frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Экстремизм исломга ёт тушунча

22.09.2022   3994   4 min.
Экстремизм исломга ёт тушунча

XX-асрнинг охирларига келиб дунёдаги кўплаб халқларнинг истилоҳида экстремизм деган атама пайдо бўлди. Минг афсуски, айниқса бу атамани дин билан, хусусан Ислом дини билан боғлаб тилга олиш одатга айланди. Хўш, экстремизм ўзи нима? Уни Ислом билан боғлашнинг замирида қандай сабаблар ва мақсадлар ётибди?

Маълумки, экстремизм ва терроризм маънавий таҳдидларнинг бир тури бўлиб, ундан фойдаланувчи шахслар ёки ташкилотлар ўзларига мансуб бўлган тарафдорларини радикал ҳаракатларга чорловчи, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни издан чиқаришга интилувчи, мавжуд конституцион тузумни ағдариб ташлашга даъват этувчи тажовузкор сиёсий фаолиятидир. Шу каби тажовузкор ҳаракатлар гарчи экстремизм деган ном билан аталмасада, тарихда турли номларда кўп маротаба кузатилган.

Ўтган асрда кўплаб мусулмон халқларнинг исломнинг асл моҳияти ҳақидаги маълумотлардан узоқлашиши унинг тинчлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик ғояларидан бебаҳра қолишига олиб келди. Мустақиллик туфайли диний эркинликка эришган халқимизнинг динга бўлган қизиқиши ортиб борди. Айни шундай паллада соф диний билимларнинг етарли эмаслиги ҳамда турли ташқи кучларнинг ғаразли таъсири туфайли динни нотўғри талқин қилиш, сиёсий мақсадларга динни ниқоб қилган ҳолда интилиш ҳоллари авж олди. Бу ҳаракатлар аксар ҳолда экстремистик ҳарактерда намоён бўлиб бориши “диний экстремизм” тушунчасининг кенг қўлланишига замин бўлди.

Экстремистик кайфиятдаги шахс диндан дунёвий давлатга қарши курашда фойдаланади. Унга кўра, гўё ҳозирги кундаги барча мусулмонлар исломий моҳиятини йўқотганлар ва жоҳилият асрида яшамоқдалар. Бундай ёндашув ҳукумат ва унинг олиб бораётган сиёсатини кескин танқид қилиш учун гўёки асос бўлиб хизмат қилади. Ўзидан бошқани “ҳақиқий мусулмон” санамайдиган экстремистлар ҳокимиятга келиш ва “исломий тартиб”ни қарор топтиришнинг ягона йўли кескинликни келтириб чиқариш ва жангарилик йўли билан ҳукуматни босиб олиш лозим деб ҳисоблайди.

Аслида эса экстремизм ғоя тарафдорларининг асосий мақсади диний қадриятларни қайтадан тиклаш эмас, балки ана шу ғоялардан фақат восита ва ниқоб сифатида фойдаланиш орқали минтақада беқарорликни, диний ва миллатлараро низоларни вужудга келтириш, иқтисодиётни турли йўллар билан издан чиқариш ва иқтисодий инқирозни юзага келтиришдир. Бу йўлда улар ҳар қандай разиллик ва жиноятлардан тап тортмайди.

Ҳозирги кунга қадар турли номдаги экстремистик ташкилотлар томонидан инсоният ёки жамият манфаатларига хизмат қиладиган бирон бир иншоот, мактаб, масжид ёҳуд бошқа бир ижтимоий объект бунёд қилингани ҳақида эшитилмаган. Бунинг акси ўлароқ, улар томонидан бузиб ташланган мактаблар, портлатилган масжидлар, босиб олинган иншоотлар, ўлдирилган бегуноҳ инсонлар ҳақидаги хабарларгагина дунё аҳли гувоҳ бўлган.

Айни шу каби ҳолатлар, эзгуликка чақирувчи муқаддас динимиз шаънига ноўрин таъна тошлари отилишига, унинг пок номини экстремизм каби разил иллатга билан бирга тилга олинишига олиб келмоқда. Ваҳоланки, “ислом” сўзининг ўзаги “салом” сўзидан олинган. Яъни, тинчлик ва саломатлик маъноларини англатади. Ислом дини нафақат инсоннинг ўзи, балки ўзга одамларга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, қўйингки, барча мавжудотга нисбатан раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Ислом зўравонлик, қўпорувчилик ва тажовузкорликни ҳеч қачон оқлаган эмас ва оқламайди ҳам. Қуръони каримнинг Моида сураси 32 – ояти мазмунида шундай дейилади: “Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди”.

Бундан ташқари, экстремистик кайфиятдаги шахс, бошқа конфессияларга, уларнинг вакилларига нисбатан тоқатсиз ва муросасизлигини намоён қилади. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким аҳли зиммадан бир кишининг ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди. Албатта, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб турар”, деган ва “Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ундан ўз розилигигиз бир нарса олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан” деган ҳадисларининг ўзи бу масалада кифоя қилади.

Хулоса қилиб айтганда, ақлли ҳар бир инсон динимизнинг тинчликсевар, мўътадил таълимот эканини, у ҳеч қачон қон тўкиш, уруш оловини ёқишни ёқламаслигини яхши билади. Шулардан келиб чиққан ҳолда тўлиқ ишонч билан айтишимиз мумкинки, экстремист ва террорчилар қилаётган ишларининг покиза ислом динига асло алоқаси йўқдир!

Эргашали Рустамов,

Чилонзор туман бош имоми

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Таниқли уламолар "Имом Бухорий" ордени билан тақдирланди

22.08.2026   34717   1 min.
Таниқли уламолар

Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва санъат соҳалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони эълон қилинди.

Бугунги куннинг энг қувончли хабари шуки, диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг жонкуяр меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!

Уларнинг ҳақ йўлдаги саъй-ҳаракатлари, маърифат тарқатишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак орден билан муносиб тақдирланди. Бу нафақат уларнинг шахсий ютуқлари, балки бутун диний-маърифий жамоамиз учун катта шараф ва чексиз қувончдир!!

"Имом Бухорий" ордени:

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков;

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур;

Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев;

Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бутун жамоаси, давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган азиз уламоларимиз ва фидоий ходимларимизни чин қалбдан, самимий муборакбод этади!

Сизларга Аллоҳ таолодан мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий ҳаётингизга файзу барака, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик тилаймиз. Келгуси хайрли фаолиятларингизда янада улкан зафарлар, эзгу мақсадларингизга эришишда доимий муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз!

Ҳамиша элу юртнинг дуосида бўлиб, динимизга, Ватанимизга хизмат қилиш шарафи бардавом бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари