Барчамизни Аллоҳ таоло яратган. Тақдирларимизни иҳота қилувчи ягона Зот ҳам фақатгина Роббимизнинг Ўзидир. Қуръони каримда: “…Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз…” дейилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги муҳтасиби Иқболжон домла Аҳмадалиевнинг волидаи муҳтарамасининг вафоти муносабати билан оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ марҳумани мағфират қилсин, савобли амаллари билан қабрларини нурга тўлдириб, жойларини жаннатда қилсин! Қолган барча яқинларига Аллоҳ сабри жамил берсин! Марҳуманинг яқинлари, фарзанду аржумандларига, хусусан, Иқболжон домлага чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.
Жаноза намози 30 декабрь куни соат 12:00 Риштон тумани Воҳим қишлоғида марҳуманинг хонадонида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Юртимизда аҳоли маънавиятини юксалтириш, соф эътиқод ва миллий қадриятларимизни кенг ёйиш ҳамда халқимизга тўғри ва ишончли диний-маърифий илмларни етказишда даврий матбуот нашрларининг ўрни беқиёс.
Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Ҳидоят» ва «Мўминалар» журналлари ҳамда «Ислом нури» газетасига 2026 йилги обуна мавсумида фаол иштирок этиб, ушбу нашрлар тарғиботига муносиб ҳисса қўшган соҳа масъуллари ва имом-хатибларни тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Шамсиддинхон Бобохонов» нашриёт-матбаа ижодий уйи Даврий нашрлар бўлими бошлиғи Иброҳим Иномов ҳамда нашрлар бош муҳаррири Абдужалил Хўжамов иштирок этди.
Йиғилишда таъкидланганидек, мазкур газета ва журналлар шунчаки матбуот воситаси эмас, балки ҳар бир хонадонга илм-маърифат, соғлом эътиқод ва фазилат олиб кирувчи мўътабар маънавий манбалардир. Улар орқали халқимиз мўътадил диний илмларни ўзлаштириб, ўзларини қизиқтирган саволларга расмий ва асосли жавоблар олиш имконига эга бўлади.
Мулоқот давомида диний нашрларнинг жамиятдаги аҳамиятини ошириш, аҳолини мутолаага жалб этиш ва янги босқичдаги обуна ишларини янада самарали ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбир якунида нашрларни аҳоли орасида кенг тарғиб этишда фидойилик ва ташаббускорлик кўрсатган бир гуруҳ имом-хатиблар ва соҳа ходимларига ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати