Салкам 3 минг йиллик тарихга эга қадим ва ҳамиша навқирон Самарқанд доимо бутун дунёнинг эътиборида бўлиб келган. Тарихчилар уни Ер юзининг сайқали дея таърифлаган бўлса, шоирлар у ҳақда ашъорлар битишган. Олимлар ўз асарларида бу шаҳарнинг номини тилга олиб, етти иқлимга машҳур ҳавоси, нонига юксак баҳо берган.
Ана шундай кўҳна Самарқанд 14–16 сентябрь кунлари жуда катта тадбирга мезбонлик қилмоқда. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари, ҳукумат вакиллиари, синчилар, сиёсатшунослар бирин-кетин Ер юзи сайқалига ташриф буюришмоқда.
Ташриф арафасида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» сарлавҳали мақоласи дунё матбуотидан муҳим ўрин олди. Ушбу мақола бир нечта чет давлатларда хорижий тилларда эълон қилинди.
Ҳурмали Юртбошимиз ўз мақоласида: «ШҲТ ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим», дея таъкидлади.
Дарҳақиқат, дунёнинг 3.5. миллиард аҳолиси яшайдиган давлатлар ушбу ташкилотга аъзо. Демак. Ҳажон аҳолисинигн ярми яшайдиган бу ташкилот ҳам тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга бел боғлаган.
Муқаддас динимизда ҳам тинчлик юксак қадрланади. Тинчлик – энг бебаҳо неъмат. Зеро, тинчлик ва осойишталик барқарор бўлган юртдагина ислоҳотлар кутилган самарани беради, одамлар ўз ҳаётидан рози бўлиб, келажагига ишониб яшайди. Бугун юртимизнинг қайси ҳудудида бўлманг, бунёдкорлик устидан чиқасиз. Бу ҳам тинчлик неъматидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларига тинчлик ва омонлик ато этувчи Зот эканини баён этиб, бундай марҳамат қилади: «У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) Подшоҳ, (барча айб-нуқсонлардан) Пок, (бандаларига) тинчлик бахш этувчи, Омонлик берувчи, Кузатиб турувчи, Қудрат соҳиби, Бўйин сундирувчи ва кибр эгасидир. Аллоҳ (мушриклар) келтираётган ширкдан покдир» (Ҳашр сураси, 23-оят).
Омонлик ва тинчлик Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати эканини ҳар лаҳза ёдимизда сақлашимиз керак. Чунончи, бугунги дунёга теран разм солсак, айрим ҳудудларда кузатилаётган қонли урушлар, тўқнашувлар давлатларнинг иқтисодини издан чиқариб, одамларнинг сарсону саргардон ўз юртларини ташлаб, бошқа жойларга кўчиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Бизку – оддий бандалар. Ҳатто пайғамбарлар ҳм Аллоҳ таолодан тинчлик ва офиятни сўрашган. Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳга дуо қилар экан, аввало, Парвардигордан тинчликни, сўнгра тавҳидни сўраган. «(Эй Муҳаммад!) Эсланг, Иброҳим айтган эди: “Эй Раббим! Бу шаҳарни (яъни Маккани) тинч қилгин, мени ва авлодларимни санамларга сиғинишдан йироқ қилгин!» (Иброҳим сураси, 35-оят).
Юсуф алайҳиссалом эса ота-оналаридан Мисрда тинчлик қарор топгандан сўнггина унга киришларини сўрадилар: «Бас, (шаҳар ташқарисида чодирда кутаётган) Юсуфнинг ҳузурига кирганларида, у ота-онасини ўз бағрига босди ва “иншоаллоҳ, Мисрга тинч-омон киргайсиз”, – деди» (Юсуф сураси, 99-оят).
Мусо алайҳиссалом қўрққан пайтларида, Аллоҳ таоло у зотнинг қалбларига таскин бериб, тинч ва хавфу хатардан холи эканликлари ҳақида хабар берди: «“Асойингни (ерга) ташла!” Бас, қачонки, (Мусо) уни илондек қимирлаётганини кўргач, ортига қарамай қочди. (Унга дейилди:) “Эй Мусо, қайт ва қўрқма! Зеро, сен (хавфу хатардан) омонликдаги кишилардандирсан» (Қасас сураси, 31-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккани фатҳ этган кунда унинг аҳлига раҳм-шафқат кўрсатиб, мусулмонлар томонидан уларга тинчлик ва омонлик етишини хабар бердилар: “Ким Абу Суфённинг ҳовлисига кирса у омонда, Кимки қуролини ташласа у омонда, Ким масжидга кирса у омонда”, – дедилар.
Ҳудайбия сулҳида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир минг беш юз саҳоба бор эди. Макка аҳли билан тинчлик сулҳи битилди. Унинг бандида ўн йил уришмаслик, инсонлар шу муддат ичида бир бирларидан омонда бўлишлари қайд этилган эди. Тинчлик сулҳидан кейин жуда кўп инсонлар Ислом динини қабул қилдилар. Орадан икки йил ўтиб, маккаликлар аҳдномани буздилар. Макка фатҳига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўн минг саҳоба борди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбия сулҳида Макка мушриклари томонидан қўйилган барча инжиқ талабларни, гарчи бу ўзлари ва саҳобаи киромларга оғир ботса ҳам, қабул қилдилар.Чунки бу тинчлик сулҳи эди. Бунда Исломнинг асосий ҳадафи (мақсади) бўлган ўн йил урушмаслик битими қайд этилган эди.
Юқоридаги ояти карималар ва Набий алайҳиссалом даврларида бўлган воқеа-ҳодисаларни кузатиб, барча эзгуликлар, хайрлар тинчликда эканига амин бўламиз. Ўзи умримиз саноқлик йиллардан иборат. Шу умрни тинчлик-хотиржамликда ўтказишга нима етсин.
Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Кимки ўз уйида тинчликда, тани соғлом, бир кунга етадиган таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга бутун дунё неъматлари тўлиғича берилгандек бўлибди”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон томон раҳбарлик қилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити муҳтарам Юртошимиз таъкидлаганидек: “Самарқанд руҳи” бундан 20 йил аввал мамлакатларимизнинг давр талабларига мос, янги ташкилотни яратишига туртки берган “Шанхай руҳи”ни уйғун равишда тўлдириб туради”.
Бу саммит ташкилотнинг ва ташкилотга аъзо барча давлатларнинг янада жипслашишига, янгидан-янги ғоялар, ташаббуслар билан тарихда қолишига хизмат қилади, иншоаллоҳ.
Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Мен қийналган кишиман», деди. Яъни, оч эканини билдирди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирига овқат сўраб одам юбордилар. «У зотни ҳақ ила жўнатган зотга қасам ичиб айтаманки, уйимда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ!» деди у.
Худди шундай қилиб барча хотинларига овқат сўраб одам жўнатдилар. Уларнинг бари юқоридагидек жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кеча бу одамни ким меҳмон қилади, Аллоҳ унга раҳм қилсин», дедилар. Шунда ансорлардан бир киши туриб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Уни мен меҳмон қиламан», деди. Сўнгра уни уйига олиб кетди. Бориб хотинига бундай деди:
— Бу одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонлари. Унга таом ҳозирла!
Хотин деди:
— Болаларимизнинг овқатидан бошқа овқат йўқ.
Эр деди:
Болаларингни ухлатиб овқатни олиб кел. Меҳмон овқатга қўл узатганида чироқни ўчириб қўй. Биз қоронғида ўзимизни овқат еяётгандек кўрсатамиз. Аммо емаймиз. Меҳмон шунда озгина овқатга тўяди.
Улар шундай қилиб оч ухлашди. Меҳмон тўйди. Эрталаб улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришгач, у зот дедилар:
— Аллоҳ таоло сизнинг ишингиздан ажабланди. Сиз ҳақингизда Қуръон нозил қилди:
«Гарчи ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам (бошқаларни) ўзларидан устун кўрадилар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундай кишилар ҳа, ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Ҳашр сураси, 9-оят).
Дунё чархпалакдир. Замон айланиб туради. Бугун пулинг бор. Эртага йўқ, ишинг орқага кетади. Бугун фақирсан, аммо эртага бойиб кетишинг мумкин. Фақирлик айб эмас, бойлик фазилат эмас.
Муҳими қалбдаги нарсадир, чўнтакдаги эмас. Муҳими инсоннинг бойлик ва фақирлик пайтидаги ахлоқидир.
Тасаввур қиляпсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир аёллари уйидан овқат топилмаяпти! У киши Аллоҳнинг Расули бўлиш билан бирга давлат раҳбари ҳам эдилар. Уйларида сувдан бошқа ҳеч вақо йўғ-а?!
Фақирликни уқубат, бойликни эса мукофот деб ўйлашдан эҳтиёт бўлинг. Дунё бор-йўғи имтиҳон, холос. Имтиҳон саволлари қанчалар қийин бўлмасин, ўтириб қолманг.
Ақлли инсон бошқаларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Уларни қийин аҳволда қолдирмайди. Кишиларга эҳсон қилганингизда улар ўзини айбдор ва нуқсонли санашмасин!
Бемор кишининг фақирлигини билиб қолсангиз, у сўрашидан олдин аҳволидан хабар олишингиз оқилона ишдир. Баъзиларнинг иффати сўрашдан тўсади. Инъомнинг энг афзали инсонларнинг иффатни эҳтиром қилиб, обрўларини муҳофаза қилиб берилган инъомдир!
Эҳсон қилишнинг ҳам одоблари бор. Бир кишига ҳамманинг олдида садақа ёки эҳсон берсангиз, уни хижолатга қўясиз, иффатини жароҳатлайсиз, ожизлигини юзига солгандек бўласиз... Бунақа садақа-эҳсон қилгандан кўра, қилмаганинг афзалдир!
Юқорида келтирилган ансорийнинг одобига боқинг. Овқати озлиги учун хотинига чироқни ўчиришни буюрди. Мақсади меҳмонни хижолат қилмаслик эди. Чироқ ёниб турганида меҳмон овқатнинг камлигини кўриб, уялиб, овқат барчага етиши учун эҳтимол тўйиб ея олмасди.
Кишилардан ноқулайликни кетказиш ҳам уларни хотиржам қилишдир. Хотиржам қилиш эса, ибодатдир!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди