Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳазратларининг аҳли илмларга мурожаати эълон қилинди. Мазкур мурожаат бугунги куннинг энг долзарб мавзуси – аҳли илмнинг одоби масалаларига бағишланди. Ҳеч кимга сир эмаски, юртимизга интернет тизими кириб келиши билан барча соҳа вакиллари қатори Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган илм аҳли ҳам ижтимоий тармоқларнинг имкониятларидан фойдалана бошладилар. Албатта, интернет тармоғи бу соҳа вакиллари учун ҳам жуда катта имкониятлар эшигини очди, лекин шу билан бир қаторда бу тизимдан фойдаланишнинг салбий томонлари ҳам кўзга ташлана бошлади. Шулардан бири муфтий ҳазратлари ўз мурожаатларида тўғри таъкидлаганларидек, ижтимоий тармоқларда аҳли илм орасида, “Кейинги пайтларда дилни хира қиладиган фойдасиз тортишувлар, низолар авж олди. Бу каби тортишувлар инсонни фойдали илм олишдан узоқлаштириб, умрни беҳуда ўтказишга сабаб бўлади. Энг ёмони ушбу тортишувлар диний мавзулар атрофида бўлаётганидир. Ижтимоий тармоқларда кўрсангиз, диний мавзудаги тортишувлар, мунозаралар кўпайиб кетди. Бу ўз навбатида инсонлар орасида турли тушунмовчиликларга сабаб бўляпти”
Муфтий ҳазратларининг бу гапларини тинглар эканмиз, беихтиёр Улуғ бобомиз Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳазратларининг “Маҳбуб ул-қулуб” асарларидаги қуйидаги сатрлар эсга тушади: “Воиз керакки, «қолаллоҳ» (“Аллоҳ шундай деган” деб) сўз айтса ва «қола Расулуллоҳ» (“Расулуллоҳ шундай деганлар” деб) мухолафатидин (келишмовчиликдан) қайтса, Худо ва Расул йўлиға қадам урса. Ўзи киргондин сўнгра насиҳат била элни ҳам кивурса. Юрумагон йўлга элни бошқармоқ, мусофирни (сафар қилувчини) йўлдин чиқормоқдур ва биёбонға кетурмак ва бодияда (чўл-биёбонда) итурмакдур (адаштирмоқдир). Усрукки (мастки), элга буюрғай ҳушёрлиқ – уйқувчидекдурки (уйқуда ётган кишиким), элга буюрғай бедорлиқ. Уйқусида сўз деган жевлигон (алжираган) бўлур ва дегондек қилмоқ не дегон бўлур”.
Дарҳақиқат, ижтимоий тармоқларда баъзида арзимаган мавзуларни кўтариб чиқиб, яна уни асоссиз кўпиртириб, ўзаро илм аҳлига хос одоб билан баҳс-мунозараларда ҳал этиш мумкин бўлган муаммони ҳам кўпчилик ҳукмига ҳавола этиш, энг ёмони бунда бир-бирини обрўсизлантирувчи хатти-ҳаракатлар ва гап-сўзлардан сақланмаслик ҳоллари кўзга ташланмоқдаки, бу ҳазрат Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, маст одам кишиларни ҳушёрликка чақириши ёки уйқудаги одам кишиларни бедорликка чақириши билан тенгдир.
Муфтий ҳазратлари мурожаатларида давримиз айрим илм аҳли орасида авж олган яна бир оғриқли ҳолат – ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётган мунозараларда “фиқҳул воқеъ” – воқеълик фиқҳи талабларига амал қилмасликдир. Маълумки, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида турли ёш, турли билим, турли қараш, турли дин, турли тушунчага эга кишилар бўлади. Шунинг учун ҳам айрим масалаларни ижтимоий тармоқларга олиб чиқиш, бу борада ўзаро ҳурмат доирасидан ташқарига чиққан ҳолда бахс-мунозараларни уюштириш ўзини аҳли илм санаган кишига ярашадиган иш эмас. Зеро, “фиқҳул воқеъ” асосида уюштирилган мунозара одоби, муфтий ҳазратлари таъкидлаганларидек, ният холис бўлиши, мунозарада ўта эҳтиёткор бўлиш, мунозаранинг хилватда бўлиши, мунозара учун етарли билимга эга бўлиш, мунозара чоғида сабрли бўлиш, ўзи билан мунозара қилувчининг ким эканлигини яхши билиш кабиларни ўз ичига олади. Ана шундагина кишилар, айниқса, илм аҳли орасидаги мунозарадан ҳар икки тараф ҳам, халқ ҳам манфаатдор бўлади. Бундай мунозара, шубҳасиз, илм ривожига улкан ҳисса қўшади. Шу ўринда яна ҳазрат Алишер Навоийнинг бу борадаги ўгитлари ёдга тушади: “Ваъз бир муршид ва огоҳ ишидур ва анинг насиҳатин қабул этган мақбул кишидур. Аввал бир йўлни бормоқ керак, андин сўнгра элни бошқармоқ керак. Йўлни юрмай кирган итар ва ғайри мақсуд ерга етар”, – деб ёзади у зот “Маҳбуб ул-қулуб” асарида.
Муфтий ҳазратларини ташвишга солган ҳолатлардан яна бири ижтимоий тармоқлар орқали бўлаётган тортишувларда айрим илм аҳлининг дин номидан гапира туриб, насиҳат қила туриб, ўта қўпол, дағал, ҳатто ҳақоратомуз сўзлардан фойдаланишларидир. Муфтий ҳазратлари ҳазратлари бу ҳақда фикр билдирар эканлар: “Насиҳат юмшоқлик ва мулойимлик билан олиб борилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўпол, дағал гапирувчи, ҳақорат қилувчи Зот бўлмаганлар. Минг афсуски, Аллоҳ номидан гапириб, ҳақорат қилиб юборишлик, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан гапириб, фаҳш сўзларни ишлатиб даъват қилишликларни ҳам эшитиб қоляпмиз. Аллоҳ Ўзи кечирсин. Динимиз шундай гўзал, шундай маданият устига қурилганки, оғзимиздан бирорта фаҳш сўз чиқмаслиги керак”, – дея таъкидлайдилар. Дарҳақиқат, бугун масжидлар минбаридан, бошқа жойдан туриб халққа ваъз айтаётган, насиҳат қилаётган ҳар бир аҳли илм бу ҳолатга йўл қўймаслиги, ҳар қандай вазиятда ҳам ўта босиқлик, мулойимлик, ширинсўзлик, билимдонлик билан насиҳат қилиши керак.
Сўзимизга якун ясар эканмиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг аҳли илмларга мурожаати айни вақтида қилинганлигини, унда айтилган ҳар бир фикр барчани ўйлашга, хулоса чиқаришга ундаши, бугун бу соҳада фаолият юритаётган ҳар бир аҳли илм бу фикрларни чуқур ўрганиб, уларга амал қилиши лозимлигини таъкидлашни зарур деб топдик. Зеро, аҳли илмларнинг ҳар бир сўзи халқимиз томонидан энг тўғри сўз сифатида қабул қилинади. Бас, шундай экан, ҳар биримиз оқибатни ўйлаб, айтадиган ҳар бир сўзимизни ақл тарозисида ўлчаб, кейин баён этишга киришсак, фақат ўзимизнинг эмас, бошқаларнинг фикрини ҳам эшитишни, мулоҳаза қилиб кўришни ўргансак, бу мурожаатда билдирилган салбий ҳолатларнинг олди олинган бўлар эди.
Фарғона вилояти бош имом хатиби ўринбосари
Алишер домла Наимов
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов билан суҳбат
– Ассалому алайкум. Бугунги суҳбатимизни инсон ҳаётида муҳим ўрин тутадиган, одамни борига рози бўлиб, йўғига сабр қилишга ундайдиган гўзал фазилат – қаноат ҳақида гаплашсак. Аввало, қаноат деганда нимани тушунамиз?
– Ваалайкум ассалом вараҳматуллоҳи вабаракотуҳ. Қаноат – инсонга берилган неъматларни қадрлаш, Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлиш, бор нарсага шукр қилиш ва ҳалол йўл билан ҳаёт кечиришдир.
Қаноат – бу қўл қовуштириб ўтириш, меҳнат қилмаслик, бирор касбнинг бошини тутмаслик ёки “борига шукр” деб тараққиётдан ортда қолиб кетиш эмас. Мусулмон киши, ҳадиси шарифда таъкидланганидек, дунё ишларида ҳаракат қилади, ризқини излайди, касб-ҳунар ўрганади, оиласи учун меҳнат қилади. Аммо қалбида: “Менга берилган неъматнинг эгаси Аллоҳ таолодир”, деган эътиқодда бўлади.
Инсон қанча бой бўлмасин, агар қалбида қаноат бўлмаса, ўзини камбағал ҳис қилиши мумкин. Аксинча, мол-дунёси кўп бўлмаган инсоннинг қалби хотиржам, шукр қилувчи бўлса, у чинакам бойдир. Шу боис уламолар қаноатни қалбг бойлиги, деб таърифлашган.
– Ислом дининг асосий манбалари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда қаноат ҳақида нима дейилгани ҳам ўқувчиларга қизиқ, албатта.
– Ҳа, шундай. Ислом таълимотида қаноат улуғ фазилат ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасас сураси, 77-оят), деб марҳамат қилган.
Ислом дини инсонни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахт-саодатга эриштирувчи дастуриламал, ҳаёт манҳажидир. Аммо динимизнинг асл моҳиятини, унинг таълимотлари барча замон ва маконларга мувофиқ келишини англаб етмаган кишилар уни таркидунёчиликка айлантириб қўядилар, динга амал қилиш учун дунёдан ажралиб чиқиш керак, деб ҳисоблайдилар. Ваҳоланки, Парвардигори олам инсонга ато қилган барча неъматлари ҳам охиратни, ҳам дунёдаги насибани излаш воситаси эканини айтмоқда.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, парҳезкор бўл, одамларнинг обидроғи бўласан. Қаноатли бўл, инсонларнинг энг бойи бўласан. Ўзингга ёққанини одамлар учун ҳам яхши кўр, мўмин бўласан. Қўшнингга яхшилик қил, муслим бўласан. Кулгини кўпайтирма. Чунки кулгининг кўпи қалбни ўлдиради”, дедилар (Имом Ибн Можа, Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонни ўзига берилган неъматларни қадрлашга тарғиб этганлар.
Баъзан инсон ўзидан бойроқ кишига қараб: “Унинг машинаси бор, уйи катта, кийими яхши, имконияти кўп”, деб ўзини камбағал ҳис қилади. Лекин ўзидаги неъматларга қарамайди. Бошқа бир инсон эса касал бўлиб ётибди, соғликка муҳтож. Яна бири фарзандли бўлишни орзу қилади. Демак, биз кўпинча ўзимизда бор нарсаларнинг қадрини уларни бой бергачгина англаб етамиз. Шу боис мўмин инсон ҳар куни: “Аллоҳ таоло менга қанча неъматлар берган-а. Ўзига шукр”, деб ҳамду сано айтиши керак.
– Демак, қаноат инсоннинг бахтли яшашига ҳам сабаб бўлар экан-а?
– Албатта. Қаноат билан бахт ўртасида катта боғлиқлик бор. Бугунги кунда инсоннинг кўзи кўп нарсага тушади. Телефон, интернет, ижтимоий тармоқлар орқали бошқаларнинг ҳаётини кўрамиз. Кимдир янги машина харид қилганини, кимдир янги иморат қурганини, кимдир чет элга саёҳат қилганини кўрамиз.
Агар инсон ўз ҳаётини доимо бошқаларнинг ҳаёти билан солиштираверса, қалбида норозилик пайдо бўлади: “Нега менда йўқ? Нега унда бор? Нега унинг ҳаёти яхши?” деган саволлар кўпайиб боради. Бу эса инсоннинг хотиржамлигини йўқотади.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёвий масалаларда инсон ўзидан пастроқ ҳолатдаги кишиларга қарашини ўргатганлар. Яъни инсон ўзидан бойроқ кишига қараб ҳасрат қилмасдан, ўзидан камроқ имкониятга эга бўлган кишиларни кўриб, Аллоҳнинг неъматларига шукр қилсин.
– Айримлар қаноатли кишининг ҳаётга интилиши паст, деб тушунадилар. Бунга динимиз қандай қарайди?
– Бу қаноат тушунчасини нотўғри англашдан келиб чиқади. Мусулмон киши меҳнаткаш бўлиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳнат қилишга, ҳалол ризқ топишга тарғиб этганлар.
Деҳқон ерга уруғ сепиб, кейин “Аллоҳ ризқ беради”, деб уйида ўтирмайди. У ер ҳайдайди, уруғ сочади, суғоради, меҳнат қилади ва натижасини Аллоҳдан кутади. Тадбиркор ҳам ҳаракат қилади, талаба ўқийди, ҳунарманд ҳам меҳнат қилади. Қаноат шу ҳаракатдан кейин инсоннинг қалбидаги ҳолатдир. Яъни, қўлимиз меҳнатда, қалбимиз Аллоҳга боғланган бўлиши керак.
– Бугунги ёшлар орасида “кўпроқ пул топиш”, “бой бўлиш”, “қиммат машина олиш” каби мақсадлар кучайиб бормоқда. Бу ҳолатга қандай муносабат билдирасиз?
– Мол-дунёга эга бўлиш ёмон эмас. Ислом бойликни ҳаром қилмаган. Ҳаром қилингани – бойликнинг инсон қалбини эгаллаб олиши, уни ҳаромга бошлаши ва Аллоҳ таолонинг зикридан, тоат-ибодатидан унуттиришидир.
Ҳалол меҳнат билан бойиган инсон жуда кўп хайрли ишлар қилиши мумкин. Камбағалларга ёрдам беради, масжидлар ва мадрасалар қуради, илмга хизмат қилади, етимларни қўллаб-қувватлайди. Мол-дунё қўлда бўлса – неъмат, қалбда бўлса синовдир.
Ёшларимизга шуни ўргатишимиз керак: катта мақсад қўйиш мумкин. Аммо мақсад ҳалол бўлиши керак. Ризқ ҳалол бўлиши керак. Меҳнат ҳалол бўлиши керак. Энг муҳими, инсон дунёвий мақсадга эришаман деб охиратни бой бермаслиги лозим.
– Фарзандларимизга қаноатни қандай ўргатишимиз мумкин?
– Энг яхши тарбия намуна бўлишдир. Ота-она “қаноатли бўл” деб, ўзи доимо бошқаларнинг мол-дунёсини муҳокама қилиб юрса, бола гапга эмас, амалга қарайди. Фарзандларимизга кичиклигидан: “Нон – неъмат. Уни исроф қилма”, “Ота-онангнинг меҳнати қадрига ет”, “Бошқаларга ҳасад қилма”, деган тушунчаларни сингдириш керак.
Боланинг истаган ҳамма нарсасини муҳайё қилавериш тўғри эмас. Чунки инсон хоҳлаган нарсасига осонгина эришаверса, берилган неъматнинг қадрини билмай қўйиши мумкин. Баъзида фарзандга: “Ҳозир имконимиз йўқ, сабр қиламиз”, дейиш ҳам тарбия, ҳам унинг қаноатли бўлишига замин яратади.
– Қаноат билан тақдирга рози бўлишни қандай тушунтирган бўлардингиз?
– Мўмин киши Аллоҳ таолонинг тақдирига иймон келтиради. Лекин тақдирни баҳона қилиб, ўзининг зиммасидаги вазифаларини ташлаб қўймайди. Касал инсон: “Тақдир экан”, деб даволанишдан воз кечмайди. Ризқ излаётган киши меҳнат қилишни ортга сурмайди. Талаба ўқишни тўхтатмайди. Биз сабабларни қиламиз, натижасини Аллоҳдан кутиб яшаймиз. Агар натижа биз кутгандек бўлмаса, “Нега бундай бўлди?” деб Аллоҳнинг тақдирига норози бўлмаймиз. Мана шу ҳолат инсон қалбига катта хотиржамлик беради.
– Сўнгги савол: инсон қаноатли бўлиши ва шу фазилатга эга бўлиши учун нима қилиши керак?
– Бунинг учун, аввало, шукрни канда қилмаслиги керак. Ўзини ҳадеб бошқалар билан солиштирмаслиги зарур. Чунки ҳар кимнинг тақдири, ризқи ва ҳаёт йўли ҳар хил бўлади.
Ҳалол меҳнат қилиб, исрофдан тийилиши шарт. Инсон кўп нарсага эга бўлиш билан бахтли бўлиб қолмаймиз. Керакли нарса билан кифояланишни ўрганишимиз лозим.
Эҳтиёжманд инсонлар ҳолига қараш керак. Инсон ўзидан камроқ имкониятга эга кишиларни кўрса, ўзининг неъматларини янада чуқурроқ ҳис қилади.
Аллоҳ таоло билан муносабатимизни мустаҳкамлашимиз шарт. Намоз, дуо, Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор инсоннинг қалбини поклайди. Қалби Аллоҳга боғланган инсон дунёвий нарсаларга ҳаддан зиёд боғланиб қолмайди. Ва ўшанда қиноат битмас хазина эканини англаб етади.
Т.НИЗОМ суҳбатлашди.