Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда.
Вазиятнинг бундай таҳликали ўзгариб бориши республикамизда барча жонкуяр фуқароларидан ҳушёрлик ва огоҳликни кескин оширишларини тақозо этади. Тинчликни сақлаш хушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Афсуски, ҳаётимизда содир бўлаётган ноқонуний хатти-ҳаракатларни кўриб кўрмасликка оладиган, тинчликни сақлаш фақат давлатнинг иши деб ўйлайдиганлар, фарзандларининг тарбияси билан қизиқмайдиган ота-оналар ҳам борлигини қайд этиш лозим. Ватан оиладан бошланади. Оилада тинчлик бўлса, маҳалла, қишлоқ, шаҳар, вилоят ва ниҳоят мамлакатда осойишталик бўлади, юрт равнақ топади. Фарзандларимизнинг илмий савиялари, касбу-хунарлари билан ахлоқий фазилатларини ҳам ўстириб боришимиз керак. Ёш авлоднинг турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш тўғрисида ғамхўрлик фақат ҳукуматимиз ёки таълим муассасаларининг вазифаси эмас, балки ҳар бир ота-онанинг ҳам муҳим бурчларидан биридир.
Фарзандларимизнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланиб боришларини таъминлаб беришимиз ва назорат килишимиз лозим.
Афсуски, соғлом эътиқодни оёқости қиладиган ва муборак динимизни ўз манфаати йўлида қурол қилиб олган кимсалар борлиги бугун барчамизни ташвишга солмоқда.Маълумки, ақидапараст ва бузғунчи кучлар халқ рухиятини ичдан емириб, ҳалокатга бошлайди. Жамиятнинг ҳамжихатлигини бузади, халқни жар ёқасига олиб боради. Диний тушунчалардан усталик билан фойдаланиб,одамларга унинг асл моҳиятини бузиб кўрсатади. Шунингдек халқнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, оммани норозилик кайфиятида тарбиялайди. Ёшларни эса алдов йўли билан ўзининг жирканч қуролига айлантириб, жувонмарг қилади.
Ақидапарастлар фикрича ислом маърифатини ёйишнинг йўли фақат зўровонликдир. Шу йўлда улар жангариларни тайёрлаш ва қўпорувчилик билан инсонларга ваҳима солиш орқали ўз қора ниятларига етишни мақсад қилади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло : “(Эй Муҳаммад), Роббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!..” (Наҳл сураси 125-оят)
Бир ҳадиси шарифда: “Ёшликни ғанимат билинг, қарилик келишидан олдин”, дейилган. Шундай экан, умрни, ёшликни беҳуда ўтказмаслик зарур. Ҳар бир ота-она ўз фарзандини бахтли бўлишини истайди. Шундай экан, келажакни бугундан белгилаш лозим. Ҳозир дунёда руй бераётган воқеа-ҳодисалардан ўз вақтида хабардор бўлишимиз керак. Шундагина лоқайд ва бефарқ бўлмаймиз. Ҳушёрлигимиз янада ошади. Ёшларимизни юрт байроғини баланд кўтарадиган, фидойи, юртпарвар ва элпарвар инсонлар қилиб тарбияласак, юртимиз келажаги янада буюк бўлиши муқаррар.
Учқўрғон тумани
“Бузрукхўжа эшон” жоме масжиди имом хатиби
Жаҳонгир Тўлакбоев
Туркиянинг “CNN-Türk” телеканалида эфирга узатилган “Тафаккур доираси” дастурида сўзга чиққан таниқли олим, Миллий мудофаа университети ректори, профессор Эрҳан Афёнжу Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида фикр юритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Кўрсатувда қатнашган турк тарихчиси Эрҳан Афёнжу Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг энг гўзал шаҳарлари жойлашган алоҳида географик ҳудуд сифатида таърифлаган.
Олимнинг фикрича, жуда кўпчилик сайёҳлар Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўришни истайди. Чунки дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент каби шаҳарлар ана шу заминда жойлашган.
Турк тарихчиси ёшларга мурожаат қилиб, хорижга саёҳат қилишни, аввало, Туркий дунё мамлакатларини кашф этиш, аждодлар юрти билан яқиндан танишишдан бошлаш лозим эканини таъкидлади.
“Ёшларга тавсиям шуки, ҳозир хорижга саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, аввало Туркий заминни айланинг. Масалан, Ўзбекистонга бориб, тарихий шаҳарларни кўриб келинг, аждодларингиз юрти билан танишинг. Сўнг Салжуқийлар давлати барпо этилган заминларни кўринг”, – деди профессор.
Эрҳан Афёнжунинг таъкидлашича, бундай саёҳатлар ёшлар учун ҳар томонлама фойдали ва қизиқарли бўлиб, уларнинг тарихий хотираси ва дунёқарашини бойитади.
“Масалан, Самарқанднинг гўзаллигини дунёнинг кўп жойларида топа олмайсиз. Айниқса, турк ёшлари ўз аждодлари яшаган заминни бориб кўришлари лозим”, – деди олим.
Профессор Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг асосий бешикларидан бири, илм-фан маркази сифатида ҳам алоҳида эътироф этган.
Шунингдек, турк тарихчиси Ўзбекистоннинг нафақат тарихий ва маданий, балки географик жиҳатдан ҳам яшаш учун қулай ҳудуд эканини таъкидлаган.
Дастур давомида профессор билдирган фикр-мулоҳазалар Туркия жамоатчилиги орасида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, бой маданий мероси ва туризм салоҳиятига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати