йўллари бўлган Ҳанафий мазҳабимизга мувофиқ ибодат қилиб, тинч-тотув ва аҳл-иноқ яшашга муваффақ айласин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Динимизда қўшничилик ҳақлари” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг барча сифатлари ҳам камолот сифатларига дахлдор эканига шубҳа бўлиши мумкин эмас. У кишининг буюк ҳаётларини диққат билан ўрганган уламолар Оиша онамиз розияллоҳу анҳода бошқаларда бўлмаган қирқта комилалик сифатлари бор эканини таъкидлайдилар. Ана шунинг учун ҳам бу ҳақда бир-икки оғиз сўз айтмоқни раво кўрдик.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканмиз, бу сифатлар рўйхатининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадиси шарифлар туришини айтиб ўтмоғимиз лозим. У зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида ажойиб мадҳларни айтганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша! Мана бу Жаброил, у сенга салом айтмоқда», дедилар.
«Ва алайҳиссалому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен кўрмаган нарсани кўрасиз», дедим».
Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа кимга салом айтганлар?
Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа биргина инсонга – Оиша онамиз розияллоҳу анҳога салом айтганлар.
Мана шу улуғ мақомнинг ўзи бир оламга татийди.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар. Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади.
Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир», дедилар».
Иккисини Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда аслида аёлларнинг, хусусан, Марям онамиз, Осиё онамиз ва Оиша онамизнинг бошқа аёллардан устун бўлган фазллари ҳақида сўз боради.
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар».
Эркаклардан баркамол бўлганлар рўйхатининг аввалида Пайғамбар алайҳиссаломлар турадилар. Улардан бошқа баркамол эркаклар ҳам бор. Бу ҳақиқат ҳаммага маълум.
«Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади».
Бу икки улуғ зотнинг баркамол бўлганликлари Қуръони каримда уларнинг биргаликда, хос зикр қилинишларидан ҳам билиб олинади.
Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:
«Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб келтирди. Ўшанда у: «Роббим! Менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва менга золим қавмдан нажот бергин», деб айтди», деган (11-оят).
Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Емак-киймакда тўкин эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин эди. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан, у кофир ва золим эрига ҳамда қавмига қарши чиқди. Аллоҳга иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришини сўради. Бу ҳол эса дунё ҳою ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.
Мўминларнинг иккинчи мисоли Марям бинти Имрондир.
«Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни (мисол келтирди). Бас, унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва У Роббининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди» (12-оят).
Имроннинг қизи Марям Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек, нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ана шу пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган.
«Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир».
Энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари – Оиша онамизнинг фазллари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бошқа аёллардан фазлларини сарийд деб номланадиган таомнинг ўша вақтдаги бошқа таомлардан устунлигига ўхшатмоқдалар.
Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар яшаб турган жамиятнинг шароити ва таомилига кўра, сарийд бошқа таомлардан афзал таом ҳисобланар эди.
Худди шунга ўхшаб, Оиша онамиз ҳам бошқа аёллардан афзал эдилар.
Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?!
Ушбу мақомга бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлдилар.
Термизий ва Бухорий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-Салосил аскарига бошлиқ қилдилар. Қайтиб келганда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг қайсиниси сиз учун энг маҳбубдир?» дедим.
«Оиша», дедилар.
«Эркаклардан-чи?» дедим.
«Унинг отаси», дедилар.
«Сўнгра ким?» дедим.
«Сўнгра Умар», дедилар ва бир неча одамларни санадилар. Бас, мени охирларида қилиб қўймасинлар, деб, сукут сақладим».
Аллоҳнинг Расули учун одамларнинг қайсиниси энг маҳбуб экан?
Аллоҳнинг Расули учун одамлар ичида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо энг маҳбуб эканлар.
Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?
Ушбу мақомга бу дунёда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлибдилар.
Имом Абу Яъло «Муснад»ларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Менга ҳеч бир аёлга берилмаган тўққиз нарса берилган:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланишга амр қилинганларида Жаброил алайҳиссалом суратимни олиб тушиб, у зотга кўрсатган.
– У зот менга бокира ҳолимда уйланганлар. Мендан бошқага бокира ҳолида уйланмаганлар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлари менинг қучоғимда турган ҳолда вафот этдилар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда дафн қилиндилар.
– Фаришталар менинг уйимни ўраб олган эдилар. У зотга мен у кишининг кўрпаларида турганимда ваҳий нозил бўлар эди. У зот мени ўзларидан узоқлаштирмас эдилар.
– Мен у зотнинг халифалари ва сиддиқларининг қизиман.
– Менинг оқловим осмондан нозил бўлган.
– Мен покнинг ҳузурида пок яратилганман.
– Менга мағфират ва карамли ризқ ваъда қилинган».
Имом Қуртубий ўз тафсирларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканлар, жумладан, қуйидагиларни айтганлар:
«Баъзи аҳли таҳқиқлар айтурлар:
«Юсуф алайҳиссалом фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини бешикдаги гўдакнинг тили билан оқлади.
Марям фоҳишаликда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини ўғиллари Ийсо алайҳиссаломнинг тили билан оқлади.
Оиша фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини Қуръон билан оқлади. Аллоҳ у киши учун гўдакнинг оқлашини ёки набийнинг оқлашини раво кўрмади. Аллоҳ у кишини туҳматдан Ўз каломи ила оқлади».
Аллоҳ таоло бу дунёда кимни туҳматдан Ўз каломи ила оқлабди?
Аллоҳ таоло бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳони туҳматдан Ўз каломи ила оқлаган.
"Нубувват хонадони хонимлари" китобидан.