Юртимиз тинч-осойишта ва халқимиз фаровон ҳаёт кечираётган бир даврда, баъзи қўштирноқ ичидаги кимсалар ўз жонига қасд қилиш билан бирга юртимиз келажаги бўлган ёшларни, иродаси суст кишиларни ҳатто аёл-қизларни ҳам йўлдан уриб, хавфли касаллик ОИТС (СПИД)ни тарқатувчи асосий омил бўлган гиёҳвандликни юқтирмоқдалар, тарқатмоқдалар.
Гиёвандлик илмий тилда наркомания дейилиб, юнонча “нарке” – карахтлик, ҳаракатсизлик, “мания” – ақлдан озиш маъносини англатади. Соҳа мутахассислари: “Гиёҳни бир марта истеъмол қилган кимса, руҳий ҳолатини, яъни кайфиятини кўтариб, бош мияни ишдан чиқаради. Тез-тез истеъмол қилса, унга ўрганиб қолади ва гиёҳларсиз яшолмайдиган бўлиб қолади”, деб таъкидлайдилар.
Гиёҳларни доимий истеъмол қилиб, касалликка чалинган беморларга гиёҳванд дейилади. Улар ҳаётнинг барча лаззатидан айрилади, инсоний қиёфасини йўқотади, эслаш қобилияти, руҳий ҳолати, фикрлаш системаси ва ақл-идроки пасайиб бутунлай издан чиқади. Уларда меҳр-оқибат, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ҳаё-уят ва хулқ-одоб каби инсоний хислатларнинг зарраси ҳам қолмайди. Улар ота-онаси, оиласи, маҳалла-кўйи, эл-юрти, халқи ҳамда Она Ватани олдидаги вазифаси, бурч ва мажбуриятларини унутадилар. Қисқа қилиб айтганда, маънавий ҳаётдан узилиб, инсон суратида қоладилар, холос.
Муқаддас динимиз инсонни ўз-ўзини ҳалок қилиш, жонига қасд қилиш, саломатлигига зарарли нарсаларни истеъмол қилиш каби ишлардан қайтаради. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади:
“…ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..”(Бақара, 195).
Гиёҳвандлик нафақат инсоннинг жонига балки моли, оиласи, қариндошлари, яқинлари ва жамиятнинг барча аъзоларига зарар келтиради. Жамият тараққиётини маълум миқдорда орқага тортади. Жамият тинчлигига раҳна солади. Статистик маълумотларга қараганда қотилликларнинг, безориликларнинг катта қисми гиёҳвандлар томонидан амалга оширилар экан. Бир гиёҳванд бир йил мобайнида беш нафар соғлом ўсмир-ёшларни йўлдан уриб, гиёҳвандлик домига тортаркан.
Бу ҳақида Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Исломда зарар келтириш йўқ. Ким мусулмонга (моли, жони, матосига ноҳақдан) зарар келтирса, Аллоҳ таоло унинг ўзига зарар етказиб қўяди. Ким мусулмон билан зулм қилиб тортишса, Аллоҳ таоло уни машаққатга солиб қўяди” (Имом Ҳоким ривояти).
Мутахассислар гиёҳвандликка сабаб қилиб, қуйидаги баъзи омилларни айтишади:
– оилавий келишмовчиликлар, зиддиятлар, етишмовчиликлар;
– барча нарсанинг таъмини билиш, синаб кўриш учун интилиш;
– зўриқишнинг олдини олиш ва бўшашиш мақсадида;
– ҳаёт қийинчиликлари ва зерикиш;
– жоҳиллик, ақлсизлик оқибати;
– кайфичоғлик қилиш истаги;
– атрофдагиларга тақлид қилиш ва ҳоказо.
Гиёҳвандликнинг сабаблари жуда кўп. Тегишли муассасалар, ташкилотларнинг ўзи билангина уларнинг олдини олиш мушкул иш. Шунинг учун бу иллатга қарши жамиятнинг ҳар бир аъзоси бирдек курашса, натижага эришиш мумкин. Жамиятдаги ҳар бир шахс аввал ўзини, сўнгра қўл остидагиларни, оиласини, фарзандларини бу жирканч балодан сақлашга уринса, халқ бу иллатдан халос бўлади. Фарзандларга таълим-тарбия берилса, ҳунар ўргатилса, уларни меҳр-оқибатли, ҳурмат-иззатли, одобли қилиб тарбия қилинса, уларнинг бўш вақтларини фойдали ишлар билан банд қилинса, лўнда қилиб айтганда, юксак маънавият соҳиби қилиб етиштирилганда бу иллатдан қутулиш, фориғ бўлиш мумкин. Эл-юрт тинчлиги, осойишталиги буюк неъматлигини ҳис этиб, ушбу зарарли иллат айни кўрнамаклик эканлигини англаб етсак, бу касалликдан халос бўламиз.
Тошкент Ислом институти
талабаси Соатов Мансур
Малайзиянинг “Berita RTM” телеканалида Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган махсус дастур намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида эфирга узатилган ушбу кўрсатувда малайзиялик профессорлар – Бадрул Иса ва Норфадилаҳ Камаруддин томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон–Малайзия: креатив туризм” номли лойиҳа тақдим этилди.
Олимлар ташаббуси билан яратилган мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси, Туризм қўмитаси ва Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида амалга оширилди.
Ташаббус Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари ҳақида “Visual storytelling” форматида профессионал рақамли контент яратишни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, 17–31 август кунлари Малайзия UiTM технология университетининг профессионал фотографлари ва дизайнерларидан иборат ижодий жамоа Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда суратга олиш ишларини олиб боради.
Малайзиялик ижодкорлар юртимиз ҳақида тайёрлаган фото ва видеоматериаллар “Instagram”, “Facebook”, “TikTok”, “YouTube” каби интернет платформаларда жойлаштирилиши режалаштирилган. Лойиҳада юртимиз олий ўқув юртларининг дизайн, санъат, туризм ва меҳмонхона бизнеси йўналишидаги талабалари ҳам иштирок этади. Бу академик, туризм ва ижодий соҳаларда тажриба алмашишни ташкил этиш имконини беради.
Дастурда фикр билдирган Бадрул Иса лойиҳа АСЕАН мамлакатлари ва мусулмон оламида Ўзбекистонни янада кенгроқ танитишга хизмат қилишини таъкидлади. Унинг фикрича, рақамли платформалар орқали мамлакатимиз тарихий мероси, зиёрат туризми ва амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлари кенг ёритилади.
“Биз бой тарихий мерос, юксак маданият ва меҳмондўст халққа эга бўлган Ўзбекистонни АСЕАН минтақаси аҳолиси томонидан қайта кашф этилишини истаймиз”, – деди профессор.
Шунингдек, у Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, лойиҳа натижалари ушбу санага муносиб совға бўлишини қайд этди.
Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини оммалаштириш ва АСЕАН мамлакатларидан кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати