Биринчиси, мўътадил мусулмон ўзининг имони билан машғул бўлади. Мутаассиб мусулмон эса, ўзганинг имони билан машғул бўлади.
Иккинчиси, мўътадил мусулмон ўзини ва ўзгаларни жаннатга киритиш ҳаракатида бўлади. Мутаассиб мусулмон эса, ўзганинг дўзахга киришини исботлаш ҳаракатида бўлади.
Учинчиси, мўътадил мусулмон ўзгаларнинг хато ва камчиликларини кечириш учун узрга йўл ахтаради. Мутаассиб мусулмон эса, ўзгаларни айблаш ва обрўларини тўкиш учун хато ва камчиликларини ахтаради.
(Али ас-Солабий)
Cавол: Уйда бир қанча Қуръон китоблари бор. Кўпроқ биттасидан фойдаланаман. Бошқаларини ҳам ўқишим керакми ёки биттасини ўқиётганим кифоя қиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мусҳафи шарифнинг эҳтиромига зид иш қилинмаса, уйда бир нечта мусҳафлар туришининг зарари йўқ. Нечта мусҳаф бўлса, ҳаммасидан ўқиш керак деган талаб ҳам йўқ. Чунки киши ўзига қулай ва кўзи ўрганган битта мусҳафдан қироат қилиши мумкин. Агар ҳаммасидан ўқиб турса ёки хатм қилишда ҳаммасидан фойдаланса, нур устига нур бўлади. Уламоларимиз одамлар ўқий олмаса ҳам, хайр-барака умидида уйида мусҳаф сақласа бўлади, дейишган. Жумладан, “Фатовои Қозихон” китобида бундай дейилган:
“Уйида мусҳаф тутган, лекин ўқимайдиган киши ҳақида уламолар: “Агар у бу иши орқали хайр-баракани ният қилган бўлса, гуноҳкор бўлмайди, балки бундан савоб умид қилинади”, дейишган”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.