Ислом уламолари ўзларига берилган илмларни фақатгина маълумотлар манбаи деб эмас, балки Аллоҳ таоло тарафидан уларга берилган фазл ва омонат деб қараб келадилар. Шу сабабли ҳам бу омонатни эгаларига топшириш учун талабаларнинг фақатгина илмий салоҳиятига чекланиб қолмасдан, маънавий камолоти ва хулқий гўзалликларига ҳам катта эътибор қаратишган. Негаки, уларнинг номларидан етказилаётган илмлар аввало ўзларига, сўнгра улар илм олган устозларга, саҳобаи киромларга ва бора-бора охири Расулуллоҳ алайҳиссаломга нисбати берилади. Шу сабабли илм эгалари уларининг номларидан айтилаётган илмлар ҳар ким тарафидан айтилмаслиги, илмга аҳл бўлмаган инсонлар тарфидан ривоят қилинмаслиги, ноқобил кишилар тарафидан етказилмаслиги учун ўзларининг хос шогирдларига ўша илмларни устозлари номидан етказиш учун махсус рухсатнома берганлар. Мазкур рухсатнома исломий илмлар атамасига кўра “ижоза” деб аталиши кўпгина аҳли илмларга маълум. Бундай “ижоза”, яъни шаҳодатномалар Қуръон қироати ва ҳадис илмларида анча машҳур.
Бироқ, ижозалар исломий илмларнинг бошқаларида ҳам борлиги кўпчиликка маълум ва машҳур бўлиб улгурмаган ёки ёддан кўтарилган. Аслида тарихимизга назар соладиган бўлсак Мовароуннаҳр мадрасаларида, хусусан Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Шош мадрасаларида Қуръони каримни ёд олиш билан бирга, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, тасаввуф, фароиз, усулул фиқҳ ва мусталаҳул ҳадис фанлари бўйича ислом оламида машҳур олимларнинг араб, форс, туркий тилларда ёзилган мўътабар китоблари, ушбу китобларга ёзилган шарҳлар ва уларнинг ҳошиялари ўқитилган. Ушбу фанлар бўйича энг мўътабар китобларни тугатганларни эса “Хатм карда мулло” (хатм қилган мулла) деб номлашган. Талабалар мадрасада ўқишни тамомлаш вақтида “Хатмул кутуб”, яъни “Дарслик китобларни тугатганлик” бўйича махсус тадбир ўтказилган. Тадбирда ўша вақтдаги катта мударрислар, шаҳар қози ва муфтийлари йиғилган. Уларнинг ҳузурларида китобларни ўқиб тугатганларга “ижоза”лар топширилган. Устоз ва талабаларга дастурхонлар ёзилиб, тадбир сўнгида қози ва муфтий каби катта устозлар олдида дарс берган устозлар ҳамда китобларни ўқиб тугатган талабалар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиб, уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилинган.
Аллоҳга ҳамд ва шукрлар бўлсинки, уламолар ва илм аҳллари орасидаги ана шундай азалий қадриятларимизни тиклаш ва тарқатиш мақсадида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Бундай хайрли анъаналардан бири сифатида Тошкент ислом институтининг бир қанча устозлари томонидан улуғ бобокалонимиз Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Маҳмуд Насафий қаламига мансуб “Мадорикут танзийл ва ҳақоъиқит таъвийл” номли асарнинг ўқиб тугатилганлигини келтириб ўтишимиз мумкин.
Шу муносабат Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедрасида “хатмул кутуб” тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда ректор Уйғун домла Ғафуров ва ўқитувчилар иштирок этдилар. Соатмурод домла Примов Абул Баракот Насафийнинг “Мадорикут танзийл ва ҳақоъиқит таъвийл” китоби ҳақида маълумот берди.
Сўнг ижоза соҳиби Фарҳод домла Жўраев Мадорикут танзийл ва ҳақоъиқит таъвийл” китоби бўйича Жаҳонгир қори Неъматов, Муҳаммадрасул домла Абдуллаев, Муҳаммадрасул домла Тошпўлатов, Собиржон домла Рустамов, Исломхон домла Убайдуллаев, Элёржон домла Аҳмадқулов, Адҳам қори Юсупов, Шоҳмирзо қори Иброҳимов, Аслиддин домла Мирзамиддинов, Содиқжон қори Қурбоновга ижоза шаҳодатномаларини топширди.
Имом Насафий ва унинг тафсири
Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Насафий (ваф. 710/1311) тафсир соҳасида фаолият олиб борди. Бу улуғ имом Насаф шаҳрида таваллуд топганлар. (Насаф шаҳри ҳозир Қарши деб номланади.) Абул Баракот Насафий 1310 йилда Бағдодга келган ва шу йили рабиъул аввал ойининг жума куни кечаси Бағдодда вафот этган ҳамда Исфаҳон яқинидаги Изаж (Хузистон ва Исфаҳон оралиғида) шаҳрида дафн қилинган.
У ўз даврида ақида, фиқҳ, ҳадис, луғат соҳалари бўйича етук олим сифатида шуҳрат қозонган. Тафсирда бошқа муфассирлар каби ҳадисдан, саҳобий ва тобиийлар фикрлари билан бир қаторда ўзидан олдин ўтган муфассирлардан Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот аҳлис сунна”, Маҳмуд Замахшарийнинг “Кашшоф”, Алоуддин Самарқандийнинг “Шарҳи таъвилот” асарларидан истифода этган.
Имом Насафийнинг “Мадорикут танзил” номли бу китоблари ҳозирги кунимизгача уламолар ва толиби илмлар орасида зўр эътибор билан шуҳрат топиб келмоқда ва кўпгина ислом ўқув юртларида қўлланма сифатида ишлатиб келинмоқда.
Абул Баракот Насафийнинг тафсир илми бўйича аҳли илм орасида “Тафсири Насафий” номи билан машҳур бўлган ва ҳанафий мазҳабига мувофиқ битилган “Мадорикут танзийл ва ҳақоъиқит таъвийл” (“Қуръон маънолари ва таъвил ҳақиқатлари”) китоби бошқа асарлар орасида энг қимматлиларидан бири десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Чунки бошқа тафсир китоблари орасида катта шуҳрат қозонган “Тафсирун Насафий” тафсири дунё бўйича энг кенг тарқалган ҳанафий мазҳабига биноан ёзилган, ундаги оятлар айнан мотуридия таълимотига биноан баён этилиб, ўша даврнинг илм марказлари Бухоро ва Самарқанднинг олимлари фикрлари билан бойитилгандир.
“Тафсири Насафий” деб танилган ушбу тафсирлари муаллифнинг энг машҳур китобларидан бўлиб, уни “Кашшоф” ва “Тафсири Байзовий”дан мухтасар қилиб олганлар. Бу китобда Аҳли суннатнинг йўлини олға суриб, Кашшофда учрайдиган баъзи мўтазила эътиқодларини четга сурганлар. “Тафсири Насафий”да оятларнинг грамматик таҳлили, ўз ўрнида етти мутавотир қироатга ишоралар берилган. Балоғат фани қоидалари айтиб ўтилган. Баъзи ўринларда фиқҳий масалаларни ҳам баён қиладилар ва бу масалаларда Ҳанафий мазҳаби сўзларини таржиҳ қиладилар. Лекин фиқҳий масалаларга кўп ўрин бермайдилар. Исроилиётларни жуда кам ривоят қилганлар. Баъзисини келтириб, ҳужжати йўқлигини айтганлар. Қиссалар ва ҳадислар орасидаги баъзи хурофот ва тўқималарни айтиб ўтадилар.
ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси
мудири Ж.Неъматов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тонг саҳар тўрт мучамизнинг соғ, оиламиз тинч, ташқарида ҳеч қандай хавфнинг хатарисиз уйғониш биз ҳар доим ҳам эътибор беравермайдиганимиз, шукрини адо этишни эсимиздан чиқарадиганимиз неъматлар сирасига киради. Гўё асли шундай бўлиши керакдек яшайверамиз. Яна бир тур неъматлар борки, бизнинг эътиборимиздан четда. Буларга сув, ҳаво каби биз қадрламайдиган, лекин булар бўлмаса, бир соат ҳам яшай олмайдиган эҳтиёжларимиз киради.
Бу неъматларнинг шукрини адо этмаслик, яъни қадрига етмаслик оқибати нималарга олиб келиши бугунги кунда намоён бўляпти. Пала-партиш фойдаланиш сабаб Орол денгизининг қуриши нафақат минтақамизнинг, балки бутун дунёнинг муаммосига айланиб улгурганига анча бўлди. Биз учун текинга бериб қўйилган бу бебаҳо неъматни қадрламаслик орқасидан бугун инсоният жиддий муаммолар қаршисида турибди. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида берилган неъматларни қадрлашни таъкидлаб, «Еб-ичинглар, аммо исроф қилманглар. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят), деб буюрди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бири Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг сувни кўпроқ ишлатаётганини кўрдилар ва унга: «Ҳой Саъд! Бу қандай исрофгарчилик?!» дедилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди. У Аллоҳнинг ибодати учун таҳорат қилаётганда сувни сал кўпроқ ишлатиш исроф саналмаса керак, деб ўйлаган экан. Шунда у зот алайҳиссалом: «Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам», дедилар.
Биз эса «Сув – текин» деган тушунча билан бир пайтлар шаҳарларимиз, қишлоқларимиз, маҳаллаларимизда зилол сувга тўлиб оққан ариқ-анҳорларни қуритдик. Борларини чиқиндихонага айлантирдик. Оқибатда илгари одамлар бемалол ичаверган ариқ сувлари ҳозир ҳатто қўл ювишга ҳам ўйланиб қолинадиган ҳолга келди.
Яқин-яқингача пойтахтнинг шимоли-шарқ томонидан кўриниб, баҳри дилингизни очган, хуш кайфият бағишлаган пурвиқор тоғлар бугун кўринмай қолганига одамлар энди-энди аҳамият бера бошлашди. Дарахтларнинг камайиши, автоуловларнинг кўпайиши, мавжуд яшил ҳудудлар қисқариб, ўрнига режасиз қуриб ташланаётган уй-жой экологияга, она табиатга таъсир қилмай қолмади. Қалин чангли парда ортига яширинган тоғлар худди бизни ёрдамга чақираётган, вақтида чора кўрилмаса, оғир оқибатлар юзага келишидан огоҳлантираётгандек гўё.
Ва ачинарлиси бу оғир оқибатлар ўзини кўрсата бошлади. 60 йиллик тажрибага эга IQAir ташкилоти томонидан тайёрланган охирги йиллик ҳисоботда қайд этилишича, ҳавонинг ифлосланиши оқибатида бир йилда дунё бўйича 7 миллион аҳоли ҳаётдан бевақт кўз юммоқда, миллиардлаб инсон нафас йўллари касалликлари ҳамда бошқа оғир дардларга йўлиқмоқда. IQAir сайти маълумотларига кўра, 2023 йил якунлари бўйича тузилган рейтингга мувофиқ, Ўзбекистон 134 давлат орасида 23-ўринни банд этиб турганини жуда ачинарли. Рўйхатдаги ҳавоси энг ифлос учликни Бангладеш, Покистон ва Ҳиндистон эгаллаган (iqair.com/ru/world-most-polluted-countries).
Сурункали респиратор касалликларининг дунё бўйлаб тарқалиши ва бу жараёнларнинг асоратларини ўрганган бир гуруҳ британиялик олимлар инсон ўлимига сабаб бўлаётган бешта асосий омиллардан бири нафас олиш тизими касалликлар эканини маълум қилишди. Тиббиёт соҳасига оид янгиликларни ёритадиган «Тhe Lancet» нашри эълон қилган мақолада 1990–2019 йилларда нафас йўллари касалликларининг тарқалиши 39,8 фоизга, ушбу дардлардан вафот этганлар сони эса 28,5 фоизга ошгани айтилган. Бронхиал астма энг кўп тарқалаётган сурункали респиратор касаллик сифатида қайд этилган бўлиб, нафас йўлларининг касалланиши, биринчи навбатда, чекиш иллати, шунингдек, ҳавонинг ифлосланиши ҳамда саноат ишлаб чиқаришининг турли хилдаги салбий оқибатлари сабаб юзага келмоқда.
Юртимиздаги мактабларнинг бирида атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳамда бошқа ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, уларнинг олдини олишга бағишланган тадбирда бир ўқувчи йигит Она Ернинг одамларга қилган мурожаатини ўқиб берган эди. Сиз ҳам бу мурожаатга бир эътибор бериб кўринг-а:
«Эй одамзод, нималар қилиб қўйдинг, нималар қиляпсан! Тўхта! Бўлди! Етар энди. Дарахтларни кесиб, қанча ўрмонларни йўқ қилдинг, ҳавони, сувни булғатдинг. Кўлу дарёларни қуритдинг. Жуда қизиб кетдим. Яратилганимдан бери бунақа қизимаганман. Ҳаммаёғимни ёндириб, илма-тешик қилиб ташладинг-ку! Яна нима истайсан, одамзот?! Шаҳарларда тупроқ қолмади! Ҳаммаёқни тошдек бетон билан қоплаб ташладинг. Менинг сабрим чексиз эмас. Захираларим ҳам тугаб боряпти. Мени асрамасанг, эртага ўзинг қийналасан. Ўзингни бос. Тўхта. Атрофга қара! Ақл билан иш тутиб, менга озгина ёрдам бериб юборсанг, у ёғига ўзимни ўзим тиклаб оламан. Яхшиям Аллоҳ менга ўзимни ўзим совутиш қобилиятини берган. Лекин вазият шу зайлда давом этаверса, яъни табиат шу тарзда ифлослантирилаверса, тикланиш қобилиятим ҳам иш бермай қўйиши мумкин. Аввалги ҳолга қайтиши даргумону, лекин вазиятни яхши томонга ўзгартириш мумкин. Яхши инсонлар ҳали бор бу дунёда. Ҳаммангиз бирлашсангиз, қўлингиздан кўп нарса келади, Худо хоҳласа».
Ўсмир йигитнинг бу мурожаати ҳар биримизга кўзингизни очинг, вақт борида имкониятларни ишга солинг, деяётгандек гўё...
Аллоҳ ҳеч бир нарсани бекор яратмаган. Ҳар бир ўсимликнинг, ҳар бир жониворнинг вазифаси бор. Шунингдек, уларнинг мавжудлиги, яшаши бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Бу занжирни узиш мумкин эмас. Бордию ҳайвонот ёки наботот оламининг бир вакили йўқ қилинса, бунинг оқибати қачондир барибир сезилиши аниқ.
Аччиқ ҳақиқат шуки, бор табиатдаги, яъни атроф-муҳитдаги кўпгина ресурслар йўқотиб бўлинган. Аммо ўша нарсаларнинг кўпини тиклаш, қайтариш мумкин. Ўз навбатида, борини сақлаб қолиш ҳам жуда муҳим. Шундай экан, Аллоҳ берган буюк неъматлар – сув, тупроқ, ҳаво, ўсимликлару жониворларга бўлган муносабатимизни ўзгартирайлик, азизлар. Зеро, биздан кейинги авлод ҳам озод ва обод юртда яшашга ҳақли.
«Ҳилол» журнали 8(65)-сонидан