Инсон ҳар тонг янги кунни қарши олар экан унинг ихтиёрига 24 соат вақт берилади. Бу унга ҳар куни бериладиган 1.440 дақиқа ёки 86.400 сониялик фурсатдир. Ўтаётган вақтимиз ҳақида тафаккур қилиб кўрадиган бўлсак, соат милларининг "чиқ-чиқ"лари, аслида азиз умримизнинг тўхтовсиз парчаланиб кетаётган онлари эканини ҳис этамиз. Ушбу онлар бизнинг яхши ё ёмон амалларимизга гувоҳ бўлиб ўтиб бормоқда.
Вақт сен асрашинг керак бўлган энг қимматли нарсадир. Сенда эса, у беҳуда ўтиб кеткмоқда.
Дунёга келган хар бир инсоннинг умри вакт кўринишида тўхтовсиз ўтиб боради. Бу дунёдан кетиш муддати етганда унга бўйсуниб, дунёни ташлаб кетишдан ўзга чора колмайди. Кетиш вакти эса бугунми, эртами качон келиши инсонга номаълум. Дунё хаёти бир кундек бўлиб ўтиб боради. Чунки кечаги кун ўтиб кетган кун, эртанги кун эса хали келмаган. Инсон амал киладиган асосий кун эса бугунидир.
Ўтаётган хар бир лахза инсон хаёти ва умрининг бир қисмидир. У қиёмат куни инсоннинг фойдасига ё зарарига гувоҳлик беради. Уламолар ўтаётган вақт ҳақида бундай деганлар: “вақт бетараф бўлмайди, ё сенга қадрдон дўст ёки ашаддий рақиб бўлади”. Яъни ўтган вақт инсоннинг ё фойдаси, ё зарарига ҳужжат бўлади.
Кўпчиликнинг вақтга бепарво бўлишига асосий сабаб уларнинг ҳаётда мақсади йўқлигидир. Инсон дунёга нима учун келган, бир мартагина бериладиган ҳаёт неъматини беришдан кўзланган буюк ҳикмат нимада? Табиийки, бу саволга энг тўғри жавобни инсонни яратган, унга ҳаёт ато этган Зотнинг Ўзи бериши мумкин. Мана, ўша энг тўғри жавоб: «Жин ва инсонни Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт сураси, 56-оят).
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар: Бошланаётган ҳар бир кун шундай нидо килади: “Эй одам боласи, мен янги кунман, сенинг амалинга гувоҳман, мендан фойдаланиб қол, агар ўтиб кетсам, киёмат кунигача қайтмайман”.
Умрни қадр-қиммат ва нафисликда ҳеч нарса ила ўлчаб бўлмайди. Агар минг йилни беҳуда сарфлаб, сўнг тавба қилиб, сизга умрингизнинг охирида саодат насиб этса, абадул-абад жаннатда яшайсиз. Шунда (сиз учун) энг шарафли нарса охирги лаҳзадаги мана шу ҳаётингиз эканини биласиз. Вақт энг мукаммал неъматдир. Унда ҳеч қандай айб йўқ. Айбдор ундан фойдаланмаётган инсоннинг ўзидир. Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари бундай деб марҳамат қилганлар: “Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади, нафаснинг зое бўлишига йўл қўйманг ва ундан эҳтиёт бўлинг”.
Донишмандлардан бири шундай деган экан: “Уч кунлик дунёни бир кун деб ҳисобла. Бир кун ўтиб кетди, яна бир куни келадими, йўқми, Аллоҳ билади. Сен ҳозирги кунингни ғанимат билиб, ҳаракатдан тўхтама”.
Оқил киши вақтга бепарво бўлиши мутлақо мумкин эмас. Хасис одам мол-дунёга зиқна бўлганидек, мусулмон киши ҳам вақти бекор кетишига рози бўлмаслиги керак.
Мўмин икки ҳавотир орасида бўлади: тез ўтиб кетган кеча ва ҳали келмаган эрта орасида, кечада Аллоҳ таолонинг нима қилганини (яъни ундан амалларини қабул этган ё этмаганини) билмайди, эртага Аллоҳ таолонинг нима ҳукм қилишини билмайди.
Шунга кўра банда ўзи учун ўзидан фойдаланиб қолсин, охирати учун дунёсидан фойдаланиб қолсин, қаришидан олдин ёшлигидан фойдаланиб қолсин, ўлимидан олдин ҳаётидан фойдаланиб қолсин.
Вақт бу инсон эга бўлган энг нафис, энг бебаҳо неъматдир. Бу “Вақт олтиндек қимматлидир” дегани эмас, балки “Вақт олтиндан қимматлидир” деганидир. Чунки вақт бу ҳаётдир, ҳаётнинг эса олтиндан қимматли экани ҳеч кимга сир эмас. Қолаверса йўқотилган олтину бойликларни яна қайта қўлга киритиш мумкин, йўқотилган вақтни эса асло қайта қўлга киритиб бўлмайди. Бу ҳақда бундай дейилган:
Ёқутлар топилар вақтлар билан
Вақтлар топилмас ёқутлар билан.
Ҳа, вақт сотиб олса бўладиган мато эмас, балки инсонга фақат бир марта бериладиган имкониятдир. Аллоҳ таолодан ўтказаётган кунларимизни хайр-баракали қилишини, бугунимизни кечамиздан, эртамизни эса бугунимиздан афзал қилишини сўраймиз. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо барчамиз самимият билан истиқомат қилмоқдамиз алҳамдулиллаҳ, Аллох таоло бу неъматини бизга бардавом қилсин.
Манбалар асосида Хўжаобод тумани "Етти чинор" жоме масжиди имом-ноиби
Муҳаммад Қуддус Абдулманнон тайёрлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси "Шамсуддинхон Бобохонов" (олдинги "Мовароуннаҳр") нашриёт-матбаа ижодий уйида бир неча йиллар давомида фаолият юритган Толибжон Қодировнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Толибжон Қодиров "Хожа Бухорий" мадрасаси ва Тошкент ислом институтида илм олиш билан бирга кўп йиллар дину диёнатга хизмат қилиб, кўплаб диний-маърифий китоблар нашр этилишига ҳисса қўшдилар ва мўмин-мусулмонлар меҳру муҳаббатини қозонган эдилар.
Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари, шогирдлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Жаноза намози бугун, пойтахтимиздаги "Ваққос ота" жоме масжидида пешин намозидан сўнг ўқилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси