Барчамизга маьлумки, ҳар қандай тараққиёт – ҳоҳ диний, ҳоҳ ижтимоий, ҳоҳ иқтисодий, ҳоҳ оилавий тараққиёт бўлсин, унинг негизида бир нарса – тинчлик, ҳотиржамлик ётади.
Боболаримиз, момоларимиз дуо қилганларида: “Тани сиҳҳат, хотиржамлик, дили беғамлик бергин”, деб айтар эдилар. Чунки, тинчлик – Аллоҳ таолонинг инсониятга берган улкан неъматлардан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам муборак ҳадисларида тинчлик-хотиржамликни улкан неъмат эканлигини таъкидлаб шундай дейдилар:
يقول النبي ﷺ: نعمتان مغبون فيهما كثير من الناس: الصحة، والفراغ
“Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар ундан маҳрумдирлар: сиҳат-саломатлик ва тинчлик-хотиржамлик”
Албатта, ҳар бир ҳурфикр инсон бу неъмат учун шукрини қилмоғи лозим. Айрим неъматлар бор-ки, уларнинг шукри “Алҳамдулиллаҳ” дейиш билан адо бўлади, аммо тинчлик неъматининг шукри “Алҳамдулиллаҳ” дейиш билан адо бўлмайди. Бу неъматни асраб туриш учун ҳар бир жабҳада, аввало маърифат соҳасида курашмоқ керак.
Ушбу тинчлик-хотиржамликни бизларга таьмин қилиб берадиган, осойишта яшамоғимизга ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшаётган касб эгалари борки, ҳамиша уларниниг хизматларини эътироф этиб ёдимизда тутишимиз керак. Ён давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини тиклаб, дунёнинг сиёсий майдонида моҳирона дипломатик муносабатларни амалга ошириб келаётган ҳукуматимиз раҳбарларининг хизматларини ҳам алоҳида эътироф этмоғимиз керак.
Алҳамдулиллаҳ, Ватанимиз сарҳадларини, ҳудудий яхлитлигини, аҳолини тинч ҳаётини ва унинг хавфсизлигини 30 йилдан бери кеча-ю кундуз таъминлаб турган Миллий Армиямиз – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари мавжуд. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: رباطُ يومٍ فى سبيل الله أفضلُ من شهْرٍ صيامه و قيمه
“Аллоҳ розилиги учун бир кеча-кундуз Ватан сарҳадини қўриқлаш бир ойлик кундузлари рўза тутиб, кечалари ибодат билан қоим ўтказганни савобидан афзалроқдир”, деганлар.
أنَّ رَسولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ قالَ: رِبَاطُ يَومٍ في سَبيلِ اللَّهِ خَيْرٌ مِنَ الدُّنْيَا وما عَلَيْهَا
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Аллоҳ розилиги учун бир кеча-кундуз Ватан сарҳадини қўриқлаш дунё ва ундаги барча нарсадан яхшироқдир”, дедилар.
Шунингдек, бошқа ҳадисда:
رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: عَيْنَانِ لَا تَمَسُّهُمَا النَّارُ: عَيْنٌ بَكَتْ مِنْ خَشْيَةِ الله، وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِي سَبِيلِ الله
“Дўзахда азобланмайдиган икки кўз (эгалари) бор: Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлайдиган кўз ва Аллоҳ розилиги йўлида мижжа қоқмай кечани қўриқчилик қилиб ўтказган кўз”, деб, Аллоҳ йўлида фуқаролар тинчлигини, Ватан сарҳадларини қўриқлашнинг ажр-савоби нақадар буюк эканлигини, бу хизматда тунни бедор ўтказганлар учун улкан ажр – дўзах ўтидан омонлик берилишини мужда бердилар.
Бугунги кунимизда мамлакатимизнинг тинчлигини кўролмайдиган тоифалар ҳам бор. Уларнинг айримлари сиёсий мақсадларини амалга ошириш учун “инсон ҳуқуқлари”, “демократия” каби сўзларни ўзларига қалқон қилиб мамлакатда фитна қўзғашга ҳаракат қилсалар, айримлари муқаддас динимизнинг муқаддас шиорларини ўз мақсадлари учун қалқон қилишиб, жамиятда фитна уруғини сепишга ҳаракат қилишмоқда. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Ўзининг Каломи шарифида шундай марҳамат қилади:
﴿وَالفِتْنَةُ أشَدّ مِنَ القَتْل﴾
“Фитна одам ўлдирмоқдан кўра гуноҳи оғирроқдир”. (Бақара сураси, 191-оят.)
Бир ҳудудда фитна оловини ёқишнинг гуноҳи одам ўлдирганнинг гуноҳидан оғирроқ экан. Чунки, қотилнинг зарари бир инсоннинг умрини завол қилиш билан тўхтайди, аммо фитначининг фитнаси ортидан келадиган зарар эса йиллар ўтсада тўхтамайди. Шунингдек, бошқа оятда :
﴿إنَّ الصَّلاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَعْشَاءِ وَ الْمُنْكَرِ﴾
Яъни, “Намоз фаҳш ва мункар (гуноҳ) ишлардан қайтарур”, (Анкабут сураси, 45-оят.) деб марҳамат қилади.
Агар иймонимиз, ибодатларимиз бизларни фаҳш-мункар саналган амаллардан, жамият ичида фитна қўзғайдиган ҳаракатлардан қайтармас экан унда иймонли эканлигимизда, ибодатларимизнинг мақбул бўлишида шубҳа бор.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз тинчлик ва ўзаро ҳурмат сиёсатини олиб бориб, ўз ҳудудида ва қўшни давлатлар ҳудудида тинчликни асраш учун улкан ишларни амалга оширмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда истиқомат қилаётган аҳоли тинч-тотув умргузаронлик қилиб, ўз кундалик ташвишлари билан банд.
Улуғ шайх Алихон Тўра Соғуний раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: Тўрт нарса инсонийлик шарафи ва унинг иқболининг бутунлигидан далолатдир: 1) Озодлик, ҳурлик ва эркинлик; 2) Меҳнат билан топилган бойликка ўзи эгалик қилиши; 3) Туғилиб ўсган она ватанида истиқомат қилиши; 4) Покиза ва муқаддас ҳақ дин Исломга эътиқод қилмоғи.
Алихон Тўра Соғунийга кўра мана шу тўрт нарса кимда бўлса, демак ўша инсон бахтлидир, саодатлидир. Ушбу мезонга кўра Ўзбекистон халқи ҳам том маънода бахтлидир. Азиз ватандошлар, мамлакатимиз учун энг муҳим байрам Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги нишонлаш арафасидамиз. Аллоҳ таоло Ватанимизни, сарҳадларимизнинг тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини ва дунёда тинч-хотиржам, осуда ҳаётни барқарор қилсин. Тинчлигимиз барқарор, мустақиллигимиз абадий бўлсин. Яқинлашиб келаётган мустақиллик байрами барчамизга муборак бўлсин.
НОДИР Қобилов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар маркази илмий ходими
“Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 27 август кунги 175-сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратларининг “Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт” номли мақоласи чоп этилди.
Эзгулик, бағрикенглик марказига айланаётган мамлакатимизда диний-маърифий соҳада эришилаётган тарихий ютуқлар эътирофига бағишланган қиёсий-таҳлилий мақоланинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Бутун халқимиз томонидан катта шодиёна қилинаётган, ўз тақдирини шу азиз Ватан тақдири билан боғлаган қирқ миллионга яқин юртдошимиз қалбини чексиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлдираётган мустақиллик байрами – истиқлолимизнинг 35 йиллик айёми билан барчани чин қалбимдан муборакбод этаман.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, мамлакатимизда сўнгги йиллардаги жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳамда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин тоат-ибодат қилиши учун яратилаётган шароитлар янги босқичга кўтарилди.
Бунёдкорлик ва маънавий тикланиш солномаси
Сўнгги ўн йиллик солномасига қарайдиган бўлсак, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг энг маҳобатлилари, шубҳасиз, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасидир.
Бундан 9 йил олдин Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ҳақида махсус қарор қабул қилиниб, амалий ишлар бошланган эди. Ниҳоят жорий йилда қадимдан Тошкентнинг маънавий маркази бўлиб келган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида миллий руҳ ва замонавий шароитларга эга муҳташам иншоот барпо этилди. Марказнинг асосий зали, таъбир жоиз бўлса, қалби, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Қуръон залидир. Бу ерда дунёдаги энг қадимий Ҳазрати Усмон Мусҳафи юксак мақомига яраша муносиб ўрин топди.
Бу масканда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам янги қароргоҳига эга бўлди. Президентимизнинг оқ фотиҳаси билан биз ҳам шу ерда фаолиятимизни давом эттиряпмиз.
Имом Бухорий мажмуаси қурилиши 2019 йилда бошланган эди. Қарийб 45 гектар майдонни қамраб олган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид, инновацион музей, кутубхона, меҳмонхоналар ва бошқа зарур инфратузилма иншоотлари барпо этилди.
Шу муаззам мажмуа фойдаланишга топширилаётганида хаёлимга бир фикр келди. Биласиз, Имом Бухорий бобомиз илм талаб қилиш йўлида қанча машаққатлар чекиб дунё кездилар. Буюк муҳаддис бўлиб Ватанимизга қайтиб келдилар. Лекин унга ҳозиргидек эътибор, эҳтиром, эъзоз кўрсатилмаганди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини юксак даражада қадрлаш ва тарғиб этишга янги босқичда кенг имкониятлар яратилди. Ҳозир бутун ислом олами, барча мусулмонлар шу мажмуага талпинмоқда.
Шунингдек, Фарғонадаги Бурҳониддин Марғиноний янги мажмуаси, Намангандаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Андижон бош масжиди, Сурхондарёдаги термизийлар мақбаралари, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳи, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Нукусдаги Имом Эшон Муҳаммад, Урганчдаги Охун бобо масжидлари, Тошкентдаги Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжид-мажмуалари, Тошкент вилоятидаги Зангиота зиёратгоҳини ҳам санаб ўтиш мумкин.
Юртимизнинг шаҳару қишлоқларида, энг чекка ҳудудларида 130 тага яқин янги масжид очилди. 500 дан зиёд жоме бутунлай қайтадан бунёд этилди. 3 та олий ва 1 та ўрта махсус мадраса ташкил этилди. Жумладан, 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасининг тарихий мақоми тикланди ва уни дунёга машҳур ал-Азҳар мажмуаси даражасига етказиш ишлари давом этмоқда.
Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институти, шунингдек, Имом Термизий номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолият бошлади. Тошкент ислом институтида магистратура ташкил қилиниб, бу йил илк битирувчилар соҳанинг нуфузли идораларида меҳнат фаолиятига киришди.
Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари сони 30 дан ошди. Машғулотларни 100 мингдан зиёд тингловчи якунлаб, Аллоҳнинг каломини ўқиш бахтига эришди. Бундан ташқари, интернет орқали онлайн қироат сабоқлари йўлга қўйилди.
Диний идорамиз ҳузурида Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво маркази ташкил этилди. Бу ерда диний уламоларимиз ҳар йили юртдошларимизнинг 300 мингдан ортиқ саволига жавоб бериб келмоқда. Эътиборлиси, ишлаш ё ўқиш мақсадида чет давлатда бўлиб турган ватандошларимизнинг саволларига мобил илова ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам жавоб бериш имконияти яратилган.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги 4 та халқаро илмий-тадқиқот маркази таъсис этилиб, нодир илмий-маърифий асарлар тадқиқ қилинмоқда.
Зиёрат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш
Ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл берилди. Ҳаж квотаси 3 баравар, яъни 5 мингдан 15 мингга кўпайган бўлса, умрага қўйилган квота чекловлари олиб ташланди. Натижада ҳар йили 1 миллионга яқин ҳамюртимиз Аллоҳнинг байтини зиёрат қилишга муваффақ бўлмоқда.
Бу йилдан бошлаб Президент ҳожилари дастури жорий этилиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган 100 нафар юртдошимиз ҳаж сафарига имтиёзли бориб келди.
Рамазон ойи, икки ҳайит байрами ҳақиқий маънода катта айёмга айланди. Бу муборак саналарни Президент қарори билан кенг нишонлаш дунё мамлакатлари тажрибасида йўқ. Айниқса, жорий йилги айёмларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган улкан воқеликларни алоҳида таъкидлаш керак: Рамазон ойида 1 триллион 100 миллион сўм, Қурбон ҳайитида 700 миллиард сўм маблағ хайрия ишларига йўналтирилди.
Диний соҳа ходимларига бугунгидек эътибор, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлаш илгари кузатилмаган эди. Айниқса, 15 уламонинг Имом Бухорий ордени билан мукофотланиши тарихий воқеа бўлди.
Имом-хатибларимиз хорижий тажриба алмашиш ва малака ошириш учун чет давлатларга бормоқда. Хусусан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Европа мамлакатлари, Саудия Арабистони, Миср, БАА, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда малака ошириш курслари, Қуръони карим хатмлари, диний-маърифий суҳбатларда иштирок этмоқда. Албатта, бундай юксак эҳтиром ва кенг имкониятлар қалбларимизда чексиз шукроналик туйғусини уйғотади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда этишни ваъда қилиб, бундай марҳамат қилади:
“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Ушбу илоҳий ваъдага мувофиқ, тинч ва фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, юртимизда амалга оширилаётган хайрли ва эзгу ишларга шукроналик келтириш неъматларнинг бардавом ва янада зиёда бўлишига сабабдир. Зотан, шукр фақат тилда эмас, балки меҳр-оқибат, саховат ва эзгу амалларда намоён бўлиши билан ўз маъносини топади.
Буюк саодатнинг ифодаси
Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати натижасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланмоқда. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши, Абу Даби тинчлик форуми, Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши, Исломий фиқҳ академияси, Ислом олами уюшмаси, Подшоҳ Салмон номидаги Ҳадиси шариф академияси ва Халқаро ислом фиқҳи академияси каби нуфузли ташкилотлар шулар жумласидан.
Яқинда мамлакатимизда I халқаро ислом цивилизацияси форуми ўтказилди. У бутун дунё эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратди. Форум доирасида кўплаб нуфузли олимлар, уламолар юртимизга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг шоҳиди бўлди.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан 600 дан ортиқ китоб, монография, рисола, роман нашр қилинди.
Умуман олганда, инсон қадрини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсат аҳолининг турмуш сифатини янада ошириш, илгари адашган йўлидан қайтиб, соғлом ҳаёт кечириш йўлини танлаган шахсларни афв этиш каби савобли ишларда намоён бўлаётир.
Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг инояти билан эришилган истиқлол шарофатидандир. Тикланган маънавий қадриятлар, кенг очилган эътиқод имкониятлари янги Ўзбекистонда инсон қадри нақадар юксак даражага кўтарилганининг ёрқин мисолидир. Бу ишлар маърифат, бағрикенглик ва эзгулик тамойиллари атрофида бирлашган халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлайди.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз таълимотларида инсон учун энг улуғ саодат тинчлик-осойишталик, тансиҳатлик ва хотиржамлик эканини алоҳида таъкидлаганлар:
“Сизлардан ким аҳли-оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик егулиги бор ҳолда тонг оттирса, гўёки унга бутун дунё тўлалигича берилибди” (Имом Термизий ривояти).
Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва эмин-эркинлик мана шундай улуғ саодатнинг амалий ифодасидир.
Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз истиқлолини абадий, тинчлигимизни барқарор айласин! Юртимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган Президентимиз ва барча мутасаддиларга куч-ғайрат, мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар ёр бўлсин. Эл-юртимиз аҳил-иноқлиги, хонадонларимизнинг қут-баракаси ҳеч қачон аримасин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби