Шуни таъкидлаш лозим, Исломда ҳаққоний халифалик даври аллақачон ўтиб кетган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларидаёқ ҳаққоний халифалик даврини аниқ айтганлар. У зот алайҳиссалом: “Халифалик ўттиз йилдир! Ундан кейин подшолик бўлади”, деганлар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумуллоҳ ривояти).
Ушбу ҳадис Пайғамбаримизнинг мўъжизаларидан бири бўлиб, унда айтилган хабар Расулуллоҳдан кейин ўттиз йил давомида ўз тасдиғини топди. Маълумки, Ислом уммати учун тўрт рошид халифа бор. Улар: Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розийаллоҳу анҳум. Шу тўрт халифанинг мусулмонлар устида раҳбарлик даври ўттиз йилга тўғри келган. Буларнинг даври ўтгач, Ислом уммати орасида ҳаққоний халифалик даври тугаб, Пайғамбаримиз башорат қилганларидек, подшолик даври бошланди.
Ҳизбчилар халифаси бўлмаган умматнинг ибодатида наф йўқ, дейдилар. Улар бу қарорга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисини асос қилмоқчи бўлишади: “Ким имом (бошлиқ)сиз ўлса, жоҳилиятда ўлибди” (Имом Аҳмад ривояти). Улар бу ҳадисга таяниб, халифалик масаласини Ислом арконларидан ҳам муҳим деб биринчи ўринга қўйишган. Бунинг оқибатида ўзлари ҳам адашиб, тобеларини ҳам залолатга бошлаганлар.
Ҳадис эса мазмун жиҳатидан икки хил маънога эга:
1) ҳаққоний халифа мавжуд бўлатуриб, унга итоатсизлик қилганлар гўё жоҳилият даврида ўлганлар каби ўлибди;
2) бошида раҳнамоси, имоми, бошлиғи бўлатуриб, унга итоат қилмаган ўзбошимчалар гўё жоҳилиятда ўлгандек ўлибди.
Биринчи маънога кўра, ҳадис маълум давргагина хос бўлиб, бугунги кунда ўз кучини йўқотган ҳисобланади. Чунки юқоридаги ҳадисда айтилганидек, ҳаққоний халифалик даври дастлабки ўттиз йилда ниҳоясига етган. Демак, бу ҳадис ҳозирги кунга дахлдор эмас. Ҳизбчиларнинг унга суяниши хатодир.
Иккинчи маънога кўра, ҳадис ҳукми умумий бўлиб, бугунги кунда ҳам ўз кучини йўқотмаган. Бироқ, айнан халифани эмас, балки имомни, бошлиқларни назарда тутади. Диққат қилсангиз, икки эҳтимолий маънода ҳам ҳадис ҳизбчиларнинг зарарига “ишлайди”.
Биринчи маънога кўра, ҳизбнинг халифалик йўлидаги ҳаракати ўта мантиқсизлик ва амримаҳол халифаликни қайта тиклашга беҳуда уриниш бўлиб чиқади. Биринчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан аниқ вақти ва чегараси баён қилинган нарсани қайта тиклашга уриниш ё ақлсизлик, ёки Расулуллоҳга ишонмасликдир!
Иккинчи маънога кўра эса, ҳизбнинг ўзи ҳадисга очиқча терс ҳаракат қилаётир. Ахир ўз юртбошиси, раҳнамоси, ҳокимига итоатда яшаб келаётган жамиятда мавжуд ҳукуматни ағдариб, ўрнига ўзлари истаган шахсни тайинлашга уринишлари мавжуд бошчига, илм аҳлига, имом-домлаларга итоатсизлик эмасми?!
Ҳадисга иккинчи маъно нуқтаи назаридан ёндашсак, ҳизб аъзоларининг ўзлари жоҳилият ўлимини топувчи адашган тоифаларнинг биринчи қаторида турибди-ку?!
Ҳанафий мазҳабининг йирик олими, ҳиндистонлик Мулла Живан ҳазратлари ҳукм оятларига доир “ат-Тафсиротул Аҳмадия” асарида мавзуга доир қуйидаги фикрни илгари суради: «Билиб қўйиш лозим, том маънодаги комил халифалик (даври) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу: “Халифалик мендан сўнг ўттиз йилдир! Ундан кейин талашиб-тортишиладиган подшоликлар (даври) бўлади”, деган ҳадиси тақозосига кўра, Али розийаллоҳу анҳуда тамом бўлган. Ноқис халифалик эса ундай эмас (яъни ўттиз йилдан кейин ҳам давом этган). Чунки аббосийлар даврида, ноқис бўлса-да, халифалик бўлган. Ҳаққоний имомат ҳам бугунги замонамизда шартлари йўқ бўлиб кетгани боис топилмайди. Зеро, имомат шартлари ичида энг охиргиси қурайший бўлишдир. Бу ҳам ҳозирги даврда жуда кўп жойларда топилмайдиган шартдир.
Шунингдек, мутлақ тарзда келган: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг” (Нисо сураси, 59) ояти каримасига кўра, раҳбарларга (динга зид ишларни буюрмаса) итоат қилиш вожиб бўлади. Улар халифа ё ҳаққоний имом деб эмас, балки ишбошиларимиз бўлгани учун итоат қиламиз, эргашамиз» (Мулла Живан “Ат-Тафсирот ул-Аҳмадия”. 201-Б. Қозон. Харитонов матбааси. 1904 м).
Демак, ҳизбчиларнинг халифалик ҳақида илгари сураётган фикрлари воқеликда содир бўлиши мумкин бўлмаган амримаҳол хаёлотдан бошқа нарса эмас. Аҳли сунна эътиқодини маҳкам тутаман деган шахс ҳизбнинг хаёлий тасаввуротларига, аслида, бузғунчи ғояларига алданмасдан, соғлом фикр юритса, ҳақни топади.
Ботиржон ТОЖИБОЕВ,
Андижон шаҳар “Ғиштли” жоме
масжиди имом-хатиби
Куни кеча мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан муҳтарам Президентимиз томонидан юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ ватандошларимиз тақдирланди.
Энг қувончлиси шуки, тадбирда диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг заҳматли меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!
Хусусан, Диний идора тизимида узоқ йиллардан бери самарали хизмат қилиб келаётган устозлардан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур, Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев, Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" жоме масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов "Имом Бухорий" орденини Давлатимиз Раҳбаридан қабул қилиб олишди.
Устозларнинг илмий-маърифий фаолияти, халқ ичида маърифат улашишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак қадрлангани бутун диний-маърифий соҳада меҳнат қилаётганлар учун катта фахр ва шарафдир.
Ушбу воқеа Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳага, миллий қадриятларимизни авайлаб-асраш ҳамда ривожлантиришга қаратилаётган изчил ва хайрли сиёсатнинг амалий ифодасидир.
Халқимизда қадимдан маърифат аҳлини улуғлаш, уларнинг заҳматли меҳнатини қадрлаш эзгу анъана саналади. Ислом таълимотида ҳам илм эгаларига алоҳида мақом ва ҳурмат билан қаралади. Зеро, Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», дейилган.
Уламоларга кўрсатилаётган бундай эътиборнинг нечоғли хайрли экани қуйидаги ҳикматда ҳам ўз ифодасини топган. Улуғ зотлардан бири Товус раҳматуллоҳи алайҳ отасидан қуйидагича ривоят қилган: «Тўрт кишини ҳурмат қилиш суннатдир: олим, ёши улуғ инсон, подшоҳ ва ота» (Имом Абдураззоқ ривояти).
Мазкур юксак мукофот миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш, Ислом маърифатини кенг тарғиб этиш, жамиятда бағрикенглик ва тинчлик-омонликни бардавом сақлаш йўлидаги кўп йиллик хайрли хизматларнинг муносиб эътирофидир.
Давлатимизнинг бундай эътибори диний соҳа ходимларига янада улкан масъулият юклайди, маънавий юксалиш йўлидаги хайрли хизматлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади, инша Аллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати