Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги диний таълим муассасаларида “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди.
Хусусан, Тошкент ислом институтида “Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик — жамият барқарорлиги гарови” мавзусида модуль таълим тизими талабалари ва кундузги таълим тизими талаба қизлари учун давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда Тошкент ислом институти ва Тошкент давлат юридик университети доценти, фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), Абдурасул Абдуллаев маъруза билан иштирок этиб, Ислом динида бағрикенглик тушунчасининг мазмун-моҳияти ҳақида маъруза қилиб, ояту ҳадислардан ўқиб бердилар.
Бундай тадбир Aндижон "Саййид Муҳйиддин Махдум" ислом билим юртида ҳам бўлиб ўтди. Унда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” ги Қонуннинг янги таҳрирининг мазмун-моҳияти” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида бўлиб ўтган давра суҳбатида талабалар “Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик-жамият барқарорлиги гарови“ мавзусидаги маъруза тинглаб, динимизда бағрикенглик масаласига қандай ёндашиш кераклиги ва унинг жамият ривожидаги аҳамияти ҳақидаги кенг тушунчага эга бўлдилар.
Бундай давра суҳбатлари Жўйбори Калон, Хадичаи Кубро, Кўкалдош каби бир қатор ислом билим юртларида ташкил этилди.








Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Куни кеча мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан муҳтарам Президентимиз томонидан юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ ватандошларимиз тақдирланди.
Энг қувончлиси шуки, тадбирда диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг заҳматли меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!
Хусусан, Диний идора тизимида узоқ йиллардан бери самарали хизмат қилиб келаётган устозлардан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур, Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев, Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" жоме масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов "Имом Бухорий" орденини Давлатимиз Раҳбаридан қабул қилиб олишди.
Устозларнинг илмий-маърифий фаолияти, халқ ичида маърифат улашишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак қадрлангани бутун диний-маърифий соҳада меҳнат қилаётганлар учун катта фахр ва шарафдир.
Ушбу воқеа Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳага, миллий қадриятларимизни авайлаб-асраш ҳамда ривожлантиришга қаратилаётган изчил ва хайрли сиёсатнинг амалий ифодасидир.
Халқимизда қадимдан маърифат аҳлини улуғлаш, уларнинг заҳматли меҳнатини қадрлаш эзгу анъана саналади. Ислом таълимотида ҳам илм эгаларига алоҳида мақом ва ҳурмат билан қаралади. Зеро, Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», дейилган.
Уламоларга кўрсатилаётган бундай эътиборнинг нечоғли хайрли экани қуйидаги ҳикматда ҳам ўз ифодасини топган. Улуғ зотлардан бири Товус раҳматуллоҳи алайҳ отасидан қуйидагича ривоят қилган: «Тўрт кишини ҳурмат қилиш суннатдир: олим, ёши улуғ инсон, подшоҳ ва ота» (Имом Абдураззоқ ривояти).
Мазкур юксак мукофот миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш, Ислом маърифатини кенг тарғиб этиш, жамиятда бағрикенглик ва тинчлик-омонликни бардавом сақлаш йўлидаги кўп йиллик хайрли хизматларнинг муносиб эътирофидир.
Давлатимизнинг бундай эътибори диний соҳа ходимларига янада улкан масъулият юклайди, маънавий юксалиш йўлидаги хайрли хизматлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади, инша Аллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати