Еру осмонларнинг Парвардигори Аллоҳ таоло инсонларни яхшилик йўлида ҳамкорлик қилишга чақириб, Каломида шундай хитоб қилади:
وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَىٰ ۖ وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ
Яъни, “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг”. Моида сурасининг 2-оятидаги ушбу мўъжазгина жумла дунёдаги барча ҳамкорликлар учун асосий қоида бўлиб ҳисобланади. Муфассир уламолар бу оятни жуда кенг маънолар билан тафсир қилганлар. Шулар жумласидан, ҳар бир киши ўзидаги бор нарса, бор имконият билан бошқаларга яхшиликни улашсин, ёрдам берсин. Олим илми билан, бой моли билан ва ҳакозо. Ушбу маънони Пайғамбаримизнинг: “Инсонларнинг энг яхшиси – ўзгаларга манфаати кўпроғидир” мазмунидаги ҳадислари янада таъкидлайди.
Бугунги безовта дунёнинг турли тарафларида нотинчликлар, турли низо-ю жанжаллар авж олган бир пайтда заминимизнинг сайқали Самарқанд шаҳрида ер юзи аҳолисининг қарийб ярми яшаётган мамлакатлар раҳбарларининг хайрли мақсадларни ўз олдига қўйган ҳолда, халқларнинг манфаатларини рўёбга чиқаришни кўзлаган ҳолда йиғилиши муболағасиз Яратувчининг мазкур чақириғига ҳамоҳангдир. Зеро, ушбу саммитда жуда кўплаб битимлар ва келишувлар имзоланиши умид қилинмоқдаки, уларнинг рўёбга чиқиши халқлар фаровонлиги учун хизмат қилади, иншааллоҳ.
Расулуллоҳ алайҳиссалом пайғамбар бўлишларидан олдин жоҳилият даврида «Ҳилфул фузул» деган бир шартномада иштирок этдилар. Бу шартнома у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гувоҳ бўлган энг аҳамиятли келишувлардан эди. Сийрат китобларида ушбу битим инсонларга зулм қилинишининг олдини олиш, кишиларни ҳаққига эриштириш мақсадида тузилгани батафсил ривоят қилинган. Шунинг учун ҳам бу шартнома араблар орасида «Ҳилфул фузул», яъни «Ёрдам берувчилар шартномаси» дея машҳур бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу шартнома билан фаҳрланар ва кўпинча унда иштирок этганларни эслардилар. Ҳатто Пайғамбар бўлганларидан кейин шундай марҳамат қилган эдиларки: —“Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида бир шартномага иштирок этган эдим. Агар ҳозир ҳам шундай бир шартномага таклиф қилинсам, албатта иштирок этардим”.
Ушбу ривоят ҳам шуни англатадики, Ислом дини дунёнинг ободлиги, юртларнинг тинчлик-барқарорлиги, халқларнинг фаровонлиги йўлидаги шундай саммитлар ва анжуманларни доимо қўллаб-қувватлайди. Мусулмонларни бу каби ишларда фаол иштирокчи бўлишга ундайди.
Муҳаммадюсуф Хушвақтов
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати