Тарихдан маълумки, илм-фан, маданият борасида дунё халқларининг ривож топиши, халқаро майдонда ўз ўрнига эга бўлишида бизнинг аждодларимиз қолдирган улкан илмий, маънавий мероснинг аҳамияти беқиёс. Буни бугун дунё тан олмоқда. Халқлар тинчлиги, юртлар ривожланишига бўлаётган хавф-хатарлар ортаётган бир вақтда аждодлари йўлидан бораётган бу ватан ва миллат дунёҳамжияти узра бугун ҳам бўй чўзмоқда.
Айни кунларда мамлакатимизда, хусусан, кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтадиган ШҲТнинг навбатдаги саммитига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. 15-16 сентябрь кунлари ўтадиган мазкур саммитда 15 давлат етакчиси, ўндан ортиқ халқаро ташкилот вакиллари, дунёнинг кўзга кўринган эксперт ва таҳлилчилари, сиёсатшунослар иштирок этиши кутилмоқда. Бу эса мезбон мамлакат учун фахр ва ифтихор бағишлаш билан бирга катта масъулиятни ҳам талаб этади.
Давлатимиз раҳбари томонидан, ШҲТ ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим, дея қайд этилди.
Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 13-оятида: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”, дея маълум қилган.
Бугун дунё халқлари ушбу оятнинг мазмуни остида бирлашишга ҳар қачонгидан ҳам кўра муҳтож. Ҳар бир шахс жамият учун фақат яхшиликни раво кўриши, ёмонликлардан тийилиши ва бошқаларга азият беришдан узоқда бўлмиши керак. Айниқса, мусулмон киши ўзига севимли бўлган нарсани бошқа биродарларига ҳам бўлишини яхши кўриши, яъни уларга фойда келтириш ва улардан ҳар қандай зарарни даф қилиши лозимдир. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Яхшиликка йўлловчи киши ўша яхшиликни қилувчи кабидир” дея марҳамат қилганлар.
Демак, мусулмон уммати азалдан ўзининг тинчликпарварлиги, ўзгаларга яхшилик ва меҳр улашиши, мусулмон халқлари ўзга халқлар билан бўлган халқаро муносабатларда ҳам барчага ибрат ва намуна бўлган. Шу кунларда юртимизда ўтказилажак Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити ҳам файзли ва катта янгиликларга эга ҳолда ташкил этилади. Саммитда қабул қилинадиган қарор ва имзоланадиган келишувлар дунёда тинчлик ҳукмрон бўлиши, халқ ва миллатларнинг фаровон яшаши, шу жумладан, Ватанимиз тараққиёти бунданда ривож топишига сабаб бўлажак, инша Аллоҳ!
Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати