Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Январ, 2025   |   11 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:33
Шом
17:17
Хуфтон
18:36
Bismillah
11 Январ, 2025, 11 Ражаб, 1446

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларининг илмий мўъжизалари[1]

16.10.2022   2276   15 min.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларининг илмий мўъжизалари[1]

Ғарблик олимлар бутун умрини сарфлаб, тер тўкиб ечим излаётган муаммоларнинг муолажаси бундан ўн тўрт аср олдин севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан очиқ-ойдин баён этилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг амри билан бизни нимага буюрган бўлсалар, ўша нарсада биз учун фойда бордир. Ва албатта, нимадан қайтарган бўлсалар, унда бизлар учун зарар, зиён бор. “Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз!” (Ҳашр сураси, 7-оят) деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!

Сувни ўтирган ҳолатда ичиш

Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сувни тик туриб ичишдан қайтарганлар” (Имом Муслим ривояти).

Доктор Абдураззоқ Киляний айтади: “Овқат ва сувнинг ўтирган ҳолатда ейиш ва ичиш соғлиқ учун ҳавфсиз ва фойдалидир. Бунда инсоннинг ошқозони тинч ва бўшашган ҳолатда бўлади, бу эса ўз навбатида сувни ошқозонга ҳеч қандай тўсиқларсиз тўғри келиб тушишини таъминлайди. Ўтириб ичилганда сув аввал ошқозонга тушиб, кислотали муҳит билан қоришади, сўнгра организмдаги микробларни тозалайди ва ўн икки бармоқ ичакка ўтади. Бу инсон организмини турли касалликлардан ҳимояланашига сабаб бўлади. Инсон тик туриб сув ичганда эса, сув тўғридан-тўғри ўн икки бармоқ ичакка ўтиб кетади. Бу инсон саломатлиги учун хавфли ва зарарлидир.

Бурунга сув олиб ювиш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирортангиз таҳорат олса, бурнини сув билан ювсин ва қоқиб ташласин”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Доктор Мустафо Шаҳота айтади: “Бурун бўшлиғида микробларнинг бир неча турлари пайдо бўлади ва ривожланади. Ҳар куни таҳоратда бурун бўшлиғининг ювилиши, унинг яллиғланиши ва микробларнинг кўпайишини кеткизади”.

 

Хушбўйлик суртиш

Пайғамбарирмиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки юзига хушбўйлик суртмоқчи бўлса, уни қошидан бошласин. Албатта, бу бош оғриғини камайтиради. Қошлар одам танасида илк пайдо бўлгувчи туклардир”, дедилар (Имом Дайламий ривояти).

Барча тиббиёт олийгоҳларида қўлланма сифатида фойдаланиладиган “Эмбриология” дарслигида: “Она қорнида ривожланаётган боланинг танасида эмбрион ривожланишинг тўртинчи босқичида дастлаб қош туклари пайдо бўлади”, дейилади.

Замонавий тиббиёт тан олган ушбу ҳақиқат “Life Science Library” китобида ҳам “Пайғамбар ҳақ экан!” деган сўзлар билан эътироф этилган.

 

Учдан бирини тўлдириш кифоя

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон қорнидан ёмонроқ идишни тўлдирмайди, одам боласига белни қоим қиладиган кичик луқма кифоядир. Бас, қориннинг учдан бири таом, бири сув ва қолгани нафас учундир”, деганлар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

Мутахассислар айтишича, ошқозоннинг тўла бўлиши, инсоннинг чуқур нафас олишига тўсқинлиқ қилар экан. Тўлиқ нафас олмаслик эса умрни қисқартиради. Эркин нафас олмаслик оқибатида қон кислород билан тўйина олмайди ва аъзоларга ўша ҳолича қайтиб боради. Қолаверса, танадаги модда алмашинуви бузилади ва қоннинг кислород билан тўйиниши учун етарли миқдорда кислород кирмайди. Бу эса ўз навбатида турли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади.

 

Ерга тушган егуликни тановул қилса бўлади (ми)?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бирингизнинг егулигингиз ерга тушиб кетса, уни кўтариб, сиртини бегона нарсалардан тозалаб есин, насибасини шайтонга қолдирмасин. Қўлини артмай туриб ялаб қўйсин. Дарҳақиқат, у барака қай бирида (яширин) эканидан бехабардир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Астон университети профессори Энтони Хилзнинг фикрича, ерга тушиб кетган егуликни беш сония ичида ердан олиб бемалол истеъмол қилса бўлар экан. Чунки бу вақт ичида ҳеч қандай микроорганизм егуликка тегишга ёки уни зарарлашга улгурмайди. Бундай егулик соғлиқ учун хавфсиздир.

 

Чироқни ўчириб ётинг!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ухлаганда чироқларни ўчиринглар”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Замонавий илмий тадқиқотлардан маълум бўлишича, ухлаган пайтда чироқни ёниқ қолдириш инсон миясининг муҳим жойларига таъсир қилиб, турли изтироб ва руҳий тушкунликларга ҳамда семириб кетишга сабаб бўлади. Шунинг учун олимлар тана ва мия дам олиши учун тунда чироқларни ўчириб ётишни тавсия қилишади.

 

Рўза тутинг

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тутинглар, саломат бўласизлар”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

Нобел мукофотининг тиббиёт ва физиология йўналиши совриндори бўлган япониялик олим Йошинори Осуми илмий тарзда рўзанинг инсон саломатлиги учун фойдасини исботлаб берди. Инсон организми оч қолганда тана қафасларидан чиқадиган зарарли бактерияларни ҳазм қилади. Бу эса инсон организмини турли зарарлардан халос бўлишга сабаб бўлади.

 

ОИТС муаммосининг ечими

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хатна қилиш эркакларга суннат”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Олимлар томонидан ўғил болаларни хатна қилиш ОИТСнинг олдини олишнинг энг афзал усули, деб тан олинди. Ёш болаларни хатна қилиш анъанавий одатга айланган ўлкаларда ОИТС касаллигининг юқиш кўрсаткичлари ўта паст экани аниқланди.

Жанубий Африка Республикасида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ўғил болаларни хатна қилувчи шаҳарларда ОИТСнинг тарқалиши кескин камайган. Шу сабабли, Африка қитъасининг энг кўп касаллик тарқалган давлатларида мажбурий хатна қилдириш жорий қилинган.

Аммо Гвинее-Бисау ва Кот-д’Ивуар каби шаҳарларда хатна амалиётнинг йўқлиги сабаб бу ерлар бу касалликнинг ўчоғи саналади. Айни дамда, ушбу суннатга амал қилиб келган қўшни шаҳарлар Либерия, Сьерра-Леоне мазкур вирусдан бутунлай ҳоли ҳисобланади.

 

Ётишдан олдин кўрпани қоқинг

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз тўшагига ётмоқчи бўлса, тўшагини қоқиб юборсин. Чунки у унда нималар борлигини билмайди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Инсон танасида турли ҳашаротлар ва зарарли ҳужайралар кўпаяди. Ухлаш учун ётганда улар танадан кўрпага ўтади. Ушбу зарарли ҳужайралар турли касалликларнинг ривожланишига сабаб бўлади.

Ғарб олимлари ушбу ҳужайралар вақтида тозаланмаса, кўпайиб, касалликлар келтириб чиқаришини аниқладилар. Ушбу муаммони бартараф этиш йўлларини бир неча йиллар давомида изладилар. Энг кучли тозалаш воситаларини ишлатиб, кўрпани ювдилар. Лекин ундаги зараркунанда ҳашаротлар қимир этгани ҳам йўқ. Охир оқибат кўрпани қўл билан уч марта қоқиб кўришди. Натижада, ўлик ҳужайра ва бошқа паразитлардан асар ҳам қолмади.

 

Тупроқ покловчидир

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Ер мен учун масжид ва покловчи қилинди” (Имом Абу Довуд ривояти).

Илмий тадқиқотларда тупроқ таркибида йўқ бўлиши энг қийин бўлган бактерияларни ҳам кетказишга қодир бўлган антибиотиклар мавжуд эканини тасдиқланди. Изланишлар давомида олимлар қийин ўлувчи бактерияларга қарши восита сифатида тупроқдан фойдаландилар.

Тупроқ бир кун давомида бутун бошли бактерияларни буткул йўқ қила олган. Тупроқдан бошқа воситаларни қўллаганда самара бермаган, балки баъзи воситалар оқибатида бактериялар сони янада кўпайган.

 

Нега айнан 13, 14 ва 15 – кунлари рўза тутиш лозим?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар ойнинг 13, 14, 15 кунлари рўза тутишга буюриб: “Қачонки бир ойдан уч кун рўза тутадиган бўлсанг, ўн уч, ўн тўрт ва ўн бешни тут”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

АҚШлик тадқиқотчилар Ойда инсон томири ва пешобида тўпланиб қолган сувни шимиш хусусияти борлигини аниқлашди. Ой инсон танасидаги бу сувни айнан 13, 14 ва 15 кунлик бўлганида шимиб олар экан. Тадқиқотчилар қамарий ойнинг 13, 14, 15 кунлари еб-ичишни камайтиришни тавсия этадилар.

 

Қорнинг билан ётма!

Тихфатул Ғифорий розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда чалқанча ҳолатда ухлаб ётганимни кўриб қолдилар. Оёқлари билан туртиб: “Бу уйқу нимаси?! Буни Аллоҳ ёмон кўради”, дедилар» (Имом Ибн Можа ривояти).

АҚШлик мутахассислар юзтубан ухлаш саломатликка салбий таъсир кўрсатишини илмий исботладилар. Бунда инсон кўкрак қафаси тўлиқ нафас ололмайди. Бўйин мушаклари мускулга айланиши оқибатида қон томирлари шикастланади. Бел қисмининг эгилиши ички органларга кучли босим ўтказади.

 

Тунги намоз

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондан кейинги энг афзал рўза, Аллоҳнинг муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Иордания кардиология илмий-тадқиқот маркази тиббиёт олимлари узлуксиз узоқ вақт ухлаш инсон саломатлиги, юрак-қон томирлари учун зарарлигини, хусусан, қон қуюқлашиши, инфаркт, миокард касалликларига олиб келишини аниқладилар.

Кардиолог олимлар юрак, юрак-қон томирлари касалликларини олдини олишда кечанинг тонгга яқин қисмида уйғониб, ўқилган намоз энг самарали усул эканини таъкидлайдилар.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суйиб истеъмол қилган мева

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сарёғ ва хурмони яхши кўрар эдилар” (Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).

Хурмо кам калорияли мева ҳисобланиб, унда бор йўғи 23 калория мавжуд. Бироқ, хурмонинг 50%и глюкозадан иборат. Шу сабабли, у жуда тўйимлидир. Саҳровий араблар учун хурмо “иккинчи нон”дек бўлиб қолган. Хурмода юрак учун фойдали бўлган минерал ва тузлар бор. Хусусан организмдаги кислота меъёрини сақлашда, иммунитетни оширишда ҳамда камқонликни олдини олишда зарур бўлган мис, темир, магний, рух, марганец, калий, натрий, бор ва бошқа бир қатор зарурий моддаларга бой. Қандли диабет билан касалланган беморларга, қонда глюкоза миқдорини яхшилашга, угдеводларнинг тез ҳазм бўлишига фойдали бўлган 23дан ортиқ хурмодан бошқа ҳеч бир мевада учрамайдиган аминокислота моддалари, Б, А, С, В5, В3 витаминлари мавжуд.

Шунингдек, хурмодаги селен моддаси саратон касаллиги хавфини камайтириб, тўқима ва аъзоларда моддалар алмашувининг бузилишига, юрак қон-томир касалликларига, қон босимининг ошишига, тез толиқишга қарши самарали таъсир кўрсатади. Шу сабабли, Рамазон ойида хурмони мунтазам равишда истеъмол қилиш тавсия этилади.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилган ўсимлик

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зайтун ёғини енг ва уни суртинг. Чунки у муборак дарахтдандир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Зайтун инсон организми учун жуда фойдали ҳисобланади. Ундаги Е моддаси инсоннинг тез қаришини олдини олади. Зайтун дарахтининг баргларидан қон босимини олдини олувчи дорилар тайёрланади. Шунингдек, зайтуннинг ошқозон шиллиқ пардаси яллиғланишига қарши самарали фойдаси бор.

 

Эркакларга ҳаром, аёлларга ҳалол

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ипакни олиб ўнг қўллари, тиллани эса чап қўллари ила тутдилар, сўнгра: «Албатта, мана бу иккиси менинг умматимнинг эркаклари учун ҳаромдир», дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Илмий кузатишларга кўра, тилла вақти-вақти билан оксидланиб, ўзидан кимёвий моддалар чиқариши аниқланди. Бу моддалар эркакларнинг жинсий безларига таъсир қилади ва ҳатто жинсий заифликка олиб келиши мумкин. Тилла ҳар қандай навли (проба) бўлишидан қатъи назар, унинг оксидининг бир миллиграмми ҳам жинсий безларнинг меъёрда ишлашига тўсқинлик қилади.

Аммо тилла аёлларнинг саломатлигига салбий таъсир этмайди. Аксинча, уларнинг танасига ижобий таъсир кўрсатади ва қон айланишини яхшилайди. Ўрта ёшдаги ва юраги хаста аёлларнинг қон босимини туширади.

Аёлларнинг тор тилла узукни номсиз бармоққа тақиб юриши эндокрин безларига зарар етказади. Шунинг билан бирга, остеохондроз ва радикулитни келтириб чиқаради.

Ўрта бармоққа тақилган узук атеросклероз ва гипертонияга, жимжилоқнинг зўриқиши ўн икки бармоқли ичак патологиясига олиб келади. Шу боисдан узукни ётишдан олдин, албатта, ечиб қўйиш лозим.

Сурма фақатгина кўз пардози эмас!

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Албатта, сурмаларингизнинг яхшиси исмиддир. У кўзни равшан қилур ва киприкни ўстирур”, (Имом Абу Довуд ривояти).

Сурма нафақат кўз пардози, балки кўз кўриш қобилиятини яхшилаш воситаси ҳамдир. Қатор давлатларда кўз касалликларини даволашда, айниқса, кўз пардасининг яллиғланиши ҳамда аллергияга қарши восита сифатида ҳам сурмадан кенг фойдаланилади. Сурма киприкларни ўстириш хусусиятига ҳам эга. Кўзнинг чарчаши ва касалликларга чалинишидан сақлайди. Айниқса чўл шароитида қора ранг қуёшдан сақланиш воситасидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлашдан олдин муборак кўзларига уч мартадан сурма сурар эдилар.

 

Тишни покловчи, Аллоҳни рози қилувчи амал

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мисвок ишлатиб ўқилган икки ракат намоз мисвоксиз ўқилган етмиш ракат намоздан афзалдир”, деганлар (Имом Ибн Нажжор ривояти).

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мисвок оғизни покловчи ва Аллоҳни рози қилувчидир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Насоий ривояти).

Мисвок милкни бақувват қилади. Тиш тошларини, оғиздаги нохуш ҳидлар ва бактерияларни йўқотади. Хотирани мустаҳкамлайди, нутқни равон қилади. Кўз нурини равшанлаштиради, ошқозон-ичак хасталикларининг олдини олади.

 

Саратон давоси

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қора дона ўлимдан бошқа ҳар бир дардга даводир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Қора седана уруғи ошқозон, юрак, кўз, нафас олиш йўллари, астма, бронхит, жигар ва буйраклар дисфункцияси, бош ва тиш оғриқлари, шамоллаш, кўнгил айниш, қусиш каби кўпгина касалликларни даволашда самарали фойда беради.

Қолаверса, инсон соғлиғини тиклаш ва иммун тизимини мустаҳкамлаш, куч-қувватини кўтаришда мисли йўқ шифобахш воситадир. Қора седана асаб системаси, ошқозон-ичак яралари, гижжа касалликлари, ҳатто саратон касалликларини даволашда ҳам қўлланилади.

Илмий кашфиётлар халқаро ташкилоти томонидан қора седананинг инсон организмида бронхиал йўлларни кенгайтириши, микробларни ўлдириши, қон босимини меъёрида ушлаб туриши, меъёрда сафро ажратишни таъминлаши, энг муҳими унинг саратон касалликларига қарши курашиш хусусиятига эга экани аниқланди.

 

 

[1] Scientific miracles in Sunnah. English.islamweb.net/emainpage

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Жаннат неъматлари ҳақида ўйлаганмисан?!

8.01.2025   15824   14 min.
Жаннат неъматлари ҳақида ўйлаганмисан?!

Жаннат аҳлига ваъда қилинган абадий неъматлар ҳақида ҳам узоқ фикр эт, қалбинг умидга тўлсин. Нафсингни хавф қамчиси билан ҳайдаб, умид билан жиловла ва сиротул мустақимга йўлла. Ана шунда буюк мулкка етасан, аламли азобдан халос бўласан.

Аҳли жаннат хусусида, уларнинг юзларида акс этган неъматлар жилваси, мушк билан муҳрланган май ила қондирилишлари ҳақида ўйлаганмисан?! Жаннат аҳли оқ дурдан тикилган чодирлар ичида, қизил ёқутдан бўлган минбарларда, яшил болишлар ва гиламлар устида, май ва асал оқаётган дарёлар бўйида қурилган сўриларда ястаниб ўтирурлар. Уларнинг атрофида хизматга ҳозир ғуломлар ва ҳеч қачон қаримайдиган болалар бўлур. Жаннат оҳу кўзли, хушхулқ ва гўзал юзли аёллар билан зийнатланган. Ёқут ва маржондек нафис бу бокираларга илгари на бир инс ва на бир жин тегинган...
Уларнинг эгнидаги оппоқ ипак кўзларни қамаштиради. Бошларидаги инжу ва маржонлар қадалган тожлари ундан-да нурафшон. Ишвалари сокинлик ва осудалик билан безанган юзлар қариб қолиш каби ноқисликлардан холи. Улар жаннат боғчаларининг ўртасида ёқутдан бунёд этилган чодирда ёлғиз бўлурлар.

Уларнинг ҳузурида борлиғи ҳаё билан тўсилган мусаффо оҳу кўз ҳурлар бор. Устларида эса мангу ёш болалар оқар чашмадан қадаҳларни, кўзаларни ва косаларни айлантириб турурлар. Яна улар учун худди садаф ичида яшириб қўйилган гавҳар мисоли оҳу кўз ҳурлар бордир. Бу ҳурлар жаннат аҳлининг дунё ҳаётида қилиб ўтган солиҳ амалларининг мукофотидир. Улар жаннатнинг чашмалар, дарёлар оқиб турган эмин мақомида, Қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда Маликул Карим Парвардигорининг жамолига боқадилар. Уларнинг юзларида неъматлар жилваси порлайди. Уларга на бир заифлик, на бир хорлик етади. Балки улар Парвардигори томонидан ёғдирилаётган турли неъматлардан бахтиёр, ўзлари истаган масканда абадий қолгувчидирлар. Уларга у ерда на бир хавф, на бир ҳазинлик етмас, балки балою фалокатлардан омондадирлар.

Улар жаннат таомларидан ейдилар. Сут, май, асал тўла дарёлардан ичадилар. У дарёларнинг ерлари кумушдан, тошлари маржон, тупроғи мушк, ўтлари заъфарондир. Қуюқ кофур аралашган оқ атиргул сувларига тўла булутлардан ёмғирлар ёғади. Жаннат аҳлига асли кумушдан бўлган, дур, ёқут, маржонлар билан зийнатланган қадаҳлар, шунингдек, ичида муҳрланган май, аралашмаси чучук салсабил бўлган майкосалар келтирилади. У майкосалардан нур порлайди. Уларнинг софлиги шу даражадаки, майнинг майинлиги ва қирмизи рангги косанинг ташқари томонидан билиниб туради. Чунки, бу одамзоднинг санъати эмас, у бундай гўзалликдан ожиз. Майкосалар чеҳрасидан нур ёғилаётган ходимлар кафтида (жаннат аҳлига узатилган ҳолда) туради.

Ҳа, ходимларнинг нур порлаётган юзлари қуёшга ўхшайди, фақат, у юзлардаги ҳаловат, у кўзлардаги ҳусну малоҳат қуёшда не қилсин!
Ажабо! Охират диёрининг бу сифатларига, бу диёр аҳлининг ўлмаслигига ва жаннат аҳлининг кутилмаган ўзгариш, офат-балолардан омонда эканлигига аниқ ишонган киши, қандай қилиб, охири харобаликка юз тутувчи бу ўткинчи дунёни ўзига дўст билиши мумкин?! Қандай қилиб, у диёр лаззатини, бу дунё лаззатига алмаштириш мумкин?!

Аллоҳга қасамки, агар жаннатда сиҳат-саломатлик билан бирга ўлим, очлик, ташналик каби офатлардан омонлик бўлса-ю, бошқа ҳеч нарса бўлмаса, фақат шу сабабнинг ўзи ҳам бу дунёдан юз ўгиришга арзийди. Нега энди охират диёри бу дунёдан устун қўйилмасин? Ахир, жаннат аҳли ҳар қандай хавфдан омон подшоҳлардир. Улар турли-туман неъматлар ичида шод-хуррам, хоҳлаган неъматлари олдида муҳайё! Улар ҳар куни Арш ёнида ҳозир бўлиб, Аллоҳнинг дийдорига назар соладилар...
Абу Ҳурайра Расули акрам алайҳиссаломнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Мунодий нидо қилади: "Эй жаннат аҳли! Энди сиз ҳамиша соғломсиз, ҳеч қачон дардга чалинмайсиз, ҳамиша тириксиз, ҳеч қачон ўлмайсиз. Доимо ёшсиз, ҳеч қачон қаримайсиз. Албатта, сиз саодатли бўласиз, ҳеч қачон бахтсизликка йўлиқмайсиз"» (Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло дейди: «Қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир» (Аъроф, 43-оят).

Жаннат сифатлари билан танишмоқчи бўлсанг, Қуръон ўқи. Жаннат ҳақида Аллоҳ таолонинг баёнидан улуғроқ баён борми?!

«Парвардигори (ҳузурида) туришидан (яъни, Парвардигор олдида туриб, ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амалларига жавоб беришидан) қўрққан киши учун икки жаннат бордир» (Раҳмон, 46) оятидан то сура охиригача, шунингдек, Воқеа ва бошқа сураларни ҳам ўқи, жаннат ҳақидаги хабарларнинг тафсилотига боқ! Аввало, жаннатнинг сони билан боғлиқ жиҳатларга эътиборингни қарат. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Раҳмон сурасидаги «Парвардигори (ҳузурида) туришидан қўрққан киши учун икки жаннат бордир» ояти хусусида дейдилар: «Икки жаннат бор, у ернинг идишлари ва бошқа барча нарсалари кумушдан. Икки жаннат бор, у ернинг идишлари ва бошқа барча нарсалари олтиндан. «Адн» дейилмиш мангу жаннатда аҳли жаннат ва Парвардигорининг орасида кибриё ридосигина бўлур» (Муттафақун алайҳ).

Кейин жаннат эшикларини тасаввур қил. Уларнинг сони тоатингга яраша. Яъни, қайси мўминнинг Аллоҳ таолога итоати кўп бўлса, унга очиладиган жаннат эшиклари ҳам шунчалик кўп бўлади. Жаҳаннам эшикларининг сони ҳам кишининг маъсиятига мувофиқ бўлади. Яъни, инсон Аллоҳ таолога қанча кўп итоатсизлик қилса, унга шунча кўп дўзах эшиклари очилади.
Абу Ҳурайра Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Кимки Аллоҳ йўлида ўз молидан бир жуфт нарсани инфоқ қилса, у жаннатнинг барча эшикларидан чорланади. Жаннатнинг саккизта эшиги бор. Кимки аҳли намоз бўлса, «Бобус солат» (Намоз эшиги)дан, рўза аҳли «Бобус сиям» (Рўза эшиги)дан, аҳли садақа бўлса, «Бобус садақа» (Садақа эшиги)дан, аҳли жиҳод бўлса, «Бобул жиҳод» (Жиҳод эшиги)дан ичкарига чорланади». Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу:
– Аллоҳга қасамки, бу эшикларнинг биттасидан чақирилган киши нажот топади. Жаннат эшикларининг барчасидан чорланадиган киши ҳам борми?
Ҳа, сен ўшалардан бири бўлишингни умид қиламан, дедилар Набий алайҳиссалом» (Муттафақун алайҳ).

Осим ибн Замра Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилади: «Ҳазрати Али дўзахни эслатди. Шундай бир қўрқинч билан эслатдики, унинг даҳшатидан ҳозир қўрқинчдан бошқаси хотиримдан кўтарилди. Кейин шу оятни ўқиди: «Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса тўп-тўп ҳолда жаннатга киритиладилар. Қачонки улар дарвозалари очилган ҳолдаги (жаннатга) келиб етганларида ва унинг қўриқчилари: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» деганларида (улар беҳад шодланурлар)» (Зумар, 73-оят).

Сўнгра кейинги чашмага бориб, у билан покланадилар. Уларга неъматлар жилваси ёғилади. Бадандаги туклардан мудом хуш бўйлар таралади. Сочлар гўё атирли мой сурилгандек бир текис, тартибли. Кейин улар жаннатга етиб келадилар. Жаннат қўриқчилари уларга: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» – дейишади.
Сўнг вилдон – мангу ёш болалар уларни қарши олишиб, атрофида айланишади, бамисоли, дунё болалари узоқ вақт кўрмаган яқинларини соғинч билан кутиб олиб, атрофида айланишганлари каби. Улар аҳли жаннатга: «Қувонинг, шодланинг! Қаранг, Аллоҳ таоло сизга шунчалик неъматни ато қилибди!» – дея суюнчилашади».

Ровий дейди: «Мангу ёш болалардан бири жаннат аҳли завжаларидан бўлган оҳу кўз ҳурлардан бирига: «Фалончи келди!» деб у жаннатийнинг дунёда чақирилган исмини айтади. Шунда оҳу кўз ҳур:
– Сен уни аниқ кўрдингми? – деб сўрайди.
– Ҳа, аниқ кўрдим, мана у изимдан келяпти, – дейди у. Ўшанда у ҳур севинчдан шу даражада енгиллашиб кетадики, бир зумда жаннат эшиги бўсағасида ҳозир бўлади. Жаннатий банда ўз масканига етиб, маржонлардан иборат соҳил устига қурилган қизил, сариқ, яшил каби турфа рангда товланаётган кўшкка назари тушади. Бошини кўтариб, чақмоқдан чақнаётган кўшкнинг шифтига аста қарайди. Агар Аллоҳ таолонинг тақдири бўлмаганида бу ёрқинлик унинг кўзини кўр қилган бўлар эди. Кўзини шифтдан олар экан, қошида завжаларини, булоқ бўйига қўйилган қадаҳларни, тизиб қўйилган ёстиқларни ва тўшалган гиламларни кўради. Сўнгра уларга суяниб: «...Бизларни бу (неъматларга) йўллаган Зот-Аллоҳга ҳамду сано бўлгай. Агар бизни Аллоҳ ҳидоят қилмаганида ҳаргиз йўл топа олмас эдик...» – дейди (Аъроф, 43-оят).
Кейин мунодий нидо қилади: «Мангу ҳаётсиз, ҳаргиз ўлмайсиз. Доимо бунда муқимсиз, ҳеч қачон кетмайсиз. Ҳамиша саломатсиз, ҳеч қачон хасталанмайсиз».
Расули акрам алайҳиссалом дедилар: «Қиёмат куни жаннат эшиги олдида ҳозир бўламан, унинг очилишини сўрайман. Шунда жаннат қўриқчилари:
– Ким у? – дейди.
– Муҳаммад! – дейман.
Сиздан олдин бирорта кишига эшикни очмасликка буюрилган эдим, – дейди у» (Муслим ривояти).
Жаннатдаги кўшклар, у ерда даражаларнинг фарқланиши тўғрисида ҳам фикр эт. Чунки, охират даража жиҳатидан энг юксак, афзаллиги жиҳатидан энг улуғ мезондир. Одамлар тоатларнинг зоҳирий кўринишида ва ботиний хулқда бир-биридан фарқлангани каби амалларига кўра тақдирланишда ҳам фарқланадилар. Агар юксак даражаларни кўзлаётган бўлсанг, жидду жаҳд қил, токи Оллоҳ таолога итоат қилишда ҳеч ким сендан ўзиб кетолмасин. Ахир, Оллоҳ таоло айни шу майдонда сенга мусобақа ва рақобатни буюрган-ку!
«(Эй инсонлар), Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Оллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва ер кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз...» (Ҳадид, 21-оят).
«У (май)нинг муҳри мушк бўлур. Бас, баҳслашгувчи – мусобақа қилгувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) баҳслашсинлар – мусобақа қилсинлар» (Мутаффифун, 26-оят).
Ажабо! Яқинларинг ё қўшниларингдан бирортаси бойиб кетса ёки иморатини баланд қилиб кўтарса, сиқиласан, қийналасан. Ҳасад туфайли ҳаётинг аччиқ зардобга айланади. Лекин энг олий қароргоҳда, жаннатда шундай яқинларинг ёки қўшнилар борки, улар ўз фазилатлари билан аллақачон сендан ўзиб кетди. Бу фазилатларга дунё ва ундаги жамики нарсалар ҳам бас келолмайди.
Абу Саид Худрий Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Устма-уст, даражама-даража жойлашган кўшк аҳли жаннатийларга, бамисоли узоқ уфқларда мағрибу машриққа сочилиб, бир-бири билан мусобақалашаётган юлдузлардек бўлиб кўринади.
– Эй Оллоҳнинг расули, улар пайғамбарлардан ўзгаси етолмайдиган манзилми? – дея сўрашди.
– Жоним измида бўлган Зотга қасамки, у Оллоҳга иймон келтирган ва мурсалларни тасдиқлаган кишиларнинг манзилларидир» (Муттафақун алайҳ).
Расули акрам бу ҳақда яна шундай деганлар: «Жаннатдаги баланд даража эгаларини улардан қуйидагилар худди осмон уфқларида порлаган юлдузларни кўргандай кўрадилар. Абу Бакр ва Умар шулардандир...» (Термизий ривояти).
Жобир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қиладилар: «Пайғамбар алайҳиссалом бизга:
Сизларга жаннат кўшкларининг хабарини берайми? – дедилар.
– Ота-онамиз Сизга фидо бўлсин, ё Аллоҳнинг расули, хабарини беринг, – дедик.
Жаннатда ҳамма томони гавҳардан бунёд қилинган кўшклар бор. Бу кўшклар шу даражада шаффофки, ташқарисидан ичи, ичидан ташқариси кўриниб туради. Кўшк ичкарисида на кўз кўрган, на қулоқ эшитган, на инсон хотирига келган бир неъмат, туганмас лаззат, адоқсиз сурур бор, – дедилар.
– Ё Аллоҳнинг расули, бу кўшклар ким учун ҳозирланган? – сўрадим.
– Шундай бир киши учунки, у саломни ёяди, таом едиради, давомли рўза тутади, тунда одамлар уйқуга ғарқ пайтда намоз ўқийди, – дедилар.
– Ё Аллоҳнинг расули, буларни ким бажара олади? – дедик.
– Умматим бу ишларни бажаришга қодир. Улар ҳақида сизларга хабар берайинми? Ким биродарига йўлиққан пайтда салом берса ё алик олса, демак у саломни ёйган бўлади. Кимки аҳли оиласини тўйгунча озиқлантирса, таом едирувчилар жумласидан бўлади. Кимки рамазон ойида ва ҳар ойнинг уч кунида рўзадор бўлса, давомли рўза тутган ҳисобланади. Кимки хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо қилса, тунда одамлар яъни, яҳудийлар, насоралар ва мажусийлар уйқуда пайтда намоз ўқиган бўлади, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» (Абу Наим ривояти).

Аллоҳ таолонинг: «...абадий жаннатлардаги покиза масканларга киритур» (Саф, 12) ояти ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди. Расули акрам дедилар: «Покиза масканлар – маржонлардан бунёд қилинган қасрлардир. Ҳар бир қасрда қирмизи ёқутдан бўлган етмишта ҳовли, ҳар ҳовлида яшил зумраддан бўлган етмишта уй, ҳар уйда бир тахт, ҳар тахтда барча ранглардан уйғун етмишта тўшак, ҳар тўшакда оҳу кўзли ҳурлардан бир жуфти ҳалол бор. Ҳар уйда етмишта дастурхон, ҳар дастурхонда етмиш хил таом бор. Ҳар уйда етмишта ходима бор. Мўмин кишига ҳар куни эрталаб шундай бир қувват бериладики, кун давомида ходимларнинг барчаси билан қўшилишга қодир бўлади» (Абу Шайх ривояти).

Абу Ҳомид Ғаззолий "Иҳё улумуд дин (Сўнгги манзил зикри)" китобидан