Илҳомжон домла Умаржон ўғли
Мўйи муборак Уккоша жоме масжиди
«Ихлос» сўзи луғатда «тозалаш», «холис қилиш» маъноларини англатади. Ихлоснинг шаръий истилоҳи – Аллоҳга ибодатни худди У зотни кўриб тургандек қилишдир.
Аллоҳ таоло бу ҳақда: «Бас, Аллоҳга Унинг динига ихлос этган ҳолда ибодат қилгин. Огоҳ бўлинг! Холис дин Аллоҳгадир!» деб марҳамат қилган. Яъни, амалингда Аллоҳдан бошқани зинҳор мулоҳаза қилмагин. Ва яна: «Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка… буюрилган эдилар», деган.
Аллоҳнинг динига турли-туман нарсаларни, жумладан, ўзлари тўқиб чиқарган бидъат-хурофотларни аралаштириш гуноҳдир. Аллоҳнинг динига ихлос қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзини кўзлаб, Унинг розилигини ўйлаб ибодат қилиш билан бўлади.
Ихлос ибодатнинг мағзидир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: «Мен ширкдан беҳожатларнинг беҳожатиман. Бас, ким бир амал қилса-ю, унда Мендан бошқани ширк келтирса, Мен уни ҳам, ширкини ҳам тарк қилурман», деб айтган. Уламоларимиз амалларни учга тақсимлаганлар:
1. Амр қилинган амаллар. Буларни адо этишда Аллоҳнинг розилигини кўзлаш шарт. Агар ният сал бошқача бўлса, амал риёга айланади.
2. Наҳий қилинган – қайтарилган амаллар. Бундай амалларни ният қилмай тарк этса, уларнинг зараридан фориғ бўлинади, аммо савоб олинмайди. Аммо мазкур ишлар ният қилиб, Аллоҳнинг розилиги учун тарк этилса, ажр олинади.
3. Мубоҳ амаллар. Емоқ-ичмоқ, оила ҳаётига ўхшаш ишлар. Инсон бу амалларни ниятсиз қилса, ажр олмайди. Аммо Аллоҳнинг розилигини топиш ниятида қилса, ажр олади. Аллоҳнинг розилигини кўзлаб ният қилиш билан ҳар бир мубоҳ амал ибодатга айланади. Масалан, ибодатга қувват бўлсин, деган ниятда таом тановул қилиш ҳам ибодат бўлади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Одамлардан Аллоҳга бир томонлама ибодат қиладиганлари ҳам бор. Агар унга яхшилик етса, кўнгли тўлур. Агар унга бало етса, юз ўгириб кетур. У дунёда ҳам, охиратда ҳам зиён кўрур. Ана ўша очиқ-ойдин зиёндир".
Демак, Исломда ихлос ниҳоятда зарур! Ҳидоят йўлига тушган одам Аллоҳга фақат ихлос билан ибодат қилиши керак. Аллоҳни кўриб тургандек ҳис билан, сезги билан яшаб, ўша ҳолатда туриб амалларни адо этиши керак. Яратган зотнинг талаби шу! Холис ният билан қилган амалингни паст санама! Ихлос билан қилинган озгина амал ҳам кўпдир!
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди
имом-хатиби Суфиев Жаъфархон