Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Октябр, 2024   |   02 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:06
Қуёш
06:24
Пешин
12:16
Аср
16:13
Шом
18:01
Хуфтон
19:14
Bismillah
05 Октябр, 2024, 02 Рабиъус сони, 1446

Уч кунлик дунёни бир кун деб ҳисобла

3.01.2024   3015   5 min.
Уч кунлик дунёни бир кун деб ҳисобла

Инсон ҳар тонг янги кунни қарши олар экан унинг ихтиёрига 24 соат вақт берилади. Бу унга ҳар куни бериладиган 1.440 дақиқа ёки 86.400 сониялик фурсатдир. Ўтаётган вақтимиз ҳақида тафаккур қилиб кўрадиган бўлсак, соат милларининг "чиқ-чиқ"лари, аслида азиз умримизнинг тўхтовсиз парчаланиб кетаётган онлари эканини ҳис этамиз. Ушбу онлар бизнинг яхши ё ёмон амалларимизга гувоҳ бўлиб ўтиб бормоқда.

Вақт сен асрашинг керак бўлган энг қимматли нарсадир. Сенда эса, у беҳуда ўтиб кеткмоқда.

Дунёга келган хар бир инсоннинг умри вакт кўринишида тўхтовсиз ўтиб боради. Бу дунёдан кетиш муддати етганда унга бўйсуниб, дунёни ташлаб кетишдан ўзга чора колмайди. Кетиш вакти эса бугунми, эртами качон келиши инсонга номаълум. Дунё хаёти бир кундек бўлиб ўтиб боради. Чунки кечаги кун ўтиб кетган кун, эртанги кун эса хали келмаган. Инсон амал киладиган асосий кун эса бугунидир.

Ўтаётган хар бир лахза инсон хаёти ва умрининг бир қисмидир. У қиёмат куни инсоннинг фойдасига ё зарарига гувоҳлик беради. Уламолар ўтаётган вақт ҳақида бундай деганлар: “вақт бетараф бўлмайди, ё сенга қадрдон дўст ёки ашаддий рақиб бўлади”. Яъни ўтган вақт инсоннинг ё фойдаси, ё зарарига ҳужжат бўлади.

Кўпчиликнинг вақтга бепарво бўлишига асосий сабаб уларнинг ҳаётда мақсади йўқлигидир. Инсон дунёга нима учун келган, бир мартагина бериладиган ҳаёт неъматини беришдан кўзланган буюк ҳикмат нимада? Табиийки, бу саволга энг тўғри жавобни инсонни яратган, унга ҳаёт ато этган Зотнинг Ўзи бериши мумкин. Мана, ўша энг тўғри жавоб: «Жин ва инсонни Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт сураси, 56-оят).

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: Бошланаётган ҳар бир кун шундай нидо килади: “Эй одам боласи, мен янги кунман, сенинг амалинга гувоҳман, мендан фойдаланиб қол, агар ўтиб кетсам, киёмат кунигача қайтмайман”.

Умрни қадр-қиммат ва нафисликда ҳеч нарса ила ўлчаб бўлмайди. Агар минг йилни беҳуда сарфлаб, сўнг тавба қилиб, сизга умрингизнинг охирида саодат насиб этса, абадул-абад жаннатда яшайсиз. Шунда (сиз учун) энг шарафли нарса охирги лаҳзадаги мана шу ҳаётингиз эканини биласиз. Вақт энг мукаммал неъматдир. Унда ҳеч қандай айб йўқ. Айбдор ундан фойдаланмаётган инсоннинг ўзидир. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари бундай деб марҳамат қилганлар: “Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади, нафаснинг зое бўлишига йўл қўйманг ва ундан эҳтиёт бўлинг”.

Донишмандлардан бири шундай деган экан: “Уч кунлик дунёни бир кун деб ҳисобла. Бир кун ўтиб кетди, яна бир куни келадими, йўқми, Аллоҳ билади. Сен ҳозирги кунингни ғанимат билиб, ҳаракатдан тўхтама”.

Оқил киши вақтга бепарво бўлиши мутлақо мумкин эмас. Хасис одам мол-дунёга зиқна бўлганидек, мусулмон киши ҳам вақти бекор кетишига рози бўлмаслиги керак.

Мўмин икки ҳавотир орасида бўлади: тез ўтиб кетган кеча ва ҳали келмаган эрта орасида, кечада Аллоҳ таолонинг нима қилганини (яъни ундан амалларини қабул этган ё этмаганини) билмайди, эртага Аллоҳ таолонинг нима ҳукм қилишини билмайди.

Шунга кўра банда ўзи учун ўзидан фойдаланиб қолсин, охирати учун дунёсидан фойдаланиб қолсин, қаришидан олдин ёшлигидан фойдаланиб қолсин, ўлимидан олдин ҳаётидан фойдаланиб қолсин.

Вақт бу инсон эга бўлган энг нафис, энг бебаҳо неъматдир. Бу “Вақт олтиндек қимматлидир” дегани эмас, балки “Вақт олтиндан қимматлидир” деганидир. Чунки вақт бу ҳаётдир, ҳаётнинг эса олтиндан қимматли экани ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса йўқотилган олтину бойликларни яна қайта қўлга киритиш мумкин, йўқотилган вақтни эса асло қайта қўлга киритиб бўлмайди. Бу ҳақда бундай дейилган:

Ёқутлар топилар вақтлар билан
Вақтлар топилмас ёқутлар билан.

Ҳа, вақт сотиб олса бўладиган мато эмас, балки инсонга фақат бир марта бериладиган имкониятдир. Аллоҳ таолодан ўтказаётган кунларимизни хайр-баракали қилишини, бугунимизни кечамиздан, эртамизни эса бугунимиздан афзал қилишини сўраймиз. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо барчамиз самимият билан истиқомат қилмоқдамиз алҳамдулиллаҳ, Аллох таоло бу неъматини бизга бардавом қилсин.

Манбалар асосида Хўжаобод тумани "Етти чинор" жоме масжиди имом-ноиби
Муҳаммад Қуддус Абдулманнон тайёрлади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Диёримиз нуфузли анжуманга мезбонлик қилади

23.09.2024   1840   5 min.
Диёримиз нуфузли анжуманга мезбонлик қилади

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 78-сессиясида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш таклифини илгари сурган эдилар.
 

Шу йил 15 августда қабул қилинган “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Президент фармонида ҳам мазкур масалага эътибор қаратилган. Шулардан келиб чиқиб жорий йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференцияни ўтказилади.


Инсоният тарихига назар ташланса, барча даврларда давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқ бўлган. Шу боис Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу  алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Икки неъмат борки, аксарият инсонлар уларнинг қадрига етмайдилар. У   хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”, (Имом Бухорий ривояти).


Тинчлик-хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.


  Осойишталик ҳар кимга, ҳар жойда зарур. Киши хотиржам бўлсагина ҳаётда кўзлаган мақсад ва орзу-ҳавасларини амалга ошира олади. Хотиржамлик кўнгилнинг тинчлиги ва фикрнинг бир нуқтага жамланишидир. Бирор кишининг фарзанди бетоб бўлса ёки уйи нотинч бўлса, унинг хаёли паришон, фикри айқаш-уйқаш бўлиб, ўйлаган ишларини бажаришга қўли бормайди.


 Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш бўлади. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр-мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир.


Аллоҳ таоло Қуръони каримда тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, бундай дейди: “Эй иймон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз..! (Бақара сураси, 208-оят). Ушбу ояти каримадаги “коффатан” (яъни ёппасига) сўзи араб тили қоидасига биноан ҳол вазифасини бажармоқда.


Тафсир китобларида келтирилишича, мана шу биргина сўз бир жиҳатдан барча инсонлар бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишлари лозимлигини билдирса, бошқа жиҳатдан тинчликни барқарорлаштириш учун қайси йўл билан бўлса ҳам ҳисса қўшиш зарурлигини билдиради. Араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлса-да, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.


Тинчлик Ислом шиоридир. Шунинг учун мусулмонлар ўзаро муомалаларини доимо бир-бирларига тинчлик тилаш, яъни саломлашиш билан бошлайдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу  алайҳи ва саллам жаннатга киришга сабаб бўлувчи амаллардан бири саломлашиш эканини таъкидлаб: “Эй инсонлар! Бир-бирингиз билан овозингизни чиқариб ошкора саломлашинг, муҳтожларга таом беринг, қариндошчилик ришталарини маҳкам боғланг, тунда одамлар уйқуда ётган вақтда туриб ибодат қилинг, шунда жаннатга саломат кирасизлар”, деганлар. Бошқа ҳадисда эса биринчи бўлиб салом берган киши Аллоҳга маҳбуброқ эканлиги таъкидланган.


Тинчлик туфайли ёшларимиз эмин-эркин таълим-тарбия оладилар. Бизнинг “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасида айни пайтда 105 нафар аёл-қизларимиз таълим олмоқдалар. Улар ўрганларини опа-сингилларимизга етказадилар. Бунинг оқибатида аёл-қизлар ўртасида бидъат-хурофотлар барҳам топади, иншоаллоҳ.


Шу билан бирга, Қуръон ва тажвидни ўргатиш курсларида 2017 йилдан буён жами 2730 нафар юртдошимиз таълим олди.


Бу шунчаки оддий рақамлар эмас, балки шунча оилага зиё ва маърифат кирганининг, шунча киши орқали яна қанчалаб одамлар ҳақни, ҳақиқатни танишининг амалдаги исботидир. Муҳтарам Президентимиз: «Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади», дея таъкидлаган эди.


Ҳақиқатан, Қуръон ўқилган жойга барака ва нур инишига кўп марта гувоҳ бўлганмиз.


Тинчлик бўлса, инсонларнинг ҳаёти фаровон бўлади, Раббиларига хотиржамликда ибодат қиладилар. Донишмандлардан бири “Неъмат нима?” деб сўралганида: “Тинчлик, чунки мен хавфсираган кишининг ҳаётида маъни кўрмадим”, деб жавоб берди.


Тинчлик – инсоният уни сақлаши учун хоҳ қимматли бўлсин, хоҳ арзон бўлсин барча нарсасини: ақл-заковат, мол-дунё ва куч-қувватини сарфлашга ҳақли бўлган улкан неъмат!


Инсонларнинг ҳамжиҳат яшаши, турмушимиз фаровон, ризқимиз мўл-кўл бўлиши, маърифатимиз юксалиб, маънавиятимиз сайқалланиши айнан тинчликка боғлиқ. Тинчлик шундай неъматки, усиз ҳаётимиз рангсиз, умримиз мазмунсиз бўлиб қолади. Хотиржамлик йўқ жойда на илм, на маърифат ҳосил бўлади.


Аллоҳ таоло юртимизни тинч, халқимиз турмушини янада фаровон қилсин.

 

Марям АБДУЛЛАЕВА,

"Хадичаи Кубро" аёл-қизлар ўрта махсус

ислом таълим муассасаси директори

МАҚОЛА